Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқдир». Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.
Рамазон ойи рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло бандаларни рўза тутишга буюриб: «Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184).
Табибларнинг таъкидлашича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутиш ила инсонда Аллоҳдан қўрқиш, Уни доимо ҳис этиб туриш, хуллас, тақво ҳисси пайдо бўлади.
Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таомлар, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.
Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.
Рамазон – қадрлаш ойи. Ушбу ойда эзгу амалларни кўпайтириш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Рамазон – эзгулик ойи. Инсонлар бу ойда маънавий покланиб ўзларида гўзал хулқларни намоён қиладилар. Жумладан, халқимиз ушбу ойда ифторликлар, хайр-эҳсонлар қилиш, фитр ва закотларини адо қилиш орқали бир-бирининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу амалларни бажариб ушбу ойнинг ҳар бир кунини байрам кайфиятида кўтаринки руҳда ўтказади.
Рамазоннинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббул Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу – рамазони шарифнинг энг улкан фазилати ҳақидаги таърифдир. Яъни:«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир» (Бақара, 185).
Рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса бироз эътиборталаблик бўлади. Рўзада эса бирортаси йўқ, тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса барча баробар юраверади. Ҳеч кимсиз ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирт нарса емайди. Ана шулар рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таоло Ўзи билиб беришга ваъда қилмоқда. Шу билан бирга, рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби у фақат Аллоҳ таоло учун таоми ва шаҳватини тарк қилиб, рўза тутганидандир.
Дарҳақиқат, бизга Аллоҳ таоло баракот ойини насиб қилди. Унинг қанчалик даражада баракали эканини, иймонимиз ва ишончимиз даражаси ила ҳис қиламиз. Бу ойда тутаётган рўзаларимиз билан ўзимиздаги кўп ёмонликлардан тийиламиз. “Мен рўзадорман” деб анча-мунча ножоиз ишларимиздан тўхтаймиз. Кўпчилигимиз шу баракотли ой туфайли ўша ёқимсиз амалларимизни тарк қиламиз. Бу ойнинг фазилатларидан яна бири рўзадор қандай инсон бўлишидан қатъи назар унинг дуоси албатта ижобат бўлади. Чунки бу ойда рўзадор инсонга Аллоҳ Ўз раҳмат назари билан қарайди ва фақат У учун тутилган холис рўзадорнинг дуосини ижобат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилганларидек, рўза бу –омонатдир, рўза бу – ибодатдир. Шунинг учун иссиқ кунларда тутаётган рўзаларимизни ихлос билан адо этиб, Парвардигордан унинг ажрини кутайлик. Зеро, савоблар рамазон ичида йиғилгандир – тоатлар мақбулдир, дуолар мустажобдир, гуноҳлар кечирилгандир ва жаннат рўзадорларга муштоқдир.
Хайрулла АБДУЛЛАЕВ,
ЎМИ Хоразм вилояти вакили
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан