Рамазон Қуръон ойи, муқаддас Ислом динимизни асл негизи бўлган Аллоҳнинг каломи Қуръон айни шу ойда Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлган китобдир.
Аллоҳ Қуръони каримда «Албатта, зикр(Қуръон)ни биз нозил қилдик ва албатта, уни муҳофаза қилурмиз»(Ҳижр, 9-оят), деб марҳамат қилади.
Рамазон ойи рўзасини тутмоқлик динимизнинг бешта арконидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло фарз қилган амалдир. Бу ойнинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканлигида. Биз айнан шунга эътиборимизни қаратадиган бўлсак, таровеҳ кечаларида хатми Қуръон бўладиган масжидларда қориларимизнинг қироатларидан баҳраманд бўлсак энг катта ютуқни қўлга киритган бўламиз .
Бу йилги Рамазон ҳам ўзгача файзу таровати билан кириб келди. Юртимизда мингдан зиёд масжидларда қориларимиз томонидан хатми Қуръонлар қилинмоқда. Албатта, бу хатмларда ўзгача файз бағишлаётган қориларимиз ҳисобланади. Бундай қорилардан мингдан ошиғи ҳозирги кунда халқимиз хизматида бўлиб, масжидларда Қуръон хатмларини қилиб бермоқдалар.
Ҳар бир муъмин ва мусулмон ушбу Қуръон ойида, Аллоҳнинг каломига муҳаббатини зиёда қилмоғлиги зарур, чунки бу ой шунчалик фазилатлики уни топмоқлик ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Бу ойда Юртимиздаги масжидларда бўлаётган таровеҳ намозидаги хатмоналарга ғайрат билан қатнашиб, Аллоҳнинг раҳматига муяссар бўлиш бахтига эришайлик.
Бугун, Аллоҳ таолонинг охирги ва сўнги китоби бўлмиш Қуръони Каримни тиловат қилишлик кишининг нафсини поклиги ва ахлоқини сайқаллашига жуда катта таъсири мавжудлигини бутун инсоният яхши билади.
Қуръони Карим тиловати жуда ҳам фазилатли амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Фотир ” сурасида: “Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар.
Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир.”, деган. (Фотир, 29-30 оятлар)
Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам, юқоридаги ояти каримада мўъминлар сифатлари баён қилинган пайтда биринчи бўлиб Қуръон тиловати келтириляпти.
Ушбу ойда ҳар биримиз эзгу ва хайрли амаллар қилишга ҳаракат қилмоғимиз мақсадга мувофиқдир. Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва мазкур амалларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади.
Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Кимда-ким Рамазон ойида бирор-бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”. (Байҳақий ривояти)
Шу сабабали хайрли амалларимизни мана шу Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» – деб марҳамат қилган. (Бақара, 185-оят).
Қуръон билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва қизиқиш билан Раббисининг Китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади.
Рамазон яқинлашган сайин ҳар куни намозхонлар рўза ва хатми Қуръон ҳақида сўраб суриштиришади, масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони Карим хатми бошланади. Бу эса уларнинг Аллоҳнинг китобига бўлган муҳаббатлари, иштиёқлари баланд эканлигини кўрсатади.
Рамазон – Қуръон ойи, сабр ойи, тақво ойи, дилни поклаш, тавбага юзланиш ойи. Бу қутлуғ онларда инсон танаси покланади, қалби қувват олади, дили нурга тўлади.
Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.
У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди. Рамазон ойида бошқа нафл ибодатларни қўйиб, фақат Қуръон билан машғул бўлганлар. Имом Зуҳрий Рамазон кирса: “Бу ой фақат Қуръон ўқиш ва (ифторда) очларни тўйдириш ойидир”, – дердилар.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг Рамазон ойи кирса, ҳадис ўқишдан тўхтаб, Қуръон билан машғул бўлишлари нақл қилинган. Абдур Раззоқ айтадилар: “Суфён Саврий Рамазон ойи келса, барча нафл ибодатларни қўйиб, Қуръонга юзланар эдилар”.
Ўтган улуғларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига эътиборларини қаратганлар.
Рамазон ойини ғанимат билиб, имкон қадар Қуръони Каримни тиловат қилиш, Таровиҳ намозидаги Қуръон хатмларида иштирок этиш билан Рамазонни ўтказган инсон нақадар бахтли инсондир!
Аллоҳ таолога чексиз ва беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни ҳеч бир хавф-хатарсиз, Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўляпмиз. Таровеҳ намозлари, бошқа ибодатлар адо этилиб, юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилиняпти.
Азизлар, ушбу “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном олган жорий йилимизда юртимиз мўмин-мусулмонлари буюк ва мўътабар бўлган халқимизнинг дуоларини олиш шарофатига муяссар бўлган ҳолда барча оилалар ўртасида ўзаро аҳиллик, муҳаббат, тарбия ва руҳий фароғат қарор топиши учун тинмай ҳаракат қилишмоқда, зеро бу Қуръон ойи бўлган муборак Рамазон ойи дилларга сурур бахш этадиган ойдир.
Аллоҳ таоло Рамазонни барчаларимизга муборак ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин!
Кириб келган Рамазон ойи барчаларимизга муборак бўлсин!
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
А Абдуллаев.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.
Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.
Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).
Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
Даврон НУРМУҲАММАД