Сўнгги йилларда Рамазон ойи жазирама ёз фаслига тўғри келмоқда. Мана яна муқаддас ойни узун кунлару қисқа тунлар билан қаршиладик. Бу – диний бурчимизни бажарган ҳолда тўғри озиқланишни йўлга қўйишимиз учун ажойиб имкониятдир.
Очлик муолажаси, яъни рўза тутиш ўзига хос жараён бўлиб, у муайян қонуният ва тамойиллар асосида кечади. Илмий асосга таяниб, маълум қоидаларга амал қилиб тутилган рўза саломатлик учун фойдали. Зеро, Қуръони каримда рўзадорнинг очлик ҳолатида инсоний (табиий) қонунлар эмас, балки илоҳий қонунлар ишга тушиши эътироф этилган. Рўза эса бу қонунлар талабига риоя этган, мослашган вужудни ҳимоя қилиш механизмини юзага чиқаради. Қирқ кун давомида рўза тутиб, очлик муолажасини ўтказган киши илоҳий қонуниятлардан чинакам баҳрамандлик ҳиссини туйиб, рўзани ҳар йили баҳорни соғингандай интиқлик билан кутади. Умрни ортга қайтаришнинг иложи бўлмаса-да, одам ўзини ёшаргандек ҳис қилиб, вужудида ёшлик шижоатини мавжлантирувчи ҳаётбахш қон гупуриб оқа бошлайди. Қирқ кунлик чилладан сўнг бош мия томирлари хилтлардан тозаланиб, одамнинг фикрлаш, тушуниш, англаш, ҳис қилиш ўрганиш, хаёлни жамлаш қобилиятлари ортиб, таъм сезиш ҳисси кучаяди. Рўза тутиш даври, очлик жараёнида тананинг яширин имкониятлари намоён бўлиши учун одам руҳан, маънан ва жисман тайёр бўлиши керак.
Ифторлик хурмо ва сув билан
Илмий изланишлар кўрсатишича, дунёда миллионлаб кишилар меъёридан ортиқ овқат ейишнинг қурбони. Айни пайтда инсон танаси минераллар ва витаминлар етишмовчилигидан қарийди. Тана учун энг муҳими – танадаги сув меъёрини жойига келтириш, бунга айниқса, Рамазон ойида алоҳида эътибор қаратиш керак. Истеъмол қилинаётган сув миқдорини назорат қилиш ва доимийлигини таъминлашимиз зарур. Ифтордан саҳарликкача бўлган вақтда энг камида икки литр сувни бўлиб-бўлиб ичиш зарур. Масалан, ифторликка ярим литр сув ичилса, кейин ҳар соатда 0,3 литр сув исътемол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Дарвоқе, ифторлик сувига бир қошиқ асал қўшилса, нафақат озиқлантирувчи, балки шифобахш, антибактериал ичимликка айланади.
Рўза тутганда, айниқса, ифторлик маҳали хурмо исътемол қилиш анъанага айлангани бежиз эмас. Хурмо инсон танасидаги қувват – энергияни тиклаб берувчи витамин ва минералларга бой мевадир.
Рўзада таркибида кофеин моддаси бўлган ичимликлар, яъни чой, қаҳвадан тийилган маъқул. Улар ташна организмга фойда бермайди, аксинча, ундаги муҳим минерал – магний ва бошқа витаминларни чиқариб юборади, танадаги намликни қуритади. Агар сиз чой ва қаҳва ичишда ўзингизни чеклай олмасангиз, истеъмол қилинадиган сув миқдорини оширинг.
Ифторликда сув ва хурмо билан оғиз очгандан сўнг турли мевалардан тайёрланган салат ёки мева шарбати истеъмол қилинса айни муддао бўлади. Мевалар инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга, балки, шу боис ҳатто жаннатда ҳам Аллоҳ бандаларини мевалар билан сийлайди.
“Уларга у жойда (турли) мевалар ва улар учун истаган нарсалари мавжуддир” (Ёсин, 57).
“Сизлар учун у жойда кўплаб мева(лар) бўлиб, сизлар улардан егайсиз” (Зухруф, 73).
Мевалар – сув, витамин, минералларга бой, табиий неъмат. Мева сабзавотга қараганда тезроқ парчаланади, овқат ҳазм қилиш каналларини очади ва танани витамин, минераллар билан бойитади. Уй шароитида янги тайёрланган шарбат ич қотишига қаршилик қиладиган, танадаги заҳарли моддалар – токсинларни чиқариш, овқат ҳазм қилиш ва қон айланиш тизимига ёрдам берувчи тўқималарга бой бўлади. Шунингдек, тайёр қадоқланган шарбатлар ҳам фойдадан холи эмас. Энг осон ва тез ҳазм бўладиган егулик тарвуздир.
Саҳарлик дастурхони – оқсиллар макони
Саҳарлик дастурхони гўшт, ёғлар ва сабзавотлардан тайёрланган таомлардан иборат бўлиши керак. Гўшт инсон организмида 16 соат давомида парчаланади. Димланган қўй гўшти, қовурилган жўжа, сабзавотли қуймоқлар кишини тўқ тутади. Аммо уларни иложи борича гуруч ва нон маҳсулотларидан алоҳида истеъмол қилган маъқул. Гуруч ва нон каби крахмал ва углеводларга бой маҳсулотлар ошқозонда ишқорий муҳит яратилишини талаб қилади. Аммо оқсилларни парчаловчи пепсин ферменти ишқорий муҳитда кучини йўқотади. Демак, икки хил озуқа гуруҳига мансуб маҳсулотларни парчаловчи ферментлар бирга ишлай олмайди, бу эса ошқозонга тушган овқатнинг бижғишига олиб келади. Натижада қорин дам бўлиши, жиғилдон қайнаши каби ҳолатлар вужудга келади.
Таъкидлаш лозимки, саноат миқёсида ишлаб чиқариладиган гўшт маҳсулотлари таркибида юқори миқдорда гормонлар қўлланилган бўлиши мумкин. Махсус доривор моддалар қора моллар, паррандалар озуқасига уларнинг вазнини ошириш – семиртириш учун қўшиб берилади. Бундай гўштнинг таркибида яна катта миқдорда карбомид кислота токсинлари мавжуд бўлиб, уларнинг одам танасидан чиқиб кетиши қийин . Жонивор сўйилганда унинг танасида қанча зарарли токсин бўлса, ҳаммаси гўштда сақланиб қолади.
Шу ўринда дудланган, консерваланган гўшт, колбаса, сосиска каби маҳсулотлар ҳақида тўхталсак. Уларнинг таркибида маҳсулот яроқлилик муддатини узайтириш учун қўшилган холестерин, ёғ, катта миқдорда туз, ҳазми оғир бошқа қўшимчалар бўладики, аксариятини саломатлик учун безарар деб бўлмайди. Демак, харид қилаётган маҳсулотларимиз, хусусан гўштнинг ҳалол-покиза инсонлар етиштиргани, рўзадорнинг танасига соф қувват беришига алоҳида аҳамият бермоқ лозим.
Ниҳоят, энг асосий жиҳатлар: биринчидан, кун давомида оч юриб, ифторда бирданига кўп овқат ейиш рўзанинг ҳикматига зид, қолаверса, ошқозонга оғирлик қилиб, оқибатда инсон соғлигига салбий таъсир қилади; иккинчидан,саҳарлик қилиш рўзанинг мустаҳаб одобларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ).
Рўза вақтида сабр ва тиришқоқлик билан тўғри овқатланиш, табиий егуликлар истеъмол қилиш жисм саломатлиги, руҳиятнинг енгиллашиши, тиниқ фикрлаш, узоқ умрга сабаб бўлади, иншааллоҳ.
Дилфуза РАҲИМЖОН қизи тайёрлади.
Қўлни бўғимгача ювиш фойдалари
Маълумки, биз таҳоратни икки қўлимизни ювишдан бошлаймиз. Бунинг кўплаб фойдалари бор. Инсон қўли билан турли нарсаларни ушлайди, ўзгалар билан қўл бериб кўришади. Мана шу нарса бактериянинг тарқалиши ва унинг кўпайишига сабаб бўлади. Қўл орқали юқадиган касалликларга ич терлама, дизентерия (ичбуруғ) ва гастрит кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Исломда қўлни покиза сақлаш, тирноқларни вақтида олиб, озода бўлиб юриш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қатъий вазифаларидан саналади.
Қўл ювилганда, бармоқ учларидан нур чиқиб, қўл атрофида доира ҳосил қилади. Бунинг натижасида бизнинг ички энергиямиз ҳаракатга келади ва қўлларимиз тоза, чиройли кўриниш касб этади.
Оғизни чайиш (мазмаза) фойдалари.
Таҳоратда аввал қўлларни ювишнинг фойдаси жуда кўп. Агар қўллар яхшилаб ювилмаса, бактериялар оғиз орқали ошқозонга ўтиб, касаллик келтириб чиқаради.
Оғизни пок тутиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга ҳаво, озиқ-овқат ва бошқа сабаблар билан турли зарарли моддалар тушади. Агар булар вақтида тозаланмаса ёки мисвок билан покланмаса, оғизда кўплаб касалликлар, жумладан, милк ва тиш касалликлари келиб чиқади.
Таҳоратда мисвок ишлатиш суннати муаккада бўлиб, бу нарса тиббий нуқтаи назардан ҳам фойдалидир.
Замонавий илмий кашфиётлар мисвок ҳақида қуйидаги хулосаларга келди:
– арок дарахтидан олинадиган мисвок таркибида кўп миқдорда фторид бўлиб, бу модда тиш чиришининг олдини олишда катта аҳамиятга эга;
– мисвок эмал ва милкларга зарар бермаган ҳолда тишларни муваффақиятли тозалайди ва оқартиради;
– мисвок таркибидаги табиий антисептиклар оғиздаги зарарли микроорганизмларга қирон келтиради;
– мисвок таркибидаги фтор моддаси тишларнинг кариесга йўлқишининг олдини олади;
– хлор моддасига эга бўлгани сабабли тишлардан турли ранг ва доғларни кеткизади;
– ошловчи кислота (дубилъная кислота) милкни касалликлардан сақлайди;
– хлорид моддаси ҳар хил тошма ва доғларнинг кетишига ёрдам беради;
– мисвок таркибидаги силикат моддаси тишларни оқартиради;
– мисвокдаги баъзи моддалар оғиз саратони ва чиришнинг олдини олади;
– фарфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоя қилади;
– мисвокдаги хушбўй ёғ сўлак ажралиб чиқишини (саливация ) кўпайтиради ва натижада ксеростомия касаллигининг олди олинади;
– мисвок умумий шамоллашнинг оддий давосидир;
– гингивит касаллигини камайтиради;
– арок дарахти экстракти билан оғиз чайилса, оғиздаги бактериялар 75% гача камайиши ўз тасдиғини топди. Мисвок билан тозалаганда ҳам шу натижага эришилади;
– милк қонашининг олдини олади;
– Мисрда олиб борилган изланишларда маълум бўлишича, мисвок билан оғиз тозалангач, унинг қолдиқлари икки кунгача (!) бактерияларни ўлдириш хусусиятини сақлаб қолар экан;
Одилхон қори Юнусхон ўғли