Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Рўзадорнинг овқатланиш тартиби

29.05.2017   76878   6 min.
Рўзадорнинг овқатланиш тартиби

Сўнгги йилларда Рамазон ойи жазирама ёз фаслига тўғри келмоқда. Мана яна муқаддас ойни узун кунлару қисқа тунлар билан қаршиладик. Бу – диний бурчимизни бажарган ҳолда тўғри озиқланишни йўлга қўйишимиз учун ажойиб имкониятдир.

Очлик муолажаси, яъни рўза тутиш ўзига хос жараён бўлиб, у муайян қонуният ва тамойиллар асосида кечади. Илмий асосга таяниб, маълум қоидаларга амал қилиб тутилган рўза саломатлик учун фойдали. Зеро, Қуръони каримда рўзадорнинг очлик ҳолатида инсоний (табиий) қонунлар эмас, балки илоҳий қонунлар ишга тушиши эътироф этилган. Рўза эса бу қонунлар талабига риоя этган, мослашган вужудни ҳимоя қилиш механизмини юзага чиқаради. Қирқ кун давомида рўза тутиб, очлик муолажасини ўтказган киши илоҳий қонуниятлардан чинакам баҳрамандлик ҳиссини туйиб, рўзани ҳар йили баҳорни соғингандай интиқлик билан кутади. Умрни ортга қайтаришнинг иложи бўлмаса-да, одам ўзини ёшаргандек ҳис қилиб, вужудида ёшлик шижоатини мавжлантирувчи ҳаётбахш қон гупуриб оқа бошлайди. Қирқ кунлик чилладан сўнг бош мия томирлари хилтлардан тозаланиб, одамнинг фикрлаш, тушуниш, англаш, ҳис қилиш ўрганиш, хаёлни жамлаш қобилиятлари ортиб, таъм сезиш ҳисси кучаяди. Рўза тутиш даври, очлик жараёнида тананинг яширин имкониятлари намоён бўлиши учун одам руҳан, маънан ва жисман тайёр бўлиши керак. 

Ифторлик хурмо ва сув билан

Илмий изланишлар кўрсатишича, дунёда миллионлаб кишилар меъёридан ортиқ овқат ейишнинг қурбони. Айни пайтда инсон танаси минераллар ва витаминлар етишмовчилигидан  қарийди. Тана учун энг муҳими – танадаги сув меъёрини жойига келтириш, бунга айниқса, Рамазон ойида алоҳида эътибор қаратиш керак. Истеъмол қилинаётган сув миқдорини назорат қилиш ва доимийлигини таъминлашимиз зарур. Ифтордан саҳарликкача бўлган вақтда энг камида икки литр сувни бўлиб-бўлиб ичиш зарур. Масалан, ифторликка ярим литр сув ичилса, кейин ҳар соатда 0,3 литр сув исътемол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Дарвоқе, ифторлик сувига  бир қошиқ асал қўшилса, нафақат озиқлантирувчи, балки шифобахш, антибактериал ичимликка айланади.

Рўза тутганда, айниқса, ифторлик маҳали хурмо исътемол қилиш анъанага айлангани бежиз эмас. Хурмо инсон танасидаги қувват – энергияни тиклаб берувчи витамин ва минералларга бой мевадир.

Рўзада таркибида кофеин моддаси бўлган ичимликлар, яъни чой, қаҳвадан тийилган маъқул. Улар ташна организмга фойда бермайди, аксинча, ундаги муҳим минерал – магний ва бошқа витаминларни чиқариб юборади, танадаги намликни қуритади. Агар сиз чой ва қаҳва ичишда ўзингизни чеклай олмасангиз, истеъмол қилинадиган сув миқдорини оширинг.

Ифторликда сув ва хурмо билан оғиз очгандан сўнг турли мевалардан тайёрланган салат ёки мева шарбати истеъмол қилинса айни муддао бўлади. Мевалар инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга, балки, шу боис ҳатто жаннатда ҳам Аллоҳ бандаларини мевалар билан сийлайди.

Уларга у жойда (турли) мевалар ва улар учун истаган нарсалари мавжуддир” (Ёсин, 57).

“Сизлар учун у жойда кўплаб мева(лар) бўлиб, сизлар улардан егайсиз” (Зухруф, 73).

Мевалар – сув, витамин, минералларга бой, табиий неъмат. Мева сабзавотга қараганда тезроқ парчаланади, овқат ҳазм қилиш каналларини очади ва танани витамин, минераллар билан бойитади. Уй шароитида янги тайёрланган шарбат ич қотишига қаршилик қиладиган, танадаги заҳарли моддалар – токсинларни чиқариш, овқат ҳазм қилиш ва қон айланиш тизимига ёрдам берувчи тўқималарга бой бўлади. Шунингдек, тайёр қадоқланган шарбатлар ҳам фойдадан холи эмас.  Энг осон ва тез ҳазм бўладиган егулик тарвуздир. 

Саҳарлик дастурхони – оқсиллар макони

Саҳарлик дастурхони гўшт, ёғлар ва сабзавотлардан тайёрланган таомлардан иборат бўлиши керак. Гўшт инсон организмида 16 соат давомида парчаланади. Димланган қўй гўшти, қовурилган жўжа, сабзавотли қуймоқлар кишини тўқ тутади. Аммо уларни иложи борича гуруч ва нон маҳсулотларидан алоҳида истеъмол қилган маъқул. Гуруч ва нон каби крахмал ва углеводларга бой маҳсулотлар ошқозонда ишқорий муҳит яратилишини талаб қилади. Аммо оқсилларни парчаловчи пепсин ферменти ишқорий муҳитда кучини йўқотади. Демак, икки хил озуқа гуруҳига мансуб маҳсулотларни парчаловчи ферментлар бирга ишлай олмайди, бу эса ошқозонга тушган овқатнинг бижғишига олиб келади. Натижада қорин дам бўлиши, жиғилдон қайнаши каби ҳолатлар вужудга келади.

Таъкидлаш лозимки, саноат миқёсида ишлаб чиқариладиган гўшт маҳсулотлари таркибида юқори миқдорда гормонлар қўлланилган бўлиши мумкин. Махсус доривор моддалар қора моллар, паррандалар озуқасига уларнинг вазнини ошириш – семиртириш учун қўшиб берилади. Бундай гўштнинг таркибида яна катта миқдорда карбомид кислота токсинлари мавжуд бўлиб, уларнинг одам танасидан чиқиб кетиши қийин . Жонивор сўйилганда унинг танасида қанча зарарли токсин бўлса, ҳаммаси гўштда сақланиб қолади.

Шу ўринда дудланган, консерваланган гўшт, колбаса, сосиска каби маҳсулотлар ҳақида тўхталсак. Уларнинг таркибида маҳсулот яроқлилик муддатини узайтириш учун қўшилган холестерин, ёғ, катта миқдорда туз, ҳазми оғир бошқа қўшимчалар бўладики, аксариятини саломатлик учун безарар деб бўлмайди. Демак, харид қилаётган маҳсулотларимиз, хусусан гўштнинг ҳалол-покиза инсонлар етиштиргани, рўзадорнинг танасига соф қувват беришига алоҳида аҳамият бермоқ лозим.

Ниҳоят, энг асосий жиҳатлар: биринчидан, кун давомида оч юриб, ифторда бирданига кўп овқат ейиш рўзанинг ҳикматига зид, қолаверса, ошқозонга оғирлик қилиб, оқибатда инсон соғлигига салбий таъсир қилади; иккинчидан,саҳарлик қилиш рўзанинг мустаҳаб одобларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ).

Рўза вақтида сабр ва тиришқоқлик билан тўғри овқатланиш, табиий егуликлар истеъмол қилиш жисм саломатлиги, руҳиятнинг енгиллашиши, тиниқ фикрлаш, узоқ умрга сабаб бўлади, иншааллоҳ. 

Дилфуза РАҲИМЖОН қизи тайёрлади.

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   2555   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар