Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу ъала Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд.
Рамазон ойи шундай ойки, унинг истиқболига чиқмоқ учун бутун борлиқ: Само ўз аҳли билан, ер ўз аҳли билан тайёргарлик кўради.
Само ва унинг аҳли Рамазон ойи истиқболига қуйидагича тайёргарлик кўради:
Биринчиси, Само эшиклари Рамазон ойи кириши билан очилади ва ёпилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки, Рамазоннинг илк кечаси кирса, Осмон эшиклари очилади ва Рамазоннинг охирги тунигача улардан битта ҳам эшик ёпилмайди”.
Иккинчиси, Жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки, Рамазон келса Жаннат эшиклари очиб юборилади, Дўзах эшиклари ёпиб ташланади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”.
Учинчиси, Жаннат иймон ва рўза аҳли учун зийнатланиб тайёрланади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди. Улардан бирида Жаннатга: “Тайёрлан, менинг бандаларим учун безангин, улар яқиндирлар, дунё ҳаётидан толиқиб келиб Менинг ҳузуримда роҳатлансинлар!” деб амр қилинади;
Тўртинчиси, Рамазонинг ҳар тунида Самодан нидо қилувчи ер аҳлига нидо қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Самодан бир нидо қилувчи ер аҳлига Рамазоннинг ҳар тунида то тонг отгунига қадар: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради”.
Бу ойда истиғфор айтувчи мағфират қилинади, тавба қилгувчининг тавбаси қабул қилинади, дуо қилгувчининг дуоси ижобат қилинади, сўрагувчининг сўрагани берилади.
Яъни Само ва аҳли Само Рамазон келишига барча яхшиликлар билан тайёргарлик кўрадилар ва уни кутиб оладилар.
Ер ва унинг аҳли учун эса Рамазон ойи қуйидаги имкониятлар ойидир.
Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У – сабр ойи, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У – кўнгил овлаш ойидир. У – мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.
Эй биродар. Рўзанинг самараси – тақводир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمْ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара,183).
Билингки, албатта, Рамазон ойи янги ҳаёт бошлаш учун улуғ имкониятлар ойидир. Чунки ким бу ойни ғанимат билиб, мағфират сўраса мағифират қилинади, Аллоҳ ва Унинг Расулига қурбат қиламан деган одам мақсадига эришади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам бундай дейдилар: “Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бу Лайлатул-Қадр тунида бўладими?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Йўқ, бу худди ишчилар ишини тугатганидан кейин иш ҳақи олишига ўхшайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали олдимизда минг ойдан афзал кеча бўлмиш Лайлатул Қадр кечаси ҳам бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Лайлатул Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза қалқондир», деганлар. Чунки рўза ўз соҳибини шаҳватдан. гуноҳдан тўсади. Унга зарарли бўлган нарсалардан тўсади. Рўза – қалқондир, у ўз соҳибини дўзах оловидан тўсади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза ва Қуръон Қиёмат куни банда учун шафоатчи бўлади. Рўза: “Эй Роббим, буни кундузи таом ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Қуръон: “Эй Роббим, буни тунда уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Шунда улар шафоатчи бўлишади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтадики: Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун фақатгина рўзаси Мен учун ва Мен унинг мукофотини бераман. Рўза – қалқондир, агар бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон гапларни гапирмасин ва сўкинмасин. Агар бирортаси сўкса ёки урушмоқчи бўлса мен рўзадорман десин. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадорнинг рўзаси сабабли оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг олдида мискдан ҳам хушбўйроқдир. Рўзадорнинг иккита хурсандчилиги бор: Ифтор қилганда хурсанд бўлади ва Роббисига йўлиққанда рўзаси борлигидан хурсанд бўлади», дедилар.
Азиз биродар! Албатта, бу ой – ибодат ойидир.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётиб «Омийн», «Омийн», «Омийн» дедилар. У зотга:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Нега бундоқ дедингиз?» дейилди.
«Жаброил менга: «Ота-онасини ёки иккисидан бирини топиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим.
Кейин у: Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим.
Сўнгра у: «Ҳузурида сиз зикр қилинганингизда, сизга саловат айтмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим» дедилар».
Шундай экан бу ойни ғанимат билайлик. Бу ойдан онадан туғилгандек гуноҳлардан мағфират ҳолда чиқайлик. Омийн.
Абдуманнон УСМОНОВ,
ЎМИ кадрлар бўлими мудири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.
Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.
Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).
Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
Даврон НУРМУҲАММАД