Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Май, 2025   |   3 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:21
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:23
Хуфтон
20:47
Bismillah
01 Май, 2025, 3 Зулқаъда, 1446

Интиқ кутганимиз – шаҳри Рамазон

26.05.2017   78498   5 min.
Интиқ кутганимиз – шаҳри Рамазон

Шаъбоннинг сўнгги кунларида турибмиз. Ҳадемай, Рамазон ҳам кириб келади. Ҳаш-паш дегунча эса... муборак ой ҳам якунига етади. Биздан лозими – табаррук ойни қандай ўтказишимиз, биз ният қилган мазмунли амалларимизга улгуриб қолишимиздир.

Айни пайтда Рамазон ойида амалга оширадиган ишларимизни режалаштириш вақтидамиз. Бироқ кўпинча бу ҳаракатимиз зое кетади, Рамазон охирига етганда “ойлик ҳисобот”лар билан танишганда пешонамиз тиришади, “ҳеч нарсага улгура олмабманку”, деймиз.

Келинг, шу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида, айрим жиҳатларга эътиборингизни қаратамиз. Бу маслаҳатлар сизга оз бўлса-да ёрдам берса, бошимиз осмонга етади...

  • Маслаҳатимиз ой бошидан режаларингизни бир варақ қоғозга қоралаб қўйинг, ҳаттоки соатларигача;
  • Аввало бу ойда ҳар томонлама покланишни ихтиёр этинг. Айниқса, нафсингиз тозалигига, руҳиятингиз поклигига эришишга интилинг;
  • Асосий ишларингизни куннинг биринчи ярмигача тугатишга ҳаракат қилинг. Ҳеч қачон тугалланмаган ишни эртагача қолдирманг, чунки эртанинг ҳам ўз юмушлари бўлади;
  • Ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик қилишга интилинг, бу кимгадир кўмак бўладими, оғирини енгил қилиш бўладими, қўлдан келганча эзгуликка шошилинг. Бинобарин, Пайғамбар алайҳиссалом: “Ушбу ойда қилинган ҳар бир саховат фарз амал даражасига, бир фарз амал фазилати эса бошқа ойларда қилинган фарзга нисбатан етмиш даражанинг кўпроғига тенг” эканлигини айтганлар. Шу боисдан ҳам, имкониятни қўлдан бой бермаслигимиз керак;
  • Вақтингизни беҳуда ўтказманг. Биз вақт ҳақида кўп гапирамиз, бироқ Рамазоннинг баҳоси йўқ, имконларга бой, дуолари ижобат, яхшиликлар учун савоблар орттириб бериладиган лаҳзаларини қайтариш амримаҳол, топиш мушкул. Шундай экан, ҳар сониянгизни қадрланг, йўлда бўласизми, бирор нарса кутаяпсизми, бекор турманг. Фойдали китоб ўқишингиз мумкин, ёдламоқчи бўлганингизни такрорлаб юришингиз мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кунингиз учун режалар тузиб олишингиз ҳам мумкин;
  • Яқинларингизни йўқлаб туришни унутманг. Айниқса, ота-онангиз, оила аъзоларингиздан ҳол-аҳвол сўранг, лозим бўлса, кўмаклашинг, хизматларини қилиб, мамнун этинг. Қолаверса, қариндошлар ва дўсту танишлардан сим қоқиб бўлса-да гаплашиб, хабар олинг;
  • Бемор зиёратига ошиқинг. Қариндошларданми ёки маҳалладан кимдир бетоб бўлса, бориб кўришни канда қилманг;
  • Тилингизни фақат ва фақат яхши сўзларга ўргатинг. Муборак ой шарофати билан бирорта ножўя гап гапирмасликка ҳаракат қилинг;
  • Садақа қилишга шошилинг. Бу дегани фақатгина моддий ёрдам эмас. Балки, кимгадир яхшилик қилиб ёки ширин сўз билан, борингки табассум улашиб савобларга эришинг;
  • Юқоридаги эслатмаларга асосан, Рамазон ойини сермазмун ўтказсангиз, фазилатларингиз юзага чиқишига омил бўлади. Натижада эса йил давомида сизни яхшиликлар тарк этмайди, иншоаллоҳ.

Бу ойнинг фазилатларини санаб адоғига етиш мушкул. Бироқ, ҳар кимнинг ўз олий мақсад ва ниятлари мавжуд. Биз фақатгина оддий эслатмалар билан сизга ёрдам бермоқни ният қилдик холос.

Сўзимиз якунида оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Шаъбоннинг сўнгги кунида айтган муборак сўзларини келтирамиз.

Салмон Форсий (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Шаъбоннинг сўнгги куни бизга хитоб қилиб айтадиларки:

-Эй инсонлар, сизларни буюк бир ой бағрига олаётир. Унда минг ойдан ҳам хайрли бўлган қадр кесачи бор. Аллоҳ бу ойда рўза тутишни фарз қилган. Тун ибодатини эса нафл санаган. Ким бу ойда бир савоб иш қилса, у савоблигидан ташқари, бир фарзни адо этган кимса, сингари бўлар. Бу сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. Бу лутф ойидир. Бу ойда мўминнинг ризқи ортади. Ким бу ойда рўзадорларга ифтор қилиб берса, бир қулни озод қилганчалик савоб олади. Гуноҳлари афв этилади...

- Ким ишониб ва савобидан умид қилиб рўза тутса, Аллоҳ унинг ўтмишдаги ва келажакдаги гуноҳларини афв этади. Аллоҳ буюрадики: “Одамзотнинг ҳар амали ўзи учундир, лекин рўза мустасно. У Мен учундир. Бунинг мукофотини Мен ўзим бераман!”

Менинг умматимга аввалгиларга берилмаган беш хислат берилди:

  1. Аллоҳнинг наздида рўзадорнинг оғзидан чиқадиган хид мушкдан ҳам ширинроқ бўлади.
  2. Малаклар ифторгача рўзадор учун истиғфор айтадилар.
  3. Бу ойда шайтонлар жиловланади.
  4. Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаттиради ва “Солиҳ бандаларим қалбларидан ёмонликни йўқ қилиши учун шошилинч ҳаракат қилишяпти”, - дейди.
  5. Аллоҳ ойнинг сўнгги кечасида бандаларини афв этади.

Шарифа ҒАНИЕВА

“Зиё” студияси муҳаррири

Рамазон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Индонезия дин ишлари вазири: Самарқанд шаҳри Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза

29.04.2025   4984   3 min.
Индонезия дин ишлари вазири: Самарқанд шаҳри Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза

Индонезия пойтахтида Ўзбекистон туризм салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 
 

Тадбирда Индонезия сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, Туризм ва Дин ишлари вазирликлари масъул ходимлари ҳамда матбуот вакиллари иштирок этди.

 

"Qanot Sharq" авиакомпанияси раҳбарияти жорий йилнинг кузги мавсумидан бошлаб Жакарта-Самарқанд-Жидда йўналишида ҳаво қатновлари йўлга қўйилишини эълон қилди. Самарқанд шаҳри ва "Умра+" дастури доирасида индонезиялик сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳақидаги видеофильм намойиш этилди.   

 

Анжуманда сўзга чиққан Индонезия дин ишлари вазири Насируддин Умар Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу заминдан етишиб чиққан буюк зотлар, мутафаккир ва уламолар тўғрисида сўзлаб берди.

 

–Ўзбекистон – муқаддас замин. Самарқанд шаҳри эса Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза, – деди вазир Насируддин Умар. – Мовароуннаҳр уламолари Индонезия оролларида ислом дини таълимотини қарор топтиришда алоҳида ўрин тутади. Ислом оламининг буюк даҳоси, Қуръондан кейинги ўринда турувчи "Ал Жомий ас-Саҳиҳи" китобининг муаллифи Имом Бухорий Ўзбекистон заминида таваллуд топган. Ўзбекистон Президентининг фармони билан таниқли муҳаддиснинг қабри жойлашган Самарқанд ёнидаги Хартанг қишлоғида улуғвор ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. Зиёратгоҳ дунё мусулмонлари учун энг аҳамиятли туҳфа бўлиши муқаррар. Шубҳасиз, ушбу воқеа нафақат Янги Ўзбекистон тарихида балки ислом дини ривожланиши тарихида ҳам муносиб ўрин эгаллайди.

 

Имом Бухорий индонезияликлар учун ниҳоятда қадрли шахс. Унинг мақбарасини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Мамлакатимиз биринчи Президенти Сукарно ҳам бундан 70 йил муқаддам яъни 1956 йилда муҳаддиснинг қабрини зиёрат қилган.

 

Ҳар йили 1 миллион 200 мингдан ортиқ ватандошимиз Умра амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига йўл олади. Зиёратчиларимиз аксарият ҳолларда Истамбул, Қоҳира, Доҳа, Аммон шаҳарларида тўхтаб ўтишади. Самарқанд шаҳри ўзининг бой тарихи, юксак маданияти, исломий обидалари, тамаддун масканлари, ўзбекларга хос меҳмондўстлик қадриятлари, аҳолисининг индонезияликларга бўлган илиқ муносабати нуқтаи назаридан қайд этилган шаҳарлардан кўп маротаба афзалдир.  

 

Индонезия томони, шунингдек, "Умра+Самарқанд" дастурини оммалаштиришда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдириб, бугунги нутқи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида жойлаштирилиши ва кенг жамоатчиликка етказилишини урғулади.

 

Шунингдек, тарғибот ва ташвиқот қилиш орқали "Умра+Самарқанд" турпакетини оммалаштириш ва Индонезиядан Ўзбекистонга туристлар сонини кескин ошириш имконияти мавжуд эканлигини таъкидланди.

 

Тадбир доирасида "Qanot Sharq" авиакомпанияси вакиллари ва Индонезиянинг "ASITA" туризм агентликлари ташкилоти раиси Русмиати Нунунг ўртасида Жакарта - Самарқанд - Жидда йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш ва индонезиялик туристларга хизмат кўрсатиш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

 

Ўзбекистон янгиликлари