Рамазоннинг ўзига хос файзу баракаси бор. Бу ойда нафсимиз ислоҳ топади, сабр-тоқатимиз синовдан ўтади. Бу ой фақат оч юриш, роҳат-фароғатдан тийилишдан иборат эмас. Бу ойда киши қалбидаги раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват туйғулари юксалади. Айниқса, чанқоқ ва очликни бошидан кечираётган кишининг қалби юмшаб, мулойим бўлади. Фақат ўз нафсини ўйлаб яшашдан тийилиб, муҳтож ва ночор кишиларни ўйлаб, уларнинг ҳолидан хабар олишни одат қилади. Муслим ва Термизий ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким бир мўминнинг дунё ишларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг машаққатларидан бирини енгиллатади. Ким қийналиб қолган муҳтожга ёрдам берса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратида ёрдам беради. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айбини яширади. Ким ўз биродарига ёрдам берса, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади”.
Ҳадиси шарифдан аён бўлаётирки, ҳар қандай яхшилик беиз кетмайди. Бетамаъ яхшиликнинг мукофоти бор. Бу ойда ибодат, тиловат, хайру эҳсонлар кўпаяди. Бойлар ва камбағалларнинг баробар рўза тутиб, таровеҳ ва ҳайит намозларини биргаликда адо этиши бир-бирига қалбларини яқинлаштиради, одамлар ўртасида якдиллик, бирлик ва бирдамлик вужудга келади. Айниқса, рўзадор кишилар биргаликда ифторга бориб, бир-бирларини иззат-икром қилишининг ўзи ҳам меҳр-мурувват ҳисси шаклланишига ёрдам беради. Бир донишманд мурувватни шундай таърифлайди: “Ақл сени энг фойдали ишга буюрса, мурувват эса энг чиройлисини қилишга ундайди”.
Демак, ақл инсонга яхши ва ёмон амални ажратиб, фарқлаб беради ва яхшисини қилишга йўл кўрсатади. Мурувват эса ўша амални янада чиройли бажаришга йўл кўрсатади. Бугунги кунда интернет ва мобил телефонлар одамларни бир-бирига улфат қилиш, узоғини яқин қилиш ўрнига уларни бир-бирларидан бегоналаштириб қўяётгандек. Ҳатто бир-бири билан кўришганда салом-аликдан нарига ўтмайдиган ҳолат пайдо бўлмоқда. Қайси бир суҳбатда бўлсангиз ўша суҳбатда, албатта, мобиль телефони ҳам “суҳбатдош” га айланмоқда.
Ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ҳар бир амалнинг баракаси ва хайрини янада оширади. Шунинг учун динимизда бир рўзадорнинг қорнини тўйғазишнинг ажр-савоби улуғлигини таъкидлаб қўйилган. Шунга ўхшаш хислатлари билан рўза ойи қалбларга ўзгача шукуҳ ва қувонч бағишлайди. Инсон нафсини тийиш орқали катта ажр-савоб олади, бир рўзадорга қувонч улашса ўзини бахтиёр ҳис қилади. Айниқса, ифтор вақти яқинлашганда қалбимиз ва нафсимизга ўзгача хурсандлик инади. Буни кўпчилик билан баҳам кўрилса, ажр-савоби улуғлигини тасаввур қилаверинг. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уйига меҳмон келмай қўйса хафа бўлиб йиғлар экан. “Нега йиғлаяпсиз”, деб сўралса: “Етти кундан бери меҳмон келмай қўйди, Аллоҳ мендан нафратланади, деб қўрқаман”, дер экан. Уйига меҳмон келса, ранжийдиган ва ўзига оғир оладиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳазрати Алининг меҳмон келмай қўйгандан хафа бўлишини бир ўйлаб кўрайлик. Ана шу ҳолатнинг ўзида ҳам меҳр-мурувват ва бошқаларга яхшилик қилиш ва шу орқали ажр-савоб топишга интилиш мавжуд. Рамазон ойининг рўзасини тутиш билан қалбимизни меҳр-муҳаббат туйғуси эгалласа, демак, рўзамиздан ўзимизга фойда етибди ва кўзлаган мақсадимизга эришибмиз.
Бобомурод ЭРАЛИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан