Агар кимдир сизга муҳаббат қўйганини билсангиз унга бефарқ бўла оласизми?
Агар у тун-у кун сизнинг бахтингиз ҳақида ўйлаган бўлсачи?
Агар у сўнгги нафасигача сизни ўйлаб, сизга саломлар йўллаган бўлсачи?
Агар у сизни ўйлаб ўзи яхши қўрган нарсаларидан воз кечган бўлсачи?
Муҳаббатини фақатгина бу дунёда эмас, охиратда ҳам намоён этишга тайёр бўлсачи?
Сизни бир бор бўсада кўрмасдан, сизни соғиниб, сизга ҳарис бўлиб яшасачи?
Агар..?
“Мени ким ҳам бунчалик севарди?”, дерсиз балки. Ёки мени “ошириб юборган”ликда айбларсиз? Ҳа, мени эҳтиросарга бериган, ҳаёлпараст дейишингиз ҳам мумкин... Лекин ундай эмас! Асло! Хулосага шошилманг. Мени тингланг! Сизни шундай, балки бундан-да ортиқроқ севадиган кишини сизга танитай. У зот бутун оламлар узра, жумладан сиз учун ҳам Раҳмат бўлиб келган – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Ахир бунинг хабарини Оламлар Роббиси Аллоҳ азза ва жалла ўз каломида баён этди:
“Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик”. ( Анбиё.107)
Сиз эса ўша “оламлар”нинг бир бўлагисиз.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сизга бўлган муҳаббатларини нечоғлик буюк эканини ҳам Аллоҳ таоло айтиб қўйди:
“Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг саодат чекишингизга ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. ( Тавба.128)
Ҳа, дунёда сизни у зотчалик севадиган, меҳрибон киши бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Аллоҳ таоло бу муҳҳабатнинг таърифини қисқа ва равон қилиб айтиб ўтди. Энди бунинг исботи ва кўриниши қай тарзда эканлигини ул хазратнинг ўзларидан эшитинг:
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда ул Маҳбуб алайҳис салом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим – мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга иймон келтирадилар!”, дедилар. Ҳа, хурсан бўлаверинг! Ахир сиз У зотни кўрмасдан туриб иймон келтирдингиз-ку! Демак, ул Ҳабиб сизга мушфиқ бўлганлар!
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Бир куни кечаси хуфтон намозини ўқиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кутиб ўтирган эдик. У зот олдимизга кечанинг учдан бири ўтганида ёки ундан ҳам кечроқ чиқдилар. У зотни аҳлларида бирор иш машғул қилганмиди ёки бошқами биз билолмадик. У зот чиққанларида: “Сизлар ғайридинлар кутмайдиган намозга интизор бўлиб ўтирибсиз. Агар умматимга оғирлик бўлмаганида эди, албатта уларга намозни мана шу вақтда ўқиб берар эдим”, дедилар. Сўнгра муаззинга буюрдилар у намозга иқома айтди ва намозни ўқиб бердилар”. (Имом Муслим ривояти.)
У зотнинг сизга бўлган муҳаббатларини кўряпсизми!
“Дунёйингиздан менга учта нарса ёқди: Аёллар, хушбўйлик ва намоздаги ҳаловат”, деганлар У зот алайҳис салом. Мана шу ҳаловатни янада зиёда туйишни истасалар-да, лекин сизга машаққат бўлишини истамадилар. “Агар умматимга оғирлик бўлмаганида эди..!”
Бундай марҳамат Ул хазратнинг ҳаётларида кўп учрайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматимга ёки инсоларга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларни ҳар намозда мисвок тутишга буюрардим”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти.)
