5-ФАТВО
Юрти билан Макка шаҳри ўртасидаги узоқлик сафар масофаси (90–100 км)га тенг ёки ортиқ бўлса, аёл киши учун ҳажга бирга бориб келадиган маҳрам бўлиши шарт қилинган. Маҳрам деб, эри ёки ўрталарида никоҳ раво бўлмайдиган эркак қариндошларидан бири тушунилади. Унинг қариндошлиги насаб ё эмикдошлик, ёки қудачилик жиҳатидан бўлиши мумкин. Мусулмон бўлиши шарт эмас. Оқил, болиғ, ишончли бўлса, кифоя. Никоҳнинг фарқига бормайдиган мажусий маҳрамликка ярамайди.
«Оламгирия», «Хулоса», «Қозихон», «Муҳит».
6-ФАТВО
Маҳрам бўлиб ҳажга ҳамроҳ сифатида бориб келувчи кишининг овқат ва йўл харажатлари аёлнинг зиммасидадир. Аёл кишида йўлга қодирлик ва маҳрам мавжуд бўлса, фарз саналувчи ҳажга эрининг рухсатисиз ҳам бориши жоиз. Аммо нафл саналувчи ҳаж сафарига эрининг рухсатисиз бориши жоиз эмас. Аёлга маҳрам топилмагани учун эрга тегиб, уни олиб кетиши вожиб эмас.
«Оламгирия», «Қозихон».
7-ФАТВО
Аёл кишига қўйилган шартлардан яна бири – иддада ўтирганлардан бўлмаслигидир. Иддаси эри ўлгани ёки талоқ қилингани сабабли бўлишининг фарқи йўқ. Агар ҳаж сафари асносида эри ўлиб ёки талоқ билан идда ўтиришга тўғри келиб қолса, етган жойидаги шаҳардан иддаси тугагунча чиқмаслиги лозим.
«Оламгирия», «Қозихон».
8-ФАТВО
Ҳажни адо этиш учун ҳам учта шарт мавжуд. Улар – эҳром, макон ва замон. Ҳажнинг рукн (фарз)лари – Арафотда бўлиш, «зиёрат тавофи» (Каъба тавофи) ва эҳромга ният билан кириш. Вожиблари – Муздалифада туриш, Сафо билан Марва орасида (етти бор) юриш, шайтонга тош отиш, садр (қайтиш) тавофи ва соч олдириш ёки қисқартириш. Суннатлари – қудум тавофи, унда ёки фарз тавофида «рамл» (керилиб юриш), икки кўк мил (яшил белги) орасида шитоб юриш, Минода тунаш (наҳр кунлари), Минодан Арафотга қуёш чиққандан кейин жўнаш, Муздалифадан Минога тонг отмасдан бурун жўнаш, Муздалифада тунаш, тош отиладиган учта жамаротда белгиланган тартибда тош отиш ҳам суннат амаллардандир.
«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир»,
«Мухтасар», «ал-Баҳрур-роиқ».
Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.
Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.
Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.