Рамазон – ёрдамлашиш, едириш-ичириш ойи. Бу ойнинг ҳар куни ғанимат. Мўминлар рўзадорларга ифторлик учун катта дастурхон ёзмоқ ажридан умидвор ҳисси билан яшайди. Йил давомида эраша олмаган савобга ана шу бир ой ичида сазовор бўлиш мумкин. Чунки кўмагимиз туфайли ўзгалар ҳам неъматлар билан таъминланади.
“Бу ой Аллоҳ мўминнинг ризқини кўпайтирди”. Кундалик хаётимизда уйимиздаги умумий овқатланиш режаси жадвалини чизиб кўринг. Ўн бир ой ичидаги ейиш-ичиш ичишимиз билан рамазон ойидаги дастурхонимизни таққослаб кўрин.
Рамазон кирганда жадвал дархол ўзгаради. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам “Рамазон келиши билан мўъминнинг ризқи ортади, дастурхони файзу баракага тўлади”, деб айтганлар.
Аллома Мухаммад Зоҳид Қутқу ҳазратлари “Ризқ – бу инсон томоғидан ўтған луқмадир. Чўнтагидаги нарса эмас”, деган экан.
Ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмизки, рамазонда мўъминларнинг ризқи ортмоқда. Ифторликларда ҳар хил ноз-неъматлар, шарбату салқин ичимликлар, маваларнинг сархилидан тортиб ноёбигача борлиги дастурхонимизнинг кўрки ва безаги бўлмоқда.
Биламизки, “Асри саодат”да яшага саҳобаларнинг аксари жуда ҳам оғир аҳволда яшаган. Шу боис бир ривоятда келтирилади. “Ё Расулуллоҳ! Биз ифторлик берадиган, дастурҳон безатадиган ҳолатда эмасмиз “Уйида ейдиган-ичадиган ортиқча нарсаси бўлмаган кишилар нима қилади!” деб сўраганларида”
Пайғамабаримиз саллоллоху алайҳи васаллам: “Бир киши бир рўзадорга бир дона хурмо ёки бир қултум сув, ёхуд озгина сут берган бўлса, Аллоҳ у кишини савоб билан сийлайди”, деб мархамат қилган эканлар.
Дехқон ва боғбонларимизнинг самарали меҳнати эвазига халқимиз дастурхони тўкин-сочин бўлиб бормоқда.
Бу неъматларнинг шукронасини хар куни қилсак ҳам оз, албатта. Аллоҳ таоло бизни яхшиликларига мувоффақ айласин. Бу ойнинг файзу баракотидан, савобларидан, илоҳий неъматларидан, фойдаланишни хаммамизга насиб айласин.
А. СУЛАЙМОНОВ,
Марҳамат туманидаги “Марҳамат” масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман деб айтинг.
Ўғилчангизга атир сепсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга бу дунёдан хушбўйлик, аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман деб айтинг.
Фарзандингиз мактабга кетаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизга кулиб қараганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизни мақтасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхши сўз ҳам садақадир”, деганларини эслатинг.
Фарзандингизга ёши катта кексаларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас”, деганларини айтинг.
Шу тариқа фарзанд тарбиясини суннат ва сийратга боғлаб, ҳадислар асосида таълим-тарбия беринг.