У зотнинг бу сўзларини енгил санаманг. Ахир Набий алайҳис салом шунчалик яхши кўрганларидан, хатто ўлим тўшагида ҳам мисвок ишлатганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий алайҳис салом фанодан бақога риҳлат қилар чоғларида мен ёнларида эдим. Шу пайт Абдурраҳмон ибн Абу Бакр қўлида мисвок билан кириб келди. Набий алайҳиссалом мисвокка қарадилар. Аҳволлари оғирлигидан уни сўрашга кучлари етмасди. Мен истакларини тушуниб, мисвокни олдимда ул зотнинг оғизларига солдим. У қаттиқлик қилди. Шунда мен уни оғизларидан олдимда ўз тишларим билан юмшатиб, қайта Расулуллоҳнинг оғизларига солдим. У зот алайҳис саломнинг оғизларига охирги кирган нарса менинг сўлагим бўди. Ўлимлари олдидан у зот билан менинг сўлагимнинг жамланиши, мен учун Аллоҳнинг фазли эди!”
Энди-чи, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизнинг машаққат чекиб, малолланишингиздан қанчалар ҳазир бўлганларини ҳис қилгандирсиз?! Билдингизми, сиз ана шундай Ҳабиб зотга маҳбуб бўлган умматсиз! Мана, у зотнинг ҳаққингизга қилган яна бир дуолари:
Саъа ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тепаликдан келаётган эдилар. Бани Муовия масжиди ёнидан ўтаётганларида унга кирдилар ва икки ракат намоз ўқидилар. Биз ҳам у зот билан бирга ўқидик. Сўнг узоқ дуо қилдилар. Кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга юзландилар ва: “Роббимдан учта нарса сўрадим, иктасини Берди, биттасини манъ Қилди: Роббимдан умматимни қаҳатчилик билан ҳалок қилмаслигини сўрадим, уни менга Берди. Ва Ундан умматимни тошқин билан ғарқ қилмаслигини сўрадим, уни ҳам Берди. Яна Ундан, умматим орасида ўзаро адоват бўмаслигни сўраган эдим, уни мендан манъ Қилди”, дедилар ”. (Имом Муслим ривояти.)
Ё Расулуллоҳ! Қайнаб чиқаётган бу муҳаббатнинг чашмаси қаер?! Ота-онанинг меҳрига тўйиб улғайган бутун башариятнинг кўксини ёриб ҳам бу муҳаббатнинг мислини топиб бўлмайди-я!
Ул зот алайҳис салом сизнинг ташвишингизни беш кунлик ўтгинчи дунёниг ўзидагина қилмадилар. Балки, ул Мустафо сизнинг абадий ҳаётингиз – охират учун ҳам сизга бўлган муҳаббатларидан улуш қолдирдилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг у билан сўраса ижобат бўладиган дуоси бор. Мен ўша дуойимни охиратда умматимни шафоат қилиш учун сақлаб қўйдим”. дедилар”. (Имом Бухорий ривояти.)
Яна бир ҳадисда шундай дейилади:
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳис салом ҳақидаги “Эй Роббим, албатта у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир.” оятини ва Исо алайҳиссалом “Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг ғолиб ва Ҳикматли Зотдирсан.”, деган сўзи ҳақидаги оятини тиловат қилдилар ва икки қўлларини кўтардилаб: “Ё Аллоҳ! Умматим, умматим!”, дедилар ва йиғладилар!” Шунда Аллоҳ азза ва жалла айтди: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор, ҳолбуки Роббинг билувчироқдир, ундан, сени нима йиғлатди, деб сўра”, деб амр қилди. Бас, Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиги келиб сўради ва Аллоҳ таолога у зотнинг айтган гаплари хабарини берди. Ҳолбуки, У биливчироқдир. Аллоҳ таоло эса: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор ва унга, албатта сени умматинг борасида рози қилурмиз”- деб айт, деди”. Имом Муслим ривояти.
Абу Довуднинг бошқа бир ривоятида бу воқеа кусуф намозида бўлгани ва у зот саждаларининг охирида “уфф, уфф” деб пуфлаб, кетидан шундай дуо қилганлари ривоят қилинади: “Эй Роббим! Мен улар орасида эканман, уларни азобламасликка ваъда бермабмидинг?! Эй Роббим! Истиғфор айтиб турсалар, уларни азобламасликка ваъда бермабмидинг?!”.
Ана энди айтинг, бундан кўра мукаммалроқ, бундан кўра гўзалроқ муҳаббат бўлиши мумкинми?! Дунёдаги меҳрни бир ерга тўплaб, у зотнинг меҳрларичалик тафтни туйиш мумкинми?! Дунёдаги ҳаловатлардан сиз учун кечса, охиратда сизнинг нажотингиз ғамида елса, югурса! Фанода ҳам бақода ҳам “умматим! умматим!” , дея ташвиш чекса..!
Бор-будимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат бўлганида, бутун оламон бир-бирларига аралашиб кетиб, ҳаяжонда бўладилар. Улар Одамнинг алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Бизлар учун Робингиздан шафоат сўранг!”, дейишади. У зот: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Иброҳимдан (алайҳиссалом) сўранглар, у Раҳмон Зотнинг халилидир (дўсти)!”, дейдилар. Инсонлар Иброҳим алайҳиссалом олдиларига келишади. У зот ҳам: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Мусонинг (алайҳиссалом) олдига боринглар, чунки, у калимуллоҳдир (Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган пайғамбар), деб айтадилар. Инсонлар Мусо (алайҳиссалом) олдиларига келишганида, у зот ҳам худди шундай жавоб берадилар ва “Сизлар Исонинг олдига боринглар, чунки, у Аллоҳ пуфлаган руҳи ва калимасидир”, дейдилар. Кейин инсонлар Исо алайҳиссалом олдиларига келишади, у зот ҳам “Мен шафоат сўрашга ҳақли эмасман, сизлар Муҳаммаднинг соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига боринглар”, дейдилар. Инсонлар менинг олдимга келиб сўрашади. Шунда мен: “Мен сизларни шафоат қиламан”, дейман. Сўнгра Роббимдан изн сўрайман, Роббимдан менга изн берилади ва Ул зот менга, мен Ул зотни мақтайдиган мақтовли сўзларни илҳом қилади. Лекин у қандай мақтовли сўзлар эканини ҳозир билмайман. Сўнгра мен ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен: “Умматим, умматим!”, дейман. Кейин менга: “Бор, қалбида арпа доничалик иймони бўлган кишиларни жаҳаннамдан чиқар”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтаман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим!”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида зарра (ёки хантал) миқдоричалик иймони бўлган кишиларни чиқаргин”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим!”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида хантал донининг миқдоридан-да озроқ, кичикроқ иймони бўлган кишиларни озод қил”, дейилади. Бориб, яна (айтилган нарсаларни) қиламан. Кейин тўртинчи бор яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга яна: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Шунда мен: “Роббим, менга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишилар ҳақида изн бер”, дейман. Ул зот: “Иззатимга, жалолимга, буюклигим ва улуғлигимга қасамки, мен ундан (жаҳаннамдан) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишиларни ҳам чиқараман”, дейди”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло - нақадар Буюк ва Ростгўй Зот!:
“Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг саодат чекишингизга ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. ( Тавба.128)
Бошқа сифатлари қатори Раҳмати ҳам нуқсонсиз бўлган Зотнинг раҳмли пайғамбаридирлар ул Ҳабиб соллаллоҳу алайҳи васаллам!
Энди айтинг, ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишда кўксиларини қалқон қилган саҳобалари орасида ҳам сизни эслаб йиғлаганлари, ул зотни бутун борлиғи, ҳатто ўзларидан ҳам ортиқ суйган, ҳар бир иршодларига оғишмай, тоймай амал қилган, у зотга мурожат қилганларида “Отам, онам сизга фидо бўлсин!”, дея мурожаат қилган, комил иймон соҳиби бўган асҳобларига; “Иймонлари ажойиброқ!”, деб сизнинг иймонингизни эътироф этишлари, сизга бўлган чексиз муҳаббатларидан дарак эмасми?!
