Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

“Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”

30.05.2017   79852   2 min.
“Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”

Муборак рамазон ойининг қутлуғ кунларида хайрия тадбирлари ўтказиш, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли фаолият кўрсатиш барчамизнинг олдимизга қўйган мақсадимиздир. Зеро, рамазон ойи рўза тутиш билан бир қаторда бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда қилинадиган меҳр-мурувватга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чорлаб: “Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”,  деб марҳамат этганлар (Имом Термизий ривояти).

Яна бир ҳадиси муборакда рамазон ойида қилинган хайр-саховатлар бошқа ойларда қилинган хайр-саховатлардан афзаллигини билдириб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг сахийси эдилар. Айниқса, муборак рамазон ойида, Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетар эдилар”,  деганлар.

Ривоятларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ойини “сабр ойи” деб номлаган бўлсалар бошқа бир ривоятда рамазони шариф инсоннинг ирода ва сабрининг ярми эканини таъкидлаб: “Рўза сабрнинг ярмидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатлари ҳар бир инсоннинг қалбидан жой олиши таҳсинга лойиқ. Шу маънода, қалблари таскинга муҳтож, эҳтиёжи чекланганларга эътибор қаратишдан кўра аъло фазилат бўлмаса керак.

Айнан шу неъматларга ҳамоҳанг вилоятимиздаги барча масжидларда таровеҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан тингламоқдалар. Қайси бир масжидга назар солсангиз муборак рамазон ойи шукуҳи давом этмоқда. Ана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик ила адо этилади. Фарзандларимизнинг қувноқ овозлари жаранглайди.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари

Рамазон
Бошқа мақолалар

Фарзандингизга суннат асосида таълим-тарбия беринг

22.11.2024   5181   1 min.
Фарзандингизга суннат асосида таълим-тарбия беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман деб айтинг.

 

Ўғилчангизга атир сепсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга бу дунёдан хушбўйлик, аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман деб айтинг.

 

Фарзандингиз мактабга кетаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, деган ҳадисларини эслатинг.

 

Фарзандингизга кулиб қараганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деган ҳадисларини эслатинг.

 

Фарзандингизни мақтасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхши сўз ҳам садақадир”, деганларини эслатинг.

 

Фарзандингизга ёши катта кексаларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас”, деганларини айтинг.

 

Шу тариқа фарзанд тарбиясини суннат ва сийратга боғлаб, ҳадислар асосида таълим-тарбия беринг.