Мусулмонлар учун ўн икки ойнинг энг гўзали бўлган Рамазон ойи қачон кириши аниқ бўлди. Ўтган ҳафта бу муборак ойни муносиб тарзда ўтказиш юзасидан муҳтарам Президентимизнинг қарори ҳам эълон қилинди.
Миллионлаб мусулмонлар иштиёқ ва сабрсизлик билан кутаётган Рамазон ҳар йилгидек фараҳли бир суратда кириб келаётир.
Илк саҳарлик ва ифтор вақти қачон киради?
Машинада кетаётиб Себзордаги чорраҳада қизил чироққа тўхтасангиз, олдингизда Рамазон тақвими сотиб юрган йигитлар пайдо бўлади. Бозорлардаги ер ости йўлларига кириш ва чиқишда ҳам тақвим сотаётганлар билан дучлашасиз. Аслида ана шу ҳам мусулмонларнинг бир-бирига моддий-маънавий ёрдами ҳисобланади. Шундай вақтда бир-икки эҳтиёжманд кишилар уч-тўрт сўм ишлаб қолади-да. Ўша тақвимлардан ҳаммамиз билиб олган бўлсак-да, яна бир бор эслаб олсак фойдадан холи бўлмайди.
Биринчи саҳарлик вақти жумадан шанбага ўтар кечаси 03.25; ифтор вақти эса 19.47. Рамазоннинг энг қисқа вақти ҳам шу кун. Кейинги кунлар бошидан охирига қараб чўзилиб бораверади.
Таровеҳ қандай ўқилади?
Таровеҳ жума куни оқшом бошлаб ўқилади. Таровеҳ – хуфтон ва витрнинг орасида ўқиладиган намоз. Таровеҳни тўрт ракатда бир салом билан ўқиш жоиз бўлса-да, икки ракатда бир намоз билан ўқиш янада фазилатлидир. Намознинг ҳар тўрт ракатида бир оз ўтириб нафас ростлаб олинади. Шу вақтда тасбеҳ айтилади.
Таровеҳни уйда ўқиса ҳам бўлади, аммо жамоа билан бир сафда ўқишнинг савоби каттадир.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон