Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Саховат – шукр аломатидир

3.06.2017   79157   7 min.
Саховат – шукр  аломатидир

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ  демасдилар.

Кимга  мол - дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан  инфоқ - эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).

Ҳазрат Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шоҳлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар”.

Саховат – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Ахир, карам билан сахони ҳам Аллоҳинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да. Бу тўғрисида Алишер Навоий ҳазратлари шундай дейдилар:

Буки санга Тенгри ато айлади,

Қисм карам бирла сахо айлади.

Жуду саховат чоғи бухл этмагил,

Шукр замони доғи бухл этмагил.

Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".

Сахийнинг Аллоҳга яқинлиги масофа маъносида эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик маъносидадир. Зеро, Аллоҳ таоло макон ва замондан пок Зотдир.

Одамларга яқин бўлиши деганда, уларнинг муҳаббати, ҳурмати ва эъзози каби маънавий яқинлик кўзда тутилган. Мазкур ўринда ҳам макон жиҳатидан яқинлик мақсад қилинмаган.

Жаннатга яқинликдан мурод масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қи­йинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали туфайли дўзахдан узоқ бўлиб, жаннатга яқин бўлади ёки аксинча.

Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Хайрли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини олимлар баён этганлар.

Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.  

Аллоҳ таоло айтади: Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).

Шу туфайли салафи солиҳлар ўзларининг садақаларини одамлар кўзидан яширишда муболаға қилганлар. Токи садақа бергувчининг кимлиги билинмасин. Баъзилари кўр камбағални, баъзилари ухлаб ётган фақирни қидирар, баъзилари эса фақирлар олиши учун улар ўтадиган йўлга садақаларини ташлаб қўйишар эди.

Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: “Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ-эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топсанг, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин, десанг, садақа қил”. 

Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”. Ҳасан Басрий: “Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади”, деганлар.

Имом Ғаззолий айтади: “Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Сахийлик ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни садақа билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло етказишига ишончдан сахийлик туғилади. Бахиллик шубҳадан туғилади. Сабабларга ёпишиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ризқ ҳақидаги ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир”.

Салмон Форсийнинг айтишича, “Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар бундай дейди: “Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф эт!”. Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: “Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил, чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёлардан тўсган эди”, дейишади. 

Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси ўзининг мол-дунёга ҳожати бўлиб турса-да, қўлидаги ҳамма нарсани сахийлик билан бошқаларга тарқатиб юборишдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса кишининг молга ҳожати бўлатуриб, уни ўзига сарфлашда бахиллик қилишидир. Ҳазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради”.

Албатта, Рамазон хайру эҳ­сон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”,  деганлар. Шун­га кўра закот ва нафл сада­қаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир.

Раббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.  Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”. 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари Қораев Муҳаммади

 

 

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   3310   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар