Инсонлар ҳаётида бўлиб турадиган турли офат ва беморликларнинг содир бўлиши, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бандаларига бўладиган синовдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
“Аллоҳ таоло қайси бандасига яхшиликни раво кўрса, ўшанга бирор мусибатни юборади” (Бухорий ривояти).
Солиҳ кишига турли хасталиклар, маҳзунлик, ғам-ташвишларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилганидир. Бундай кишилар учун турли ташвишларнинг етиши уларнинг гуноҳларининг каффоротидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими – етадиган
ўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорот қилур”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ислом хасталикларни асосан тиб орқали, баъзи руҳий муолажага эҳтиёжлари борларни Қуръони карим оятлари ила муолажа қилишга амр этган. Ҳар қандай хасталикда аввало шу соҳанинг мутахассисларига мурожаат қилинади.
Лекин афсуски, тиб фани муваффақиятли равишда, тараққиёт чўққиларига эришиб келаётган ушбу замонимизда беморлиги сабаб баъзи инсонлар сохта табибларга ёки фолбинларга мурожат қилишади. Аҳоли ўрталарида иш кўраётган сохта табиблар, фолбин-ромчилар содда кишиларни лақиллатиб, ўз манфаатлари йўлида, осонликча бойлик орттириш мақсадида улардан фойдаланиб келишлари динимиз кўрсатмаларига зиддир
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида марҳамат қиладилар:
“Кимки тиб илмидан бехабар, тажрибасиз бўлатуриб, табиблик даъвоси ила, бирор беморни даволашга киришса ва беморнинг муолажаси сабабли ўлса ёки бирор зарар топса, ундай “табиб” Аллоҳ таоло олдида марҳумнинг қонига зоминдир” (Ибн Можа ривояти).
Беморликка йўлиққан киши сабр қилади, савоб умидида бўлади ва ўзига етган хасталикни Аллоҳ таолонинг қазойи қадари деб тан олади. Бемор бўлган инсон аввало ва доимо Аллоҳ таолодан шифо сўраб, дуода бўлиши, хайр эҳсон қилиши, тавба, зикр ва тазарруъни кўпайтириши лозим. Шариатда ҳаром қилинган нарсалар билан даволанмаслик керак. Буларга тумор осиш, турли дам солинган иплар, баъзи ҳайвонларнинг тирноқ ва тишлари каби нарсаларни ўзи билан олиб юриш кабилар киради. Ушбу ишлар ширкдир.
Аксари ҳолларда, айниқса аёлларимиз орасида беморлик етганида турли фолбинларга бориш натижасида: “Сизда амал бор”, “Иссиқ-совуқ қилингансиз”, ёки “Фотиҳани янгилаш керак, бунинг учун қора қўчқор сўясиз, қонини танангизга сурасиз”, каби нотўғри талқинларни ҳам учратамиз.
Бундан ташқари, “Қўчқорнинг калла-почаси пиширилганда, қўйнинг кўзини ёлғиз фарзандлар ейиши керак”, “Суякнинг илигини ота фарзандига қоқиб бермаслиги керак”, “Қўчқорни калла суягини эса хонадондаги дарахтларга илиб қўйиш назар-нафасдан асрайди”, деб нотўғри талқин қилинади.
Беморлик етганида аввало Аллоҳдангина мадад сўралади. Мутахассис шифокорлар беморнинг тиббий муолажаларга муҳтож эмаслигини тасдиқласалар, у шаръий дуолар ва дам солиш ила даволанишга ўтиши мумкин. Бунда бемор ўзи билган Қуръони карим сураларидан ўқиб ўзига дам солиши ёки илмли инсондан ўзига дам солиб қўйишини илтимос қилса бўлади.
Имонли инсон ҳар қандай маҳзунлик ва беморлик Аллоҳ таоло томонидан эканлигига имон келтиради. Шу билан бирга, дардни берган Аллоҳ таолонинг Ўзи давони ҳам беришига шубҳасиз ишонади.
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Муслим, Абу Довуд ва Молик видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
"Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сизлар уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансиз. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор".
Муовия Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Аллоҳнинг Расули, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳаққи бор?» дедим.
«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот алайҳиссалом (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинти Утба: «Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлади», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот алайҳиссалом (Икки шайх ривоят қилишган).
Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар.
Ақлга солиб кўрилганда ҳам, аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади-да!
Унинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Иккиси бой бўлса, бойники, камбағал бўлса, камбағалники бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.
Эрга хотини учун вожиб нафақалар беш қисмдир:
1. Таом.
Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва овқатга қўшиб ейиладиган нарсалар (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) ҳамда овқат пишириш учун кетадиган барча нарсалар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.
2. Кийим.
Етарли даражада, бир сидра кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва шофеъий мазҳабларида: «Ҳар олти ойда бир сидра янги кийим олиб берилади», дейилган.
3. Маскан.
Эр ўз хотинини маскан билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти савиясида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган бўлиши шарт. Унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.
4. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.
5. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.
Агар эр моли бўла туриб, нафақа бермаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Хотин талаб қилса, бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.
«Улардан асоингни кўтарма ва уларни Аллоҳдан қўрқишга чақириб тургин».
Яъни аҳли аёлинг сенинг ҳайбатингни доимо сезиб турсин. Улардан содир бўладиган ҳар бир ношаръий ишни эътиборсиз қўймаслигингни унутмасинлар.
Сен уларни доимий равишда Аллоҳ таолога тақво қилишга чақириб тур. Бу ишда жуда кўп яхшиликлар бор.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.