Рўзанинг фарзи айн эканига Бақара сурасининг 183-ояти далил бўлади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз. Саноқли кунлар...”
Ушбу оятдан рўза тутиш ҳар бир имон келтирган эркак ва аёлга фарзлиги маълум бўлмоқда. Демак, аёллар ҳам рўза тутар эканлар, рамазон ва унга оид айрим хукмларни билиб боришлари лозим:
Рўзанинг адо бўлишининг шартларидан бири: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро, улардан пок бўлиш саҳобаи киромларнинг ижмоси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир.[2]
Рўзадор аёл олд ёки орт жинсий аъзосига бармоғини киргизиши билан рўзаси очилмайди, ҳўл бармоғини киргизиши билан эса рўзаси очилади. Шунингдек, қуруқ бармоғининг ҳаммасини ёки баъзи қисмини киргизиб, ташқарига чиқариб сўнг яна қайта киргизиши билан ҳам рўза очилади. Агар олд жинсий аъзосига қуруқ пахта ёки шу каби воситаларни киргизса ва унинг бир учи ташқарида қолса рўзаси очилмайди. Бутунлай ичкарига киргизиб юборса, рўзаси очилади.[4]
Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти ўқитувчиси Қутбидинова Маҳарам Эшонхон қизи тайёрлади.
[1] “Китабул Фатава”, Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний
[2] “Бадоиъус Санойиъ”, Алоуддин Косоний
[3] “Раддул Мухтор”, Ибн Обидийн
[4] “Раддул Мухтор”, Ибн Обидийн
[5] “Раддул Мухтор”, Ибн Обидийн
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят, Макка фатҳ бўлди. Бир пайтлар ғордан ваҳий даҳшатидан титраб-қалтираб ёлғиз тушиб келган бир нафаргина Инсон бутун бир умматга айланди.
Тун зулматида Қурайш ўлдиришга қасд қилган Инсон Маккадан содиқ дўсти билан Мадина томон чиқиб, бир неча йилдан сўнг Макканинг тўрт дарвозасидан куппа-кундуз куни ғолиб бўлиб кириб келди! Курайш эса, ўша куни ўзларидан қасос олинишини кутиб, у зотнинг олдида бош эгиб ўтирарди. Уларни нима қилди деб ўйлайсиз?
У кишини ёлғончига чиқарганларни, азият берганларни, Каъба атрофида сажда қилаётганида устига туянинг эшини (яъни, кўп китобларда " سَلَى جَزُور"ни туянинг ичак-чавоғи деб ёзишади. Устоз Абдул Азим Зиёуддин домла «Нурул яқийн» китобларида ёзган изоҳда бундай тушунтирганлар: «Имом Бухорий ривоятида سَلَى جَزُور ва Муслим ривоятида سَلَى جَزُور, яъни «туянинг қоғоноғини» дейилган. Қоғоноқ — ҳомилани ўраб турувчи шиллиқ парда, йўлдош.) ағдарганларни, Абу Толиб дарасида қамал қилганларни, у кишини ёлғончи, сеҳргар, мажнун деб айблаганларни, сўнгра у кишини ўлдириш учун ҳар бир қабиладан биттадан киши танлаб, у кишининг қони барчага тарқалиши учун биргаликда ўлдирмоқчи бўлганларни нима қилди деб ўйлайсиз?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан қасос олмадилар. Балки уларга: «Бораверинглар, сизлар озодсизлар!» дедилар!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилишлари ва исломга кириши учун қартайиб қолган, оёқларини кўтаришга ҳам мажоли йўқ отаси Абу Қуҳофани олиб келди. У ҳали-ҳамон иймон келтирмаган эди. Уни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қарияни овора қилибсан-ку, уни уйида қолдирсанг бўлмасмиди, биз ўзимиз унинг олдига борар эдик», дедилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтди: «Ё Аллоҳнинг Расули! Сизнинг боришингиздан кўра отам келиши тўғрироқдир».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўтиришга таклиф қилдилар. Унинг кўксини силадилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Абу Қуҳофа иймон келтирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлади. Қўлида кўп саҳобалар исломга кирган, кўп буюклар иймонга кирган буюк саҳобанинг отаси энди Исломга кирди...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига қаранг! У киши ёши бир жойга бориб қолган қариянинг ҳузурларига келишини ноўрин билдилар. Ўзлари унинг олдига боришга тайёр эканликларини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёши катталарга шафқатли эдилар. Доимо: «Сочлари оқарган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир!» дер эдилар.
Бир қария Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб келди. Саҳобалар унга йўл беришмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизни ҳурмат қилмаганлар биздан эмас!» дедилар.
Қарияларга худди отамиз ёки бобомиз каби муомалада бўлишимиз лозим. Онахонларга эса онамиз ёки бувимиз каби муомалада бўлишимиз керак. Инсон қариганда ўзининг заифлиги, беморлиги ва ожизлигига қараб қачонлардир ёш бўлганини, кучли бўлган пайтларини эслайди, эзилади. Гарчи бошқаларга кўрсатмаса-да, қалбида синиқликни ҳис қилади. Бу синиқликка фақатгина атрофдагилар берадиган эътибор ва ҳурматгина даво бўла олади! Кўнгил олиш ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди