Муқаддас динимизнинг асоси бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримизга етган илоҳий кўрсатма орқали инсоният тарихида ҳали мисли кўрилмаган тенглик, бағрикенглик ва адолат намуналарини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ҳаётларида ва у кишининг содиқ издошлари бўлмиш рошид халифалар даврида бутун инсоният ҳайратда қоладиган инсонпарварлик ғояларини тарқатдилар.
Тарихда бўлиб ўтган кўпдан-кўп қонли урушлар миллий ва диний низолардан келиб чиққани маълум. Аксар ҳолларда бир дин вакиллари ўзлари эътиқод қиладиган диндан бошқа диндагиларни йўқ қилишга, уларнинг муқаддасотларини оёқ ости қилишга ҳаракат қилган. Инсоният тарихидаги оғир фожеаларга сабаб бўлган хатолардан сабоқ чиқармасдан XXI асрда ҳам бундай урушларни турли баҳоналар топиб мусулмонлар яшайдиган ҳудудларда аланга олдириш виждонли одамларнинг иши эмас.
Ислом ғайримуслимларга бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Маълумки, Ислом дини вакиллари бурунги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик) вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам бағрикенгликнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлди. Жумладан, қуйида келтирадиганимиз тарихий воқелик фикримизни тасдиқлайди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз халифаликларини ўта мушкул ишдан бошлашларига тўғри келди. Бу иш аввалги халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қарши қилинган суиқасдга боғлиқ эди. Қотил Абу Луълуъа ўзини-ўзи ўлдиргани билан иш битиб қолмаган эди. Балки бу қотиллик ёлғиз унинг ўзининг иши эмаслиги ошкор бўлган эди. У ҳолда унинг шерикларини тутиб, жазолаш мушкул иш эмас-ку, дейишингиз мумкин. Ҳа, бу унчалик мушкул иш эмас эди. Аммо иш бошқачасига айланиб, ниҳоятда чигаллашиб кетган эди. Масалани равшан англашимиз учун уни батафсил ўрганиб чиқмоғимиз лозим бўлади.
Ўша машъум куни Абу Луълуъа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни ва яна ўн уч саҳобийни ҳамда ўзини ўзи пичоқлаб ташлаганидан сўнг ҳамма нима бўлгани билан қизиқа бошлади.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Абу Луълуъанинг ханжарини кўришлари билан: «Буни кеча Ҳурмузон ва Жуфайнада кўрган эдим. «Бу билан нима қиласизлар?» десам, «Гўшт кесамиз, биз гўштни тиш билан узиб емаймиз», деб жавоб беришди», дедилар.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдурраҳмон эса, Абу Луълуъа, Жуфайна ва Ҳурмузонларнинг бир нарсани пичирлашиб маслаҳат қилиб ўтирганларини, уни кўриб, ўринларидан турганларида ўша ханжар ерга тушиб кетганини айтди.
Ҳамма Абу Луълуъа, Жуфайна ва Ҳурмузон учовлари маслаҳат билан Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд уюштирганларини гумон қила бошлади. Ҳамма уларнинг кимлигини, уларга тегишли маълумотларни суриштира бошлади.
Абу Луълуъа ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг қули бўлиб, асли мажусий, исми Феруз эди. У Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу билан маълум маблағ тўласа, озод бўлишига келишган эди. У Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, харожнинг кўплигидан шикоят қилган, Умар розияллоҳу анҳу: «Харожинг кўп эмас», деганларида аччиғи чиққан эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одатда, асирларнинг Мадинага киришларига изн бермас эдилар. Муғийра ибн Шўъба: «У одамларга манфаатли кўп ишларни билади. У темирчи, наққош, нажжордир» деб, уни Мадинага киритишга изн сўраган, Умар унга изн берган эди.
Абу Луълуъа ўз қавмининг болаларини кўрса, уларни тўхтатиб, бошини силар ва: «Умар менинг жигаримни еди» ёки «Араблар менинг жигаримни еди», дер эди.
Кунлардан бир куни Умар розияллоҳу анҳу Абу Луълуъага:
«Менга сенинг агар истасам, шамол билан ун тортадиган тегирмон қилиб беришинг мумкинлиги айтилди», дедилар.
У Умарга пешонасини буриштириб қаради-да:
«Мен сенга бир тегирмон қилиб берайки, тилларда достон бўлсин!» деди. У қайтиб кетганидан сўнг Умар ўзи билан бирга бўлган одамларга:
«Бу қул менга дўқ уряпти-ку», дедилар.
Кейин Али ибн Абу Толибга қараб:
«Сен нима дейсан?» дедилар.
«Эй мўминларнинг амири, у сизга дўқ қилмоқда», дедилар ҳазрати Али.
Жуфайна эса асли насроний бўлиб, Саъд ибн Абу Ваққос уни маълум ҳақ эвазига одамларга ўқиш-ёзишни ўргатиши учун Мадинага олиб келган эди.
Ҳурмузон асли мажусий бўлиб, форснинг катталаридан эди. У кўп марта мусулмонлар билан сулҳ тузиб, қайта-қайта хиёнат қилган ва охири қўлга тушганда Умар билан гаплашмоқчилигини айтгандан сўнг олиб келинган, ўлимдан қўрққанидан, Исломни қабул қилган эди.
Мазкур уч кимса халифа Умар розияллоҳу анҳуни қасддан ўлдирганига ҳеч қандай шубҳа