Диндошим! Сиз, икки дунёда ҳам башар учун фахр ва шараф бўлган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан севилдингиз. Энди сиз ҳам ул бобарокотни муносиб севинг! Агар қалбингизда у зотга нисбатан муҳаббат туйсангиз, хурсан бўлинг ва ул Хазратнинг башоратларини қабул қилинг!
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қиёмат ҳақида сўраб: “Ё Расулуллоҳ! Қиёмат қачон?”, деди. Шунда Набий алайҳис салом: “Унга нима таёрладинг?”, дедилар. Ҳалиги киши: “Унга ҳеч нарса таёрлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман!”, деб жавоб қайтарди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллвм эса: “Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан!”, дедилар”.( Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Сизга саловат ва саломларнинг энг афзали бўлсин, ё Расулуллоҳ!
“Мулла Абдуғаффор ҳожи”
жомеъ масжиди имом хатиби
Икром Каримов
Ёмонликдан қайтариш
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойилларини, суратларию сийратларини таърифлаб: «Биринчи бор кўрган киши у зотдан ҳайбатланар эди. У зот билан аралашиб, таниган киши эса яхши кўриб қоларди. У зотни сифатлаган киши: “Ундан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдек бирор кишини кўрмадим”, дейди, деган» (Имом Термизий, “Шамоили Муҳаммадия”).
Ҳақиқатан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламда салобат ҳам, виқор, марҳамату шафқат ҳам – хуллас, ҳамма гўзал сифатлар, фазилатлар жамланган эди. У зотни илк марта кўрган ҳар қандай киши сергак тортар, виқорларидан, салобатларидан ҳайбатланар эди. Лекин Набий алайҳиссалом билан гаплашган, суҳбатда бўлган одам у зотнинг ҳалимликлари, гўзал сўзлари, мукаммал одоб ва ахлоқларига маҳлиё бўлиб қоларди...
Бугун ўзини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматиман деб ҳисоблаб, у зотнинг суннатларига мос тарзда дўппи кийган, соқол қўйган айрим кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг олдига бориб, улар билан танишсангиз, дастлаб хурсанд бўласиз. Бироқ бироз ўтиб уларнинг хатти-ҳаракталаридан ёқа ушлайсиз.
“Албатта, жасадинг (тананг)нинг ҳам сенда ҳаққи бор” (Имом Бухорий ривояти) ҳадисига мувофиқ ҳар чоршанба спорт билан шуғулланамиз. Майдонга борсак, бизлар билан бир вақтда ёнимиздаги майдонга ҳам йигитлар йиғилишди. Соқол қўйган, айримларининг бошида дўппи ҳам бор. Салом беришди, алик олдик.
Чамаси ярим соатлар ўтиб, улардан бири сўкина кетди. Йигитларга қилган ҳавасимиз нафратга айланди. Оғзидан боди кириб-шоди чиқавергач, охири уларга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Бир-икки нафари тамаки ҳам тутата кетди.
“Ёшлар қизиққон бўлади-да”, дея уларни оқлашга шошмаслигимиз керак. Миллий ва диний қадриятларимизга путур етказадиган, бутун бир авлодга салбий таъсир қилаётган иллат – ёшларнинг соқол қўйиб, дўппи кийиб, тамаки тутатганча сўкинаётганини ҳеч ҳам тушуниб бўлмайди.
Яна бир ҳолат. Эрталаб ишга шошиб кетаётсам, чамаси 55-60 ёшни қоралаб қолган бир отахоннинг уловини бир йигит машинаси билан бироз сиқиб қўйди. Шунда соқолли, бошида дўпписи ярашиб турган киши уловининг ойнасидан ҳалиги йигитни бўралатиб сўкиб кетди.
Шу воқеани кўриб, соқол қўйиб, дўппи кийиб олган, бироқ оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган ёшлар осмондан тушмаганига, улар ҳам бизнинг орамизда, ўзбек оилаларида яшаб улғаяётганига амин бўлдим.
Ёшларнинг айниб кетаётганига интернет ва ижтимоий тармоқларга соқолли блогерлар, дўппи кийиб олган вайнерлар ва яна аллакимлар жойлаётган бемаъни, тутуруқсиз лавҳалар ҳам сабаб бўлаяпти. Ёшлар тақлидга ўч бўлади. Шу боис улар оилада, кўча-кўйда кўрган нарсаларини амалда қўллашни истайдилар.
Кўчада дўппи кийиб, соқол қўйиб юрган ёшни кўрган одам уни одобли, тарбияли ёки тақводор деб ўйлаши мумкин. Аммо ташқи кўриниш инсоннинг ички дунёсига кафил бўла олмайди. Инсонни кийими билан эмас, хулқи билан таниш керак. Дўппи кийиш яхши фазилатларнинг ўрнини босмайди, соқол қўйиш одобнинг кафолати эмас. Агар инсон ташқи қиёфасидаги маънавий даъвони ички тарбияси билан уйғунлаштирса, шунда унинг кўриниши ҳам, сўзи ҳам, амали ҳам бир-бирига мос келади.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Икки йил илм олдим. Одоб-ахлоқни ўн саккиз йил ўргандим. Қанийди, йигирма йил ҳам одоб-ахлоқни ўрганганимда эди”, деб бежиз айтмаган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Одобни ўттиз йил ўргандим, илмни йигирма йил ўргандим”, деган.
Биз юқорида тасвирлаган ёшларда айнан одоб-ахлоқ етишмаяпти, дея оламиз. Бундай кимсаларга кийган дўпписи ақлини ишлатишга монелик қиляпти, иягида соқол ўсибди-ю, аммо онги ўсмабди, дейиш мумкин.
Ёшлик – жўшқин давр. Шу билан бирга, бу даврда ёшлар катталарга тақлид қилиб улғаядилар. Шундай экан, катталар ҳам одоб-ахлоқда барчага намуна бўлсалар, ёшлар улардан ибрат олиб, миллий қа диний қадриятларимизга путур етказадиган ҳар хил ҳолатлардан йироқ бўладилар.
Содиқул масдуқ зот – Муҳаммал соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Ўз соясига оладиган етти тоифанинг иккинчиси “...Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит...”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Хўш, Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит ким, у қандай бўлади?
Аввало, у сўзи ва амали уйғун бўлган, Расулуллоҳнинг суратларию сийратларини ўзида мужассам этган навқирон авлод вакили бўлади. У ҳар бир ишини Аллоҳ учун қилади, хатти-ҳаракатлари, муомала-муносабатлари Исломннг зилол чашмасидан суғорилган, миллий қадриятларимизда белгиланган мезонларга асосланади.
У ўзига Набий алайҳисаломнинг: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ фаҳш ва ифлос сўз айтувчини ёмон кўради” (Имом Термизий ривояти), деган муборак ҳадисларини мезон қилиб олади.
У, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини ташлаб қўймайди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
“Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит” мактабу мадрасада Имом Бухорий, Хоразмийдек “аълочи”, олий таълим муасссасида Абу Ҳафс Кабир Бухорийдек тиришқоқ, пешқадам, Ватан сарҳадларини қўриқлашда Холид ибн Валиддек, Нажмиддин Кубродек моҳир аскар, тижоратда Абдураҳмон ибн Авфдек уддабурон, зироатда Саъд ибн Абу Ваққосдек миришкор деҳқон, тиббиётда Абу Али ибн Синодек ҳозиқ табиб, ҳандасада Аҳмад ал-Фарғонийдек кучли муҳандис, хуллас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида барчага ибрат бўлиши керак. Ана шунда унга айтган гаплари, кийган кийимлари, шаклу шамойили ярашиб тушади. Ҳамма унга ва ота-онасисига раҳмат айтади.
Толибжон НИЗОМ