Мусулмонлар кун давомида емай, ичмай юришлари ва ифторликда нотўғри овқатланишлари натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган салбий асоратлардан сақланишлари зарур.
Бу борада, шифокорлар тавсия ЭТМАЙДИЛАР:
Бош кийимсиз тик офтоб остида юрмаслик. Бу эркак ва аёлларга бирдек тегишли.
Синтетикали ёпишиб турадиган кийим киймаслик.
Саҳарлик ва ифторликда қаҳва ва аччиқ чой ичмаслик, аччиқ ва тузли егуликлар емаслик. Зеро, бу маҳсулотлар ҳам ичимлик истеъмол қилишга бўлган хоҳишни кучайтиради.
Шакар, нон ва қандолатлар каби рафинадланган маҳсулотлар истеъмол қилмаслик.
Шифокорлар тавсия ЭТАДИЛАР:
Кенг, ҳаракатланишга ҳалақит бермайдиган, табиий матолардан тикилган кийим кийиш.
Салқин душ қабул қилиш.
Овқат истеъмол қилишдан аввал 1-2 пиёла сув ичиш. Овқатдан сўнг ҳам сув ёки кўк чой ичиш мақсадга мувофиқ. Енгил ва оддий овқатлар истеъмол қилиш зарур.
М.Зуфарова тайёрлади.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Миср Вақф ишлари вазири Шайх Усома Азҳарий, ислом оламидаги нуфузли ташкилот Мусулмон донишмандлар кенгаши Бош котиби Муҳаммад Абдуссалом ҳамда Озарбайжон диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Рамин Аламшаҳ ўғли Мамедов билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳамда алломалар меросини тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди. Шунингдек, мазкур йўналишларда алоҳида қонун, қарор ва махсус фармонлар қабул қилингани, жамиятимизда турли диний конфессиялар вакиллари орасида аҳил-иноқлик янада мустаҳкамлангани ва мўмин-мусулмонлар тоат-ибодат қилиши учун кенг имкониятлар тақдим этилгани алоҳида қайд этилди.
Мартабали меҳмонлар давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик йил сайин ривож топиб бораётганини таъкидлашди. Бугунги мураккаб даврда мана шундай халқаро ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш ва анжуманлар ташкил этишнинг аҳамияти катта эканига урғу қаратилди.
Учрашувда томонлар илмий тадқиқот, диний таълим, замонавий фатволар ишлаб чиқиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва диний соҳа ходимлари малакасини ошириш кабиларда ҳамкорлик қилишни кенгайтиришга келишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати