Ҳар йилгидек, Рамазон ойини муштоқ бўлиб кутдик, савоблар мавсуми, имкониятлар палласи... Еткизгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтдик. Ҳар бир мусулмон юртдошимиз қўлдан келганича ибодатларни холис адо этишга киришиб кетди. Қодир бўлганларнинг амалга ошираётган яхшиликлари эса кўнглимизни тоғдек кўтаради. Шундай кунларнинг бирида ифторлик дастурхонига ул-бул олиш учун бозорга йўлим тушди. Тўғриси, айрим манзараларни кўриб... бир масалани ҳукмингизга ҳавола қилишга жазм қилдим.
Нуроний ёшга етган, туппа-тузук ўзбек отахони қўлларида ўша номинг ўчгур “шайтон суви”ни қадоғи билан кўтариб олиб, уйга шошиб кетмоқда. Бу ҳам етмаганидек, телефонда бутун бозорни бошига кўтариб, оғайниларини туғилган кунига таклиф қилмоқда. Айни набираларига яхшиликдан сабоқ бериб, фарзандларига ҳалолликда ўрнак бўладиган кайвони ёшларида, яна муборак ойда спиртли ичимликлар билан дастурхон безаб, дўсту ёрларни уйга чақириш аввало динимизга зид ҳолат. Қолаверса, ўзбек ахлоқига ҳам хос бўлмаган иллатдир.
Болалигимиздан катталар Рамазон кунларида одамларнинг олдида бирор нарса ейиш, сув ичиш катта одобсизлик эканини тушунтирганлар. Биз шундай тушунча билан катта бўлганмиз. Бугунги кунда эса кўча-кўйларда, рўзаи Рамазон кунларида бемалол сув ичиб, егулик еб юрганларку майли, спиртли ичимлик ичиб юрганларига нима дейсиз? Майли, рўзадорларни ҳурмат қилмасин, майли “атрофдагиларнинг мен билан иши бўлмасин”, деган ақида билан бу ишга қўл ураётган бўлсин. Аммо, ойлар султонининг ҳурматини билмаганларни нима дейиш мумкин?
Шундай фикрлар билан юрган кунларимда, яна бир ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Қашқадарёдан келган қўшниларимизнинг ҳарҳолда салом-алиги жойида. Бироқ, кунора уйларида “базми-жамшид”. Айниқса, бу зиёфатнинг Рамазон ойида ҳам давом этиши... ачинарли жудаям.
Биз қаёққа қараб кетмоқдамиз? Ота-боболаримизнинг минг йиллик одоб-ахлоқ қадриятлари, муқаддас ойни нақадар ҳурмат қилганлари, оилаларида хотиржамликни, яхши тарбияни асраш учун ҳар ишга тайёр бўлганлари, Рамазоннинг қадрли кечаларини маърифий суҳбатларга бағишлаганлари ва шу каби диний ва миллийлигимиз уйғунлашган одатларимизни айрим юртдошларимиз унутиб қўяётгани оғриқли масаладир. Тўғри, мен таъкидлаб ўтган воқеалар бармоқ билан санарли бўлиши мумкин. Лекин, биргина кимсанинг иллатидан бутун оила, маҳалла, борингки, ундан ҳам кўпроқ одамлар азият чекади.
Унутмаслигимиз керакки, бу эслатмалар биргина ўзимиз учун эмас, балки, ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбияси учун ҳам долзарбдир. Ким айтади, эртага маҳалласидаги кишиларни маст ҳолатда кўравериб кўзи ўрганган, “Рамазон ойида ҳам бундай номаъқулчиликлар мумкин эканда”, деб онгига сингган ўсмир эртага бу ишни такрорламайди, деб, ҳеч ким бунга кафолат бера олмайди.
Динимиз таълимотида маст қилувчи ичимликлар қораланади. Ҳадисларда кўпини ичганда маст қилувчи ҳар қандай нарсанинг ози ҳам ҳаром эканлиги таъкидланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, – деб огоҳлантирганлар. Хамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи нарса, яъни маст қилувчи ичимликдир. Бошқа бир ҳадисда эса шундай дейилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Ичкиликнинг зарарлари ва салбий оқибатлари борасида алломаларимизнинг қимматбаҳо фикрлари мавжуд. Жумладан, ибн Сино шундай деган экан: “Мунтазам ичиш зарарлидир, у жигар ва мия фаолиятини бузади, асабни бўшаштириб, асаб касаллиги ва бевақт ўлимга олиб келади”.
Алишер Навоий ҳазратлари эса маст бўлган одамни қопағон итга қиёслайдилар:
Улки, ичиб бодани паймонадин,
Маст чиқар кўйга хумхонадин,
Элга қилиб ҳамла ёмон ит киби,
Қайси ёмон ит, қопағон ит киби.
Бодаға кўргузса киши хиралиқ,
Ақл чироғига берур тиралиқ.
Юсуф хос Ҳожибнинг ушбу фикрлари эса май ичиш пасткашликка олиб келади, иллатларнинг сабабчисидир, дейди: “Ҳар қандай уят-андишали, хушфеъл, хулқи яхши кишилар ҳам май ичгудек бўлсалар, юзтубан кетиб пасткашлик қиладилар”.
“Қанча-қанча қилиниши зарур бўлган ишлар май ичилгач қолиб кетади, қанчадан-қанча ножўя ишлар май ичгач содир бўлади”.
“Май билим ва ақл-заковатнинг ашаддий душманидир, май уриш-жанжал ва адоватнинг ҳақиқий сабабчисидир”.
Абдулла Қаҳҳор ичкиликни “жон ўғриси” деб атайди:
“Ўғри мол ўғирласа, ичкилик жон ўғирлайди, жамият аъзосини сафдан чиқариб ташлайди”.
Чиндан ҳам, спиртли ичимлик инсонга фақат ва фақат зарар олиб келади. Кишини инсонийликдан чиқариб юборади. Кўпгина нотинчликларга сабаб бўлади, оилаларни пароканда, болаларни сарсон қилади. Ёшлар тарбиясига ўзининг ёмон таъсирини ўтказади.
Раҳматлар бериладиган, гуноҳлар кечириладиган, дўзахдан нажот олиб келадиган муборак кунларда бу каби ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш онгли мўминнинг иши эмас. Бинобарин, бу ойда ҳар бир хатти-ҳаракатини ибодат даражасига олиб чиқиш, чексиз савобларга мушарраф бўлиш имконилари мавжуд.
Рамазон – муқаддас. Унинг ҳар соатида раҳмат мужассам, лаҳзасида савоблар яширин. Бу имкониятлардан фойдаланиб қолиш эса мусулмонлик фазилатидир, инсонларнинг улкан имкониятидир.
Шарифа ҒАНИЕВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.
Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.
Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).
Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
Даврон НУРМУҲАММАД