frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

26.05.2017 й. Рамазон ойи – муборак ой!

22.05.2017   14409   12 min.
26.05.2017 й. Рамазон ойи – муборак ой!

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Жонажон диёримизга муборак Рамазон ойи кириб келди. Бу ой – саодат асридан буён мусулмонлар томонидан алоҳида аҳамият билан кутиб олинадиган ойдир.

 Бизни мусулмонлардан қилиб яратган ҳамда доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Рамазон рўзаси қибла Маккага ўзгарган йили, яъни, ҳижратнинг иккинчи йили, Шаъбон ойининг 18-куни фарз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил фарз рўзасини тутганлар.

Рамазон ойида Қуръон нозил бўлган, бу эса Рамазон ойининг фазилатларини янада зиёда қилади. Рўза инсоннинг соғлигига шифо бўлса, Қуръон унинг руҳиятига шифодир. Бу ой мусулмон киши учун тарбия, меҳр-шафқат ойидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутганларнинг гуноҳлари мағфират қилиниши ҳақида марҳамат қилганлар:

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда имон  ила савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда имон  ила савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким “Лайлатул қадр”да имон  ила савоб умидида қоим бўлса (бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.

Мусулмон кишининг йил давомида адо этиб юрган намоз, садақа ва шу каби яхши амаллари бандалик билан содир этилган гуноҳларини кетказиб туради. Аммо булардан ҳам ортиб қолган гуноҳлари бўлса, у гуноҳлар Рамазон билан кетказилади.

Рамазон ойи келганида Пайғамбаримизнинг (с.а.в) саховатлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам жанобнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморларни бориб кўришимиз керак. Чунки бу амаллар, айниқса, ушбу муборак ойда кўп савоб бўладиган ишлардир.

Муҳтарам  жамоат! Инсон гуноҳлардан холи эмас. Гуноҳлар мусулмон киши учун худди баданга етган заҳар кабидир. Заҳарланган танага заҳарни кетказувчи восита қанчалик муҳим бўлса, мусулмон кишига ҳам гуноҳларини ювиш учун Рамазон рўзаси шунчалик муҳимдир.

Агар гуноҳнинг зарарларига назар ташлайдиган бўлсак, инсоният оламидаги энг катта ҳалокату хорликларнинг барчаси гуноҳ-маъсиятлар сабабидан юзага келганига гувоҳ бўламиз:

Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ-маъсият сабабли ғарқ бўлган.

Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ-маъсият сабабли шамол довул билан ҳалок бўлган.

Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ-маъсият сабабли чақмоқ билан ҳалок бўлган.

Ҳа, ўтган қавмларнинг барчасини ҳалокатга учратган нарса уларнинг қилган гуноҳ-маъсиятларидир.

Ушбу ой ана шундай ҳалокатга олиб борадиган гуноҳ-маъсиятлардан қутилишга сабаб бўладиган ойдир. Гуноҳнинг мўмин қалбига қандай таъсир қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши қачон гуноҳ қиладиган бўлса,  қалбида бир қора доғ пайдо бўлади, агар тавба қилиб, ундан четланиб, истиғфор айтса, қалби ундан сайқаллашади. Агар гуноҳ ишини кўпайтираверса, ҳалиги қора доғ ҳам катталашаверади, ҳатто, қалби у билан қопланиб қолади. Бу Аллоҳ азза ва жалла китобида зикр қилган “Рон”дир: “Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир[1], дедилар”. Байҳақий "Шуъабул имон"да ривоят қилган.

 Демак, бу ой тавба қилишга, истиғфор айтишга, савобларни кўпайтиришга ва қалбларимизни сайқаллашга энг яхши фурсатдир. Бошқача қилиб айтганда, бу ой ибодат мавсумидир.  

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва исёнкор жинлар занжирбанд қилинади, дўзах эшиклари ёпиб қўйилади ва улардан бирортаси ҳам очилмайди, жаннат эшиклари очиб юборилади ва улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талаб қилувчи, ҳаракат қилиб қол! эй ёмонликка интилувчи, тийилгин!”, дея нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган кўплаб бандалари бўлади. Ўша (нидо) ҳар кечада бўлади”, дедилар.    Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.

Муҳтарам жамоат! Кундузлари рўзадорлик ва кечалари тоат-ибодатлар билан ўтадиган бу муборак ойнинг фазли, меҳр мурувват ва яхшилик қилиш ойи экани ҳамда унда қилинадиган ҳар қандай яхшиликлар, меҳру оқибатлар, эҳсону садақотлар, зикр ва дуолар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар: “Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир.

Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасандан ривоят қилади: “Юсуф алайҳиссаломга: “Ер хазиналари қўлингизда бўла туриб оч юрасиз-а” дейишди. У зот: Қорнимни тўқ тутсам, очларни унутиб қўяман, деб қўрқаман” дедилар.

Муҳтарам  жамаот! Бу ой рўза ва тақво ойидир. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ислом умматига фарз этгани ва бу муборак ой шарофати билан рўзадор киши тақвога эришиши хабарини қуйидаги оятида баён этади: 

Яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (Бақара сураси, 183-оят)

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй инсонлар” деб эмас, балки “Эй имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобдан: “Эй, менга имон келтириб, мени рози қилишни истаган бандаларим, сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно тушунилади. 

 Қуръони каримда мўмин бандаларга буйруқ тариқасида бўлсин, ёки бошқа кўринишда бўлсин, хитоб бўлар экан, албатта бу нарсада мўмин бандаларга фойда бордир. Бу нарса кўп тажрибаларда кузатилган.

Ўз навбатида мўмин бандалар ҳам ушбу буйруқларни  севиниб, чин кўнгилдан қабул қилишади, агарчи унда машаққат бўлса ҳам, амал қиладилар. Чунки бу Парвардигорнинг буйруғидир. Шу билан бирга рўза тутишнинг ўтган бошқа умматларга ҳам фарз бўлгани мусулмонлар учун тасалли ва машаққатни кўтаришга далдадир.

Рўза инсон тарбияси учун муҳим дастур ҳисобланади. Яъни, рўза сабабидан ҳаёт тарзимизни тўғрилаб, нафсимизни жиловлаб оламиз. Бунинг натижасида эса маъсиятлардан узоқлашамиз. Аслида маъсиятлар нафснинг бирор нарсага кучли хоҳишидан келиб чиқади.  Рўза айнан ана шу нафснинг кучли хоҳишини ҳамда унинг жасадга бўладиган ҳукмронлигини сусайтиради.

Бу ойда қилган хайру саҳоватимиз, оила, қавму қариндош, қўни қўшниларга кўрсатган меҳрибончилигимиз ва холис қилган дуоларимизнинг ажру мукофотлари, иншоаллоҳ катта бўлади. Бу билан инсон шаръий истиқомат неъматининг ҳаловатини топади. Натижада, Рамазондан кейин ҳам бу ҳаловатни қўлдан бермасликка уринадиган бўлиб қолади. Ана шу ўринда рамазоннинг ҳикмати намоён бўлади. Аслида, мусулмон кишидан нафақат Рамазонда истиқоматда бўлиш, балки бутун ҳаёти давомида истиқоматда бўлиш талаб қилинган. Ушбу Рамазон ойи эса бандага ҳаётининг барча лаҳзаларида истиқоматда бўлишни ўрганиши учун малака ҳосил қиладиган вақт ҳисобланади.

Рамазон ойининг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган  савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз тарғиботига мувофиқдир.

Ҳадиси шарифда: “Кимики бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўза савоби берилур”, - дейилган (Термизий ривояти). Лекин бу ҳадиси шарифда рўзани тутиб олиб, ифторликка озуқа топа олмайдиган рўзадорлар кўзда тутилган. Бизда эса, одатда ифторликларга ўзига тўқ, бой одамлар таклиф қилинади. Бунинг устига ўз уйида ихчам қилиб ўтказиш ўрнига кафе ва тўйхоналарда худди шодиёна тўй маросимлари шаклида ўтказилиши диний таълимот чегарасидан чиқиб кетишга олиб келмоқда. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг: “Еб-ичинглар, лекин исроф қилманглар!”, - деган буйруғига хилоф равишда одатга айланиб бораётган мазкур тадбирларга ўз вақтида чек қўйиш учун Рамазон ойида ифторлик маросимларини исрофгарчиликка йўл қўймасдан, хонадонларда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Муҳтарам жамоат! Бу ойнинг ҳар дақиқасини ғанимат билайлик. Айниқса саҳарлик, ифторлик, тунги вақтлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилишни тавсия қилиб шундай деганлар:

Яъни, Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар, албатта, саҳарликларда барака бордир” дедилар.  (Имом Муслим ривояти).

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик қилиш ҳақида шундай деганлар:

Яъни, Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар мадомики,  ифторликни ўз вақтидан кечиктирмай қилар эканлар, доимий яхшиликда бўлишади” дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло кириб келаётган Рамазон ойини барча юртдошларимизга муборак қилсин! Ватанимизни тинч-омон қилсин! Бу ойдан гуноҳлари мағфират қилинган бандалардан бўлиб чиқмоқликни барчамизга насиб айласин! Омин!

 

 

 

[1] Мутоффифийн сураси 14-оят.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Исломий банклар ликвидлиги ҳам Марказий банк томонидан қўллаб-қувватланади

11.09.2026   33887   5 min.
Исломий банклар ликвидлиги ҳам Марказий банк томонидан қўллаб-қувватланади

Ўзбекистон банк тизимида исломий молия институтларини ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим қадам ташланди. Энди Марказий банк тижорат банклари билан бир қаторда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ҳамда микромолия банкларининг ликвидлигини фавқулодда ҳолатларда исломий молия воситалари орқали қўллаб-қувватлаши мумкин.

