Умра ибодатини мукаммал адо қилиш аввало учун ниятни тўғри қилиб олиш лозим. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани учун, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини исташ бўлиши керак. Агар дунё ноз – неъматларига эришмоқчи, “ҳожи ая” ёки “умрага борган” номларини қозонмоқчи, “хўжакўрсин” ёки асосий мақсади ўзга юртларни сайр қилиб, бир йўла умрани адо этиб келмоқчи бўлса, умра ибодати қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло буюради:
وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّه
“Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!”. Бақара сураси, 196.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир...” (Саҳиҳи Бухорий, 1773).
Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ансорий аёлга: “....Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар (Имом Термизий ривояти).
Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир.
Ҳаммамизга маълумки, умра қилишни қасд қилган ҳар бир мусулмон улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни истайди. Ўз-ўзидан биз учун бу нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир аёл киши умра қонун – қоидалари билан бир қаторда сафар қоидалари ва одобларини яхшилаб ўрганиши лозимдир. Улар қуйидагилардир:
أسْتَوْدِعُكُمُ اللهَ الّذِي لَا تَضِيعُ وَدَائِعُهُ
“Аставдиъукумулллоҳал-лазий ла тазиъу вадаъиуҳу (маъноси: “Сизларни Унга топширилган омонатлар зое бўлмайдиган Зот Аллоҳга омонат топширдим”)” (Ибни Можа ривояти);
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Учта дуо борки, шаксиз мустажобдир. Мазлумнинг, мусофирнинг ва ота-онанинг фарзандига қилган дуоси” (Имом Термизий ривояти).
Ҳайз кўрган аёлнинг масжидга кириши жоиз эмас. Агар бир аёл ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатида илмсизлик қилиб ёки қасддан етти марта тавоф ёки тавофнинг тўрт ёки ундан кўпроқ қисмини адо қилса, зиммасига учта иш вожиб бўлади:
а) ҳаром амал ҳисобланган – нопок ҳолатда масжидга кириш ва тавоф қилиш гуноҳидан тавба қилиш;
б) пок бўлгач, тавофини қайтадан қилиш;
в) агар қайтадан қилмаса, битта мол ёки битта туя сўйиш.
Эслатма: агар ҳайз ҳолатида адо қилган тавофини пок бўлгач, қайта адо қилмаса ва ватанига кетиб қолса, мийқотдан ўтиб кетмаган бўлса, эҳромсиз қайтиб келиб, зиёрат тавофини адо қилади. Агар мийқотдан ўтиб кетиб бўлган бўлса, қайтиб, мийқотдан умрага эҳромга кириб, умранинг амалларини тугатгач, зиёрат тавофини адо қилади. Агар ватанидан ортига қайтмаса, ватанидан туриб, Ҳарамда бир мол ёки туяни қурбонлик қилдиртиради. Шундан сўнггина эҳромдан чиқади.
Хадича Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Нилуфар Саидакбарова
Кеча, 28 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ўтказиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳаж делегацияси вакиллари, ишчи гуруҳи аъзолари, мингбошилар ва шифокорлар жамоаси иштирок этди.
Мажлис аввалида Муфтий ҳазратлари ҳаж қилувчи инсон Ҳақ таолонинг меҳмони экани, шу боис ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлиши ҳақида сўзладилар. Шунингдек, ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилиш давомида муборак сафарга қадар зиёратчилар билан мунтазам суҳбатлар ташкил этиш ва уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, фарз, вожиб ва суннатлари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ва зикру дуолар қилиш ва юртдошларимизнинг барча саволларига батафсил жавоб бериш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, муборак заминларда ҳар бир дақиқани ғанимат билиш, тоату ибодат ила ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қилишга урғу қаратдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Обиджон Қодиров, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов кабилар сўзга чиқиб, ташкилий ишлар, тиббий жиҳатлар, хат-ҳужжатлар, жамоавий тартиб-интизомга риоя этиш, қонун-қоидаларга амал қилиш, ҳожилар хавфсизлини таъминлаш ва огоҳликга оид муҳим тавсияларни бердилар.
Шунингдек, жорий мавсумда “Ҳаж – 2025” ишчи гуруҳи ва шифокорлар зиммасига жуда катта масъулият юклангани, шу боис ҳар ким ўз вазифасини виждонан тўла бажариши зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати