Қадим замонда сув, шамол ва ростгўйлик дўст бўлишар экан. Бир куни сув билан ростгўйлик шамолдан сўрашибди: "Эй шамол, сен жуда тез учасан. Агар сени топмоқчи бўлсак, қаердан қидирайлик?" Шамол: "Мени тоғлар орасидан топасиз", дебди. Кейин шамол билан ростгўйлик сувдан сўрашибди: "Сен жуда тез оқасан, агар сени қидирсак, қаердан топамиз?". "Мени абадий музликлардан изланг", дебди сув. Кейин шамол ва сув ростгўйликдан сўрашибди: "Ростгўйлик, сени-чи, агар қидирсак, қаердан топамиз?". Ростгўйлик дебди: "Мен кимнинг ёнида бўлсам, унда ажралмайман. Мени тарк этганларни ёмон кўраман. Агар мени йўқотган қайта топмоқчи бўлса, юрагининг тубидан изласин, лекин у ерга етиш жуда мушкул".
Эй одам, билгинки, ростгўйлигини йўқотган одамнинг қалби тоғлар орасидай чуқур ва абадий музликлардай совуқ бўлади.
Акбаршоҳ Расулов тайёрлади.
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Аллоҳ таоло бандаларига:
لا تقنطوا
"ноумид бўлманглар" деган.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига:
لا تياسوا
"ноумид бўлмангиз" деган.
Юсуф алайҳиссалом укасига:
لا تبتئس
"ташвиш чекма" деган.
Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
لا تخف
"қўрқма" деган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга:
لا تحزن
"маҳзун бўлманг" деганлар.
Ташвишли дамларда инсон қалбига хотиржамлик солиш илоҳий манҳаждур. Бас, шундай экан, доимо "алҳамду лиллаҳ" денг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