Бу тартиб Марказий банк томонидан тижорат банкларининг ликвидлилигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш ажратиш механизмига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда назарда тутилган, хабар бермоқда ЎзА.

Тегишли қарор Адлия вазирлигида 2026 йил 3 сентябрда 3581-2-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил 5 декабрдан кучга кириши белгиланган. Банк тизими учун ликвидлик — молиявий барқарорликнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири. Банкда вақтинча пул маблағлари етишмовчилиги юзага келган тақдирда, унинг мижозлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариши қийинлашиши мумкин.

Шу боис Марказий банк тижорат банкларининг ликвидлигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш механизмидан фойдаланиб келади. Янги ўзгариш эса мазкур тизимни исломий молия тамойиллари асосида фаолият юритувчи банк ва молия институтларига ҳам мослаштирмоқда.

Яъни, исломий банк фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар ликвидлик муаммосига дуч келган ҳолатларда анъанавий фоизли кредит механизмларидан эмас, балки исломий молия стандартларига мос келувчи воситалар орқали қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, мамлакатда исломий молия тизими учун алоҳида молиявий инфратузилма шаклланиб бораётганини англатади. Янги тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири — молиялаштириш шартларининг исломий молия тамойилларига мос равишда белгиланишидир. Жумладан, бундай молиялаштиришда анъанавий кредитларга хос фоиз ставкаси ўрнига устама ёки фойдадан олинадиган улуш каби механизмлар қўлланилиши мумкин.

Молиялаштиришнинг аниқ шартлари, жумладан, устама миқдори, фойдадан олинадиган улуш, молиялаштиришнинг максимал ҳажми, бошқа асосий талаблар Марказий банк Бошқаруви қарори билан белгиланади. Бу ёндашув исломий банклар учун фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларини уларнинг фаолият моделига мослаштириш имконини беради.

Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратишда гаров таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, Марказий банк томонидан молиялаштириш ажратилганда гаров предмети сифатида қабул қилинадиган активлар исломий молия стандартлари талабларига ҳамда Марказий банкнинг белгиланган талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Бу талаб исломий молия операцияларининг бутун жараёни — маблағ ажратишдан тортиб, унинг тўлиқ сўндирилишига қадар белгиланган стандартларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳужжатда фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлашини сўраб мурожаат қилган банкларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланган. Унга кўра, мурожаатлар Марказий банк томонидан уч банк иш куни ичида кўриб чиқилади ва улар бўйича ижобий ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бунда банкнинг молиявий ҳолати, ликвидлик билан боғлиқ вазият, тақдим этилаётган таъминот ҳамда ажратиладиган маблағларнинг молия тизими ва пул-кредит сиёсатига эҳтимолий таъсири баҳоланади. Янги тартибда исломий молия стандартларига риоя этилишини таъминлаш бўйича банкларнинг ички масъулияти ҳам аниқ белгиланган.

Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратилган ҳолларда банкнинг ижроия органи ва Исломий молия кенгаши молиялаштириш тўлиқ сўндирилгунига қадар амалга оширилаётган операцияларнинг белгиланган исломий молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаши ва доимий назорат қилиши лозим. Бу талаб нафақат ҳуқуқий, балки молиявий операцияларнинг исломий молия тамойилларига мослигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда исломий молия тизими босқичма-босқич шаклланиб бормоқда. Исломий молия хизматларини жорий этиш учун фақатгина банк маҳсулотларини ишлаб чиқиш етарли эмас. Шу билан бирга, уларнинг барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган ликвидлик, гаров, назорат ва фавқулодда молиялаштириш механизмлари ҳам яратилиши талаб этилади. Марказий банк томонидан исломий молия воситалари орқали фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий қилиниши ана шу инфратузилмани шакллантиришдаги муҳим қадам ҳисобланади.

Чунки исломий банк ёки исломий молия хизматларини кўрсатувчи муассаса учун ликвидлик муаммосини анъанавий фоизли кредит орқали ҳал қилиш унинг фаолият тамойилларига зид келиши мумкин. Янги механизм эса бундай муассасаларга ўз фаолият стандартларини бузмаган ҳолда Марказий банкнинг фавқулодда қўллаб-қувватлаш тизимидан фойдаланиш имконини яратади.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Марказий банкнинг янги қарори Ўзбекистонда исломий молия тизими учун ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, эндиликда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ва микромолия банклари ҳам ликвидлик билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда исломий молия тамойилларига мос механизмлар асосида қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу эса келгусида мамлакатда исломий банклар, исломий молия маҳсулотлари ва ушбу соҳадаги хизматлар бозорининг кенгайиши учун муҳим молиявий кафолатлардан бири бўлиши мумкин.

Содда қилиб айтганда, исломий молия тизимининг барқарор ишлаши учун зарур бўлган навбатдаги муҳим бўғин шаклланмоқда. Энди исломий банклар нафақат ўз маҳсулотларини, балки фавқулодда ликвидликни қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳам исломий молия тамойиллари асосида ташкил этиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари