بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
Муҳтарам жамоат! Алҳамдулиллаҳ Рамазон ойининг фазилати ва улуғ ажру савобларидан умид қилган ҳолда рўза тутмоқдамиз.
Зеро, саҳардан то шомгача ейиш ичиш ва жинсий алоқадан сақланиш рўзанинг фарзлари ҳисобланди. Ушбу фарзлардан бирортаси бажарилмаса рўза бузилади. Рўзанинг қай тарзда бузилишига қараб рўзадорга қазо ёки каффорат вожиб бўлади.
Қазо дегани бузилган рўзанинг бир куни ўрнига Рамазон ойидан бошқа кунда бир кун тутиб беришга айтилади. Каффорат эса, рўзани бузиб қўйганлиги эвазига жарима тариқасида бир қул озод қилиш ёки икки ой кетма-кет рўза тутиш ёхуд олтмиш кишига таом бериш демакдир. Рамазон рўзаси каффоратининг миқдори ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:
قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: "من افطر فى رمضان فعليه ما على المظاهر"
رواه الدارقطنى
яъни: “Ким Рамазон ойида рўзасини қасддан очса унга зиҳор қилган кишига лозим бўлган каффорат вожиб бўлади”. (Дорақутний ривояти).
Абу Ҳурайра (р.з.)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб: Эй Расулаллоҳ, мен ҳалок бўлдим, деди. У зот: “Сени нима ҳалок қилди?” дедилар. У: Мен Рамазонда рўзадор ҳолимда аёлим билан яқинлик қилиб қўйдим, деди. Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Озод қилиш учун битта қул топа оласанми?”. У: Йўқ, деди. “Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми”, дедилар. У: Йўқ, деди. “Унда олтмишда мискинга берадиган таоминг борми?”, деб сўрадилар. У яна: Йўқ, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: “Ўтириб тур”, дедилар. Шу пайт Расулуллоҳга бир идишда 30 соъ хурмо келтиришди. Расулуллоҳ хурмони у кишига бериб: “Мана буни садақа қил”, дедилар. У киши: Ўзимдан фақирроқ кишиларгами, бу ерда мендан кўра фақирроқ оиланинг ўзи йўқ, деди. Шунда Расулуллоҳ кулиб: “Ундай бўлса бориб оилангга едир”, дедилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2017 йил учун фидянинг (мискиннинг бир кунлик таоми) миқдорини ҳисоблаб уни 12.000 сўмлигини маълум қилди. Мазкур воқеадан каффоратнинг тартибини англаб олишимиз мумкин бўлади.
Муҳтарам азизлар! Энди Рўзанинг қазо ва каффоратига оид фиқҳий китобларимизда баён қилинган масалаларнинг баъзиларини зикр қиламиз:
- ким қуйидагиларни ўз хоҳиши билан амалга оширса, унинг рўзаси бузилади ва унга рўзанинг қазосини тутиб, каффорат ўташ вожиб бўлади;
- озуқа ёки дармон бўлувчи бирон нарсани қасддан ейиш ёки ичиш;
- жинсий алоқа қилиш. Яъни, бундай ҳолатда маний тўкилиши ёки тўкилмаслигининг фарқи йўқ. Гарчи аёл эркак тарафидан мажбурланса, унга ҳам каффорат вожиб бўлади;
- каффорат фақат Рамазон рўзасини узрсиз очганлар учун тайин қилинган. Бошқа турдаги рўзаларни очиб юборганлар фақат рўзанинг қазосини тутадилар, каффорат уларга вожиб бўлмайди. Каффорат Рамазон ойи рўзасининг ҳурматидан шариатга жорий қилинган. Сабаби бу улуғ ойда тутиладиган рўзанинг қадри ва ўрни катта.
Қуйидаги ҳолатларда рўза очилиб, фақат қазосини тутиш вожиб бўлади:
Муҳтарам биродарлар! Биз юқорида санаб ўтганларимиз рўзанинг бузилишига сабаб бўладиган омиллар эди. Энди, гарчи рўза бузулмасада унинг савобини камайтиришига ёки бутунлай қабул бўлмаслигига сабаб бўладиган амалларни зикр қиламиз. Шояд, бундай амаллардан ўзимизни сақлаш билан рўзанинг мукаммал бўлишига эришсак.
Пайғамбаримиз алайҳис салом ўз ҳадиси шарифларида рўзадорларни огоҳлантириб шундай марҳамат қилганлар:
" رُبَّ صائم حظُّه من صومه الجوع والعطش. و رُبَّ قائم حظُّه من قيامه السهر "
رواه الطبرانى
яъни: “Шундай рўзадор борки у тутган рўзасидан очлик ва ташналикдан бошқа насиба олмайди. Шундай намоз (Таровеҳ) ўқувчи борки у кечаси туриб ўқиган намозидан уйқусизликдан бошқа насиба олмайди”.
Ушбу ҳадисда рўзанинг тартиб қоидаларига риоя қилмасдан фақат оч ва ташна юргандан, ихлоссиз бўлган бедорликдан ҳеч қандай фойда йўқлиги маълум қилинмоқда. Ушбу маънода Аллоҳ таоло ҳадиси Қудсийда шундай марҳамат қилган:
" يقول الله عز و جل : مَنْ لم يصم جوارحه عن محارمى فلا حاجة أن يدع طعامه وشرابه من أجلى "
رواه ابو نعيم
яъни: “Кимки рўза тутсаю аъзолари ҳаром қилган нарсаларимдан тийилмаса Мен учун ейиш ва ичишни тарк қилишига ҳеч ҳожат йўқ”.
Шундай экан умид билан рўза тутаётган ҳар бир инсон рамазон ойи давомида тили, қўли, кўзи ва бошқа аъзолари билан бирор хатога йўл қўйиб рўзасига зарар етказиб қўйишдан эҳтиёт бўлиб юриши лозим бўлади
Тилини ғийбат, иғво, бўҳтон каби иллатлардан тийиб, имкон борича Аллоҳни кўпроқ зикр қилиш ва Қуръон тиловати билан шуғулланиш ёки сукут сақлаш лозимлигини уламоларимиз рўзанинг одобларидан деганлар.
Тилдан содир бўладиган хато туфайли рўзага етадиган зарар ҳақида Расулуллоҳ (сав) қуйидагича марҳамат қилганлар:
" الصيام جُنَّةٌ ما لم يخرقها. قيل : بِمَ يخرقها ؟ قال : بكذب أو غيبة "
رواه النسائى و ابن خزيمة و الطبرانى
яъни: “Рўза (ёмонликлардан тўсувчи) пардадир, модомики у йиртилмаса. Нима билан йиртилади?” – дейилди. “Ёлғон ва ғийбат билан” – дедилар.
Ушбу маънодаги иккинчи бир ҳадисда:
" الصيام جُنَّةٌ. فإذا كان صوم يوم أحدكم فلا يرفث ولا يَصخب فإن سابَّه أحد أو قاتله فليقل إنى صائم إنى صائم "
رواه النسائى و إبن ماجه
яъни: “Рўза (ёмонликлардан тўсувчи) пардадир. Сизлардан қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин, жанжаллашмасин, агар бирор киши уни сўкса ёки урса, мен рўзадорман, мен рўзадорман десин”.
Рўзанинг одобларидан яна бири рўзадор камтар бўлиши яъни тутган рўзаси билан мағрурланмаслиги лозим. Чунки банда қилган ибодати Аллоҳ даргоҳида қабул бўлдими йўқми билмайди. Салаф уламолар Аллоҳ буюрган барча ибодатларни ўз вақтида мукаммал адо этишликга ҳаракат қилар эдилар. Амални адо этиб бўлгандан кейин хавф ва ражода турар эдилар. Яъни қилган амалим қабул бўлдими ёки йўқми деб қўрқинч ва умид билан турар эканлар. Шу боис биз рўзадорларга ифтор пайти хавф ва ражода туриш салафлардан қолган суннат ҳисобланади.
Муҳтарам жамоат! Муборак Рамазон ойида қилинган хайрли амалларга савоблар янада кўпайтириб берилади. Шундан умидвор бўлиб мўмин мусулмон халқимиз рўзадорларга ифторлик дастурхони ёзишга харакат қилишади. Албатта, рўзадорга ифторлик қилиб беришнинг савоби улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.дан ҳадислар ворид бўлган. Бироқ, хайру эҳсон дегани фақат дастурхон ёзиш дегани эмас. Балки, моддий жиҳатдан қийналган хонадонлар, етим-есир, бева бечораларга хайру саҳоват қилиш айни кунларда энг улуғ савобли амал саналади.
