Қадим замонда сув, шамол ва ростгўйлик дўст бўлишар экан. Бир куни сув билан ростгўйлик шамолдан сўрашибди: "Эй шамол, сен жуда тез учасан. Агар сени топмоқчи бўлсак, қаердан қидирайлик?" Шамол: "Мени тоғлар орасидан топасиз", дебди. Кейин шамол билан ростгўйлик сувдан сўрашибди: "Сен жуда тез оқасан, агар сени қидирсак, қаердан топамиз?". "Мени абадий музликлардан изланг", дебди сув. Кейин шамол ва сув ростгўйликдан сўрашибди: "Ростгўйлик, сени-чи, агар қидирсак, қаердан топамиз?". Ростгўйлик дебди: "Мен кимнинг ёнида бўлсам, унда ажралмайман. Мени тарк этганларни ёмон кўраман. Агар мени йўқотган қайта топмоқчи бўлса, юрагининг тубидан изласин, лекин у ерга етиш жуда мушкул".
Эй одам, билгинки, ростгўйлигини йўқотган одамнинг қалби тоғлар орасидай чуқур ва абадий музликлардай совуқ бўлади.
Акбаршоҳ Расулов тайёрлади.
2024 йил 26 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида амалий тадбирлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги ходимлари, туман ва шаҳарларнинг бош имом-хатиблари, Янгийўл тумани имом-хатиблари, отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойилар “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш, масжидни бошқариш, фаолияти ҳамда ҳужжат юритиш ишларини яқиндан ўрганиш, пешин намозларида долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилиниб, Ишчи гуруҳ тузилди.
Кун давомида Ишчи гуруҳ аъзолари Янгийўл шаҳрининг 2 та масжиди ҳамда 22 та маҳалласига бириктирилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари оилаларга кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Тарғибот тадбири давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Хусусан, Янгийўл туманидаги “Хонтўра ҳожи” жоме масжиди ҳудудида 100 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, “Эзгулик боғи” номли мўжаз боғ яратилди.
Зайниддин домла Эшонқулов кўчат экишда қатнашган имом-хатиблар ва маҳаллий аҳолисига юртимизда экологик барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишнинг аҳамияти ҳақида сўзлаш баробарида мазкур боғ айтилган сўзнинг амалий ифодаси бўлганини шаръий далил ва ҳаётий мисоллар билан тушунтириб, барчани бундай эзгу ишларга ҳисса қўшишга чақирди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Янгийўл тумани масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Тошкент вилояти имом-хатиблари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти 2024 йилнинг 12 декабрь куни Чиноз туманида ўтказилиши режалаштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати