Ўқишга, ишга бориш ёки узоқроқ сафарга чиқиш учун турли замонавий уловлар кеча-ю кундуз халқ хизматида. Уловларга телевизор, радио ва аудиолар ўрнатилган. Зерикиб қолмаслик учун улар ҳам керак. Аммо...
Яқинда бир сафарга чиқишга тўғри келди. Манзилга тезроқ бориш мақсадида ҳамкасабалар тезюрар поездга чиқдик. Темир йўл ходимлари хушмуомалалик билан йўловчилардан хабар олиб туришди. Бу барчага хуш келди. Вагон турли ёшдаги йўловчиларга тўлган. Ҳаммага кўриш қулай бўлган баландроқ жойга телевизор ўрнатилган экан. Назоратчи йўловчиларни зериктирмаслик учун телевизорни ёқиб қўйди.
“Дизайн 2016”ни томоша қилишга ҳамма мажбур қолди. “Кулгу усталари” тайёрлаган беҳаё шоу дастурдаги бачканаликлар қандай мақсадда йўловчиларга намойиш этилгани бизни ҳайрон қолдирди. Менинг ёнимда ёшгина талаба қиз ўтирган эди, орқамизда эса балоғатга етган йигитлар ўтирибди. “Қизиқчи”лар шармандалик чўққисига чиққан вақтда ёнимдаги талаба қизда қаттиқ уялиш ҳолатини сездим. Ҳар ҳолда қизнинг уялгани менинг қалбимга озгина таскин берди. Аммо, бу ҳолат яна ва яна такррорланаверса, беҳаёлик одатга айланиб қолмасмикан? Шариатда ҳам, ўзбекчиликда ҳам сир сақланиши муҳим бўлган ҳолатлар бугун катта экранларда намойиш этилса, эртага ёш авлоднинг аҳволи нима бўлади? Уларнинг иймон-эътиқодини тарбиялаш ўрнига ўй-фикрини бузишга ҳатто жамоат транспортлари ҳам хизмат қилса, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?..
Шармсиз вайсашлардан эсон-омон қутулдик. Телевизор ўчди. Назоратчи ака яна ниманидир улади. Энди буниси яхшироқ бўлса керак деб ўйладим. Чет эл киноси экан. Ғайритабиий воқеалар, ўта шовқин-суронли тўфонлар, хуллас, “кулгу” дан кейин трагедик кино намойиши йўловчиларни роса чарчатди. “Ёрдам беринг...”, деган қичқириқлар асабларни қақшатди. Бир маҳал бу кино тугагач, яна “Дизайн 2016” бир бошдан охиригача намойиш этилди.
Ҳамроҳларимиз, ҳаммамиз аёл киши бўлганлигимиз боис назоратчи акага эътироз билдира олмадик. Аммо бу ҳодисани қоғозга туширишга азму қарор қилдим. Чунки ҳар биримиз жамият маънавияти учун масъул бўлмоғимиз лозим деб ўйладим. “Оммавий маданият” чегара билмай истило қилиб олаётган бугунги жамиятда ҳеч бўлмаса транспорт воситалари маданиятсизликка ёрдам бермаса яхшироқ бўлар эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Ижтимоий одоблар” деган нодир қўлланмасининг “Йўл одоблари” мавзусида: “Йўл одобларидан яна бири кишиларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришдир. Бу иш доимо қилинадиган ишлардан эканлигини яхши биламиз. Жумладан, йўлда жамият аъзоларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришга эҳтиёж жуда ҳам кучли бўлади” (219-бет), деб ёзгани фикримизнинг яққол далилидир. Йўлда турли ёшдаги ва савиядаги кишилар тўпланган вақтда одоб-ахлоқ меъёрларига мос келадиган намойишлар тақдим этилса жамият маънавияти ривожига ҳисса бўлади деб ўйлаймиз...
Мунира ХЎЖАЕВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячи- ўқитувчиси
Баъзи уламолар инсоннинг ҳаёт билан видолашув дамларини “сафар чоғи”, “сафар соати” дейишади. Хусусан, машҳур олим Оиз Қарний “Саҳобалар ҳаётидан хотиралар” китобида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг “сафар соати” ҳақида сўз юритиб, бу вақтнинг ростгўйлик, руҳнинг покланиши, ошкоралик ва шаффофлик онлари эканини таъкидлайди.
Бу вақтда ўлим тўшагида ётган инсондан дунё безакларига интилиш, иғво, мунофиқлик, сохтакорлик каби иллатлар чекинар ва у ўзининг ҳақиқати билан ёлғиз қолади. Ҳатто Фиръавн ҳам жон бериш онида ичидаги махфий ҳақиқатни ошкор қилиб, бундай деган:
لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ
“Иймон келтирдимки, Исроил авлоди иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, ٩٠-оят).
Машҳур саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётаркан, юзини деворга буриб олганди. Атрофида ўтирган дўстлари ва ўғли Абдуллоҳ Амр ибн Осга Мисрни фатҳ этиб, Исломнинг ёйилишига катта ҳисса қўшганини, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишини эслатар, у зот бўлса, ўзини қандай оқибат кутаётганини билмагани боис қўрқувдан йиғларди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сўнгги лаҳзаларини бошдан кечирар экан, яшаб ўтган ҳаётини хотирлаб, бундай хулосага келади: “Менинг умрим уч босқичда ўтди. Исломдан олдин жаҳолат босқичида яшадим. Ўша пайтда энг ёмон кўрганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ҳар қанча ҳийла-найранг ишлатиб бўлса ҳам, у зотни ўлдиришга тайёр эдим. Исломни қабул қилгач, Мадинага ҳижрат қилдим. Бу ҳаётимдаги иккинчи босқич, яъни куфрдан Исломга ўтиш босқичи эди...”
Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Холид ибн Валид билан бирга ҳижрат қилганди. Улар Мадинага яқинлашаркан, Амр ибн Ос Холид ибн Валидга: “Ё олдинда юр ёки орқада қол. Менинг гуноҳларим кўп. Расулуллоҳга улар ҳақида айтмоқчиман. У зот билан ёлғиз қолишни истайман”, деди. Шундан сўнг Холид ибн Валид олдинга ўтиб кетди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Қўлингизни беринг, байъат қиламан”, деди.
Расулуллоҳ Амр ибн Осга байъат учун қўлларини чўзганларида, у пайғамбаримизнинг муборак қўлларини маҳкам ушлаб олди. Набий алайҳиссалом: “Сенга нима бўлди, эй Амр?” деб сўрадилар. Амр ибн Ос: “Мен шарт қўймоқчиман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Нимани шарт қўясан?” дедилар. Амр ибн Ос: “Раббим ўтган гуноҳларимни мағфират қилишини шарт қилиб қўяман”, деди. Амр ибн Ос жоҳилият даврида Исломга қарши жангларда қатнашган ва кўпгина гуноҳ ишларга қўл урганди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Амр, билмайсанми? Ислом ўзидан олдинги нарсаларни йўқ қилади (гуноҳларни кечиради)”, дедилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Қўлимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларига қўйиб, байъат қилдим. Шундан сўнг муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга ҳамроҳ бўлдим. У зот мен учун инсонларнинг энг севимлиси эдилар. Исломдан аввалги нафратим муҳаббатга айланди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурматим сабабидан у зотга тик қарай олмаганман. Агар мендан у зотни тасвирлаб беришимни сўрасангиз, бу ишни уддалай олмайман. Чунки у зотга бўлган муҳаббатим, эҳтиромим ва ҳаёим сабабли Расулуллоҳнинг юзларига қарай олмаганман. Ана шу муҳаббат туфайли қайтадан дунёга келгандек бўлдим... Кошкийди, ўша ҳолатимда вафот топган бўлсам. Чунки мазкур ҳолат дин учун кураш, илм, тавба ва ҳидоят каби ҳис-туйғуларни ўзида жамлаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ўзгариб қолдим. Бу ҳаётимнинг учинчи босқичи эди. Бу босқичда дунё мен билан ошкора ўйин қилди. Сиффин ва Жамал каби фитнали ҳодисалар содир бўлди. Аллоҳга қасам, жаннатга кираманми ёки дўзахгами, билмайман!.. Ҳозир биргина калима бор, холос. Уни Аллоҳнинг ҳузурида ўзим учун ҳужжат қиламан. Бу: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” калимасидир».
Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу кафтини маҳкам сиқди ва руҳи танасидан чиқиб кетди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Отамни ювгани олиб кирдик. Ғассоллар унинг бармоқларини ювиш учун очмоқчи бўлдилар, лекин улар маҳкам сиқилганди. Сўнг уни кафанлаш учун бармоқларини очдик, лекин улар яна ёпилиб қолди. Уни қабрга қўйганимизда ҳам қўллари маҳкам сиқилганди”...
Ушбу воқеа замирида барчамиз учун улкан сабоқ бор. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг нақадар самимийлиги, тавҳид калимасини дили ва тилида маҳкам тутиб, Раббисига юзланганига ҳавасдамиз, албатта.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу умрини уч босқичга бўлди. Бизнинг “сафар соати”миз қандай кечаркин? Ҳаётимиз неча босқичдан иборат бўлади? Умримиз қандай кечяпти? Раббимиз биз ожиз бандаларига бу борада ҳам Ўз “таклиф”ини тақдим этган. Оли Имрон сураси ٨-оятида бундай дуо бор:
رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ
“Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа мил-ладунка роҳмаҳ. Иннака антал Ваҳҳааб”.
“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”.
Меҳрибон Зот барчамизни ушбу дуо-оят ҳақиқати билан ризқлантирсин!
Мавжуда НУРИДДИНОВА
тайёрлади.