Алҳамдулиллоҳ, ҳозир тўқчилик даври, ҳамманинг ҳам рўзғорида егулиги бор. Шундай экан, дастурхонни турли туман нозу неъматлар билан тўлдириб, устига устак қорни тўқ одамларни чақириб ифторлик қилиш исроф ҳисобланади. Аллоҳ таоло исрофдан қайтариб:
وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
яъни: “Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”, деган (Аъроф, 31). Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсир ҳам бор. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ҳадисларида марҳамат қилдилар:
"ما ملأ آدمي وعاءً شراً من بطنه، بحسب ابن آدم أكلات يقمن صلبه، فإن كان لا محالة، فثلث لطعامه وثلث لشرابه وثلث لنفسه"
رواه أحمد والترمذي
яъни: “Одам боласи тўлдирган идишларнинг ичида энг ёмони унинг қорнидир. Одам боласига қаддини тутиб туриши учун озгина луқма таом кифоя қилади. Агар ҳеч иложи бўлмаса қорнининг учдан бирини таомга, иккинчи қисмини ичимликка ва учинчи қисмини нафасга ажратсин” (Аҳмад ва Термизий ривояти).
Имом Ас-Сарахсий “Мабсут”ларида айтадилар: “Дастурхонга ейдигандан ортиқча турли неъматларни қўйиш ҳам исрофдир. Батаҳқиқ, баён қилиб ўтганимиздек, эҳтиёждан ортиқ миқдори бошқаларнинг ҳаққи бўлади”.
Биз ифторлик дастурхони атрофида ўтирганимизда бир нарса устида мулоҳаза қилмоғимиз лозим, ҳозир дунёда қанчадан қанча одамлар очлик азобини тортмоқдалар, миллионлаб гўдаклар очликдан нобуд бўлмоқда. Бир луқма таом ёки бир бурда нонга зор бўлганлар қанча. Аллоҳга шукрким, бизнинг юртимизда ҳеч ким очликдан ўлмайди. Лекин, исрофдан тийилмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.
Шундай экан, савоб талабида бўлган кишилар хайру саховатлари қанча бўлса ҳақдор кишиларни топиб уларнинг ҳожатларини чиқариш йўлларига сарфлашлари мақсадга мувофиқ, айни савоб ишдир. Қолаверса, меҳрибонлик уйлари ва боқувчисини йўқотганларга хайрия, мактаб, синфхона, кўчаларнинг таъмири, ногирон болаларга совға салом каби ишларга хисса қўшишлик бу ойда ажру савоби улуғ амаллардан саналади.
Яна бир эътиборингизни қаратишимиз лозим бўлган ҳолат, айрим намозхонларимиз таровиҳ намозларига ҳали балоғатга етмаган болаларни етаклаб келишмоқда. Намозни аслида моҳиятини тушунмаган болаларни бундай олиб юриш дуруст эмас. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам ёш болаларни масжидга олиб келишлик дуруст эмаслигини эслатганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айлаб, Рамазон ойининг шарофатидан баҳраманд бўлишимизни насиб этсин. Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида имом Абдулазиз «Шамсул аимма Ҳалвоий» ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими ўтказилди.
Мажмуанинг очилиш маросимида самарқандлик таниқли олимлар, дин намояндалари, зиёлилар ва нуронийлар иштирок этди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят бўлими раҳбари ўринбосари Хайрулло Сатторов, манбашунос олим Комилхон Каттаев сўзга чиқиб, имом Шамсул аимма ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбирда ушбу муборак масканни обод қилишда ўз ҳиссасини қўшган барча фидойилар, уста-қурувчилар, маърифатли тадбиркорларга маҳалла аҳли номидан миннатдорлик билдирилди.
«Шамсул аимма» унвони билан шуҳрат топган Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳалвоий етук фақиҳларимиздан биридир. Абу Саъд Самъоний қаламига мансуб «Насабнома» китобининг бухоролик олимлар қисмида ёзилишича, Ҳалвоийнинг отаси ҳалво пишириб, сотиб тирикчилик қилиб юргани учун у кишига ота касби билан нисбат берилган.
Ҳалвоийнинг туғилиши билан боғлиқ маълумот бирор-бир манбада келмагани боис туғилиш санаси ҳозирча маълум эмас. Ота томонидан аждодлар силсиласи Пайғамбаримизнинг жиянлари ва куёвлари Али ибн Абу Толибга боғланади.
Абдулҳай Лакнавийнинг «Фавоид ал-баҳийя фит-тарожима ал-ҳанафийя» китобида қайд этилишича, ироқлик кўпгина фақиҳлар унвон танлашда касб-ҳунар, қабила ёки бирор жой номига нисбат бериш билан «Жассос» (сувоқчи), «Қудурий» (қозончи) каби соддагина тахаллуслар олишган.
Қорахонийлар пойтахтини Ўзгандан Самарқандга кўчиргач, Ҳалвоий Кешга сургун қилинади. У киши қолган умрини шу ерда ўтказади. Абдулазиз Ҳалвоий тахминан 1058 йили Кешда вафот этади. У кишининг жасади Бухорога олиб келиниб дафн қилинади. «Мен у зотнинг қабрларини зиёрат қилдим», дейди «Насабнома» асари муаллифи Абу Саъд Самъоний.
Чор Русияси даврида Калобод мозори бузилиб, ўрни уй-жой учун ер майдони сифатида ажратиб берилган. Ҳалвоийнинг қабри ҳам янги бунёд этилган уйлар ичида қолгани сабабли 2004 йили турбати Бухоро шаҳрининг Самарқанд кўчасидаги «Шоҳ Ахси» ёдгорлигига кўчирилди. Шу жойда у зотнинг шогирдларидан бири Бакр Заранжарийнинг қабри ҳам бор.
Ҳалвоийнинг «Шамсул аимма» деб улуғланадиган уламо даражасига етишида устозларининг хизматлари катта бўлган. Абдулҳай Лакнавий Абдулазиз Ҳалвоийнинг фиқҳ илмидан устозлари силсиласи Абу Ҳанифага бориб етиши ҳақида маълумот беради. Ҳалвоийдан Сарахсий (1010–1093), Абул Уср Паздавий (1010–1089), Абул Юср Паздавий (1030–1099), Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий (1035–1118) кабилар сабоқ олиб, замонасининг етук фақиҳ олимлари бўлиб етишишган.
Ҳозиргача олимнинг бирор бир китоби қўлёзма ёки тошбосма шаклида топилмаган бўлса-да, у киши қаламига мансуб асарларнинг номи бизга маълум. Абу Саъд Самъонийнинг «Насабнома», Ҳожи Халифа Чалабининг «Кашфуз Зунун», Ҳофиз Абдул Қодир Қурайшийнинг «ал-Жавоҳир ал-Музийя фит-табақот ал-ҳанафийя», Шамсуддин Заҳабийнинг «Сияру аълом ан-нубало» китобларида Ҳалвоийнинг асарлари ҳақида маълумотлар берилган. У киши «ал-Мабсут», «ан-Наводир», «Фавоид», «Шарҳ ал-адаб ал-Қодили Аби Юсуф», «Шарҳ ал-адаб ал-Қоди лил-Хассоф» каби китоблар ёзган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари мазҳаб фақиҳларини салоҳияти, илмий лаёқатига қараб етти табақага ажратадилар. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Мухтасар ал-виқоя»га шарҳ сифатида ёзган «Кифоя» номли китобида Хассоф, Таҳовийлар билан бир қаторда Ҳалвоий, Сарахсий, Паздавий ва Қозихонларни учинчи табақа вакиллари сирасида зикр қилади. Ушбу табақа вакиллари мазҳаб соҳибидан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид фақиҳлар бўлишган.
Алломанинг фатволари кўплаб мўътабар китобларда, хусусан, «Фатавои Оламгирия», «Фатавои Қозихон», «Муҳити Сарахсий», «Кофий», «Захира» ва «Жомиъ ал-мабоний лил-масаили шарҳи фиқҳи Кайдоний» каби асарларда келтирилган.