Элакни яхши биламиз, унинг хизматини ҳам – кераклини кераксиздан ажратиш. Рамазон ойи инсондаги яхши ва ёмон хислатларни бир-биридан ажратадиган,
яхшиларини сузиб олиб, ёмонларига йўл бермайдиган элак мисоли.
Ундан ўтарканмиз, гуноҳ қолдирган кирлардан тозалангандек, оғирликлардан қутулгандек бўламиз. Орттирган ёмон одатларимиз биздан узоқлашади, биз эса улардан. Қудратли бир қўл элакни силтаркан, елкаларимиздаги ҳеч қачон ажралолмаймиз деб ўйлаган юклардан қутқаради.
Аммо элак кўзидан ўтмай қолган нарсаларга маҳкам ёпишганлар ҳам борки, қанча силталанмасин, улардан ажралишолмайди. Натижада кераксизлар билан бирга чиқитга улоқтирилишади, зое бўлиб кетишади. Агар кишини гуноҳу хатолардан, кибр, кин, ҳасад, бахиллик каби одатлардан Рамазон ҳам қутқаролмаса, элак кўзидан ўтмай, кераксизга чиқарилганлар орасида топади ўзини, Аллоҳ сақласин!
Келинг, Раббимиз бу муборак ойда бизга буюрган амаллар моҳиятига боқайлик.
Рамазон, энг олдин, рўза мавсуми.
Ҳеч бир ота-она боласининг оч қолишини истамайди. Улар хоҳлаган нарсаларни едиришга ҳаракат қилади. Бу – ота-онага Аллоҳ таоло ато этган марҳамат, шафқат намоёни. Шундай бўлгач, марҳаматлиларнинг марҳаматлиси бўлган Зот биз қулларини кунлар давомида ейиш-ичиш каби нафсимизга хуш келадиган нарсалардан тийиб юришга буюриши бежиз эмас. Чунки рўза фақат бизнинг яхшилигимиз, фойдамиз учун.
«Очликнинг инсонга қандай фойдалари бор?» деган савол жавобини шифокорларга қолдирайлик-да, маънавий фойдаларига тўхталайлик. Рўза билан одам очлик нима эканини билади. Ўзи бир кунгина чеккан очлик, ташналик азобини бир умр тортиб яшаган, яшаётганлар аҳволини тушунади, кўнглида шафқат, марҳамат уйғонади. Ҳеч бўлмаса дуолари билан уларга кўмак беришга шошилади. Овқат ейишга кетадиган вақтини, қувватини яна-да яхши нарсаларга сарфлайди. Хаёллари, туй¬ғулари теранлашади, бадани дам олади, руҳияти юксалади.
Рамазон – Қуръон мавсуми. Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз (с.а.в.) Жаброил (а.с.) билан юзма-юз ўтириб, ўша пайтга қадар нозил бўлган оятларни ўқиб берганлар. Вафот этадиган йилларида эса бу ҳолат икки марта такрорланган. Демак, Рамазон Қуръони карим нозил бўла бошлаган, такрор-такрор ўқилган, тингланган, ёд олинган ой. Бу муддатни Қуръоннинг фақат арабчасини эмас, балки тафсирларини ўқиб, маъноларини тушуниш мавсуми сифатида қадрлай олсак, не бахт!
Рамазон – инфоқ ойи. Закот, фидя ва фитр садақалари билан яна-да файзланган ой бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам дилига қувонч бахш этади. Муҳтожлар ўзлари орзу қилган моддий имконларга етишса, бойлар зиммаларидаги бурчни адо этиш билан хушнуд бўлишади.
Рамазон – намоз ойи. Таҳажжудлар, саҳарларда ўзгача хушуъ билан ўқилган бомдодлар, беш вақт намозни масжидларда адо этишга қилинган ҳаракатлар ва оқшомнинг таровиҳ билан файзга тўлиши... Қазо, нафл намозлари...
Рамазон – силаи раҳм ойи. Қўшни ва қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, кишилар бир-бирларининг ҳолидан ҳар дамгидан ҳам кўпроқ хабар оладиган мавсум.
Рамазон – савоби мақбул ҳажга тенг бўлган умра ойи. Каъба билан, Макка ва Мадина билан юзлашиб, дилдаги Саодат асри соғинчлари тафтини бир оз бўлса-да босиш фурсати. Тутилган рўза, қилинган барча ибодатлар муборак маконлар василаси билан яна-да барокатланадиган палла.
Рамазон – шайтонлар занжирбанд қилиниб, нафслар эзилган, руҳлар парвозга шайланган, кўнгиллар юмшаб, шафқатга тўлган – илоҳий раҳмат ёмғирлари ҳар жой, ҳар дилни обод қилган ой.
Ва яна Рамазон ичида минг ойдан хайрли экани хабари берилган кеча – Қадр бор. Яъни, бу кечани топган, қимматига муносиб тарзда кутиб, кузатган инсон бутун умрини ибодат билан ўтказганга тенг демак!
Балки бу сўнгги Рамазондир биз учун. Шундай бўлгач, сўкилганларимизни бутлайлик, синдирганларимизни таъмир этайлик, бузганларимизни тиклайлик. То қабрга киргунимизча тақиб қиладиган, у ерда ҳам бизни ҳисоби билан чарчатадиган, ўзи эса ортимиздагилар билан бирга қоладиган моддий юкларимизни маънавийларига алмаштирайлик. Фаришталарнинг бу муддат ичра тонгга қадар «Аллоҳу каримдан ҳожатини истаганлар борми? Борми Меҳрибон Зотдан саломатлик, шифо сўраган? Кечирилиш, афв этилиш тилаганлар борми?» деган нидоларига «лаббай» дея жавоб берайлик.
Бу муборак ойни шундай кутиб, шундай кузатайликки, Рамазон элагидан қалбу жисмимиз-ла тоза, соф ҳолатда ўтиш барчамизга насиб қилсин!
Зумрад Фозилжон қизи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.
Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.
Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.
Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.
Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:
– Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:
Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;
Умора ибн Шиҳобни Куфага;
Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;
Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;
Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...
Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.
– Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.
У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.
1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.
2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.
3. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.
Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди