Қадим замонда сув, шамол ва ростгўйлик дўст бўлишар экан. Бир куни сув билан ростгўйлик шамолдан сўрашибди: "Эй шамол, сен жуда тез учасан. Агар сени топмоқчи бўлсак, қаердан қидирайлик?" Шамол: "Мени тоғлар орасидан топасиз", дебди. Кейин шамол билан ростгўйлик сувдан сўрашибди: "Сен жуда тез оқасан, агар сени қидирсак, қаердан топамиз?". "Мени абадий музликлардан изланг", дебди сув. Кейин шамол ва сув ростгўйликдан сўрашибди: "Ростгўйлик, сени-чи, агар қидирсак, қаердан топамиз?". Ростгўйлик дебди: "Мен кимнинг ёнида бўлсам, унда ажралмайман. Мени тарк этганларни ёмон кўраман. Агар мени йўқотган қайта топмоқчи бўлса, юрагининг тубидан изласин, лекин у ерга етиш жуда мушкул".
Эй одам, билгинки, ростгўйлигини йўқотган одамнинг қалби тоғлар орасидай чуқур ва абадий музликлардай совуқ бўлади.
Акбаршоҳ Расулов тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Миянинг фикрлаш қобилиятини яхшилашга эришиш йўлларидан бири мияни етишмаётган витаминлар ва минераллар билан тўйинтиришдир. Маълумки, Е витамини мия фаолиятини яхшилайди. Имтиҳондан олдин кўпчиликка кўпроқ ёнғоқ ейиш ва сув ичишни маслаҳат беришади, чунки ёнғоқ таркибида Е витамин бор, бу хотирани яхшилайди. Е витамин тухум, жигарранг гуруч, яшил баргли сабзавотлар ва дон-уруғларда ҳам мавжуд. Қовоқ уруғлари айниқса асаб тизимининг ҳолатини яхшилаш учун фойдалидир, чунки уларнинг таркибида цинк мавжуд бўлиб, у ҳам Е витамини каби хотира ва фикрлашни яхшилайди. Кунига бир ҳовуч шунга ўхшаш уруғларни истеъмол қилиш цинкнинг кунлик эҳтиёжини қоплайди. Хотирани яхшилайдиган маҳсулотлардан бири Маврак, яъни Салвиадир.
Кейинги егулик ёғли балиқдир. У ёнғоқ ёғи каби ҳаётий муҳим омега-3 кислоталарини ўз ичига олади, уларнинг етишмаслиги хотира сусайиши ва альцгеймер касаллигига олиб келади. Ёғли балиқдаги ёд миқдори ақлий равшанликни яхшилайди ва бутун танани қўллаб-қувватлайди.
Донлар. Хонага кирганингизда нима учун келганингизни эслай олмасангиз, танишларингизнинг исмларини эслай олмасангиз, бу сигналдир – таомланиш тартибини ўзгартириш вақти келди. Донлар, кепак ва буғдойда Б6 ва Б12 витаминлари, шунингдек, фолий кислоталар мавжуд. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу витаминлар аёллар учун, айниқса ҳомиладорлик даврида жуда муҳим, чунки улар нафақат ҳомиладор онанинг соғлиғини мустаҳкамлайди, балки унинг қорнидаги чақалоқнинг асаб тизимининг яхши ривожланишига ҳам ҳисса қўшади. Нонуштада витаминлар билан бойитилган донларни тез-тез истеъмол қилинг. Б12 витамини ва фолий кислотаси паст бўлган одамларда альцгеймер, хотира билан боғлиқ касаллик икки бараварга кўпаяди. Б12 витамини ва фолий кислотаси организмда ҳомосистеин тўпланишини олдини олади, ҳомосистеиннинг даражаси Альтсгеймер касаллиги билан оғриганларда бир неча баравар юқори. Нонушта донлари нафақат витаминлар, балки мураккаб углеводларнинг ҳам бой манбаи бўлиб, улар бутун кун давомида энергияни оширади ва иш вақтида диққатни жамлашга имкон беради. Бироқ, бугунги кунда кўпчилик дўконларда сотиладиган замонавий нонушта донлари жуда кўп туз ва шакарни ўз ичига олади, шунинг учун қадоқдаги маълумотларни диққат билан ўқиб чиқинг.
Бута меваси. “Черника”нинг хусусиятлари узоқ вақтдан бери маълум бўлиб, масалан, неврология журналларидан бирида Тафтса университети томонидан ўтказилган тадқиқот нашр этилган, натижада Бута меваси – “Черника” экстракти хотираси паст бўлган беморларда баъзи воқеаларни эслаб қолиш қобилиятини тиклаши аниқланган.
Қора смородина ҳам шамоллаш пайтида фойдалидир, чунки унинг таркибида С витамини кўп, бу витамин ақлий ҳушёрликни яхшилайди.
Гулкарамга ўхшаш брокколи ва помидор каби сабзавотларда кучли антиоксидант бўлган ликопен мавжуд. Бизнинг танамиздаги ҳужайралар зарарланиши, саратон ва мия ҳужайралари ўлимини олдини оладиган элементдир. Брокколи когнитив функция, идрок, англаш, фикрлашни рағбатлантирадиган ва умуман мия фаолиятини яхшилайдиган К витамини ўз ичига олади.
Олимлар хотирани сусайтирадиган сабаблар қаторига гуноҳларни ҳам қўшадилар. Имом Шофеъий нафақат тақвоси ва илми билан, балки мукаммал хотираси билан ҳам машҳур эди. Унинг хотираси шу қадар яхши эдики, бозорлардан ўтса, ўзгаларнинг суҳбатини эшитмаслик, хотирасини кераксиз нарсалар билан тўлдирмаслик учун қулоқларини ёпишга мажбур бўларди. Бирор нарсани ёдида сақлаш учун уни фақат бир марта ўқиши кифоя эди. Аммо бир куни у биринчи марта ўқиганини эслай олмади. Имом Шофеъий устозига шу борада савол билан мурожаат қилди. Устози хотиранинг ёмонлашишига қилинган бирор гуноҳ сабаб бўлишини таъкидлади. Шундан сўнг Имом Шофеъий қандай гуноҳ қилган бўлишим мумкин деб ўйлаб кўрди ва тезда тавба қилди. Шундан сўнг, унинг хотираси аввалги ҳолига қайтди.
Мусулмон учун илм олиш истаги жуда ҳам муҳим бўлиб, илм олиш учун саломатликнинг ўрни беқиёс. Аллоҳ таоло танамизни бизга фойдаланиш учун берган ва уларга қандай муносабатда бўлганимиз учун жавобгар, масъулмиз. Фойдали билим олиш ва кўпроқ савобли амаллар қилиш йўлидаги тўсиқлар камайиб бориши учун танамизнинг соғлом ишлашига ёрдам берайлик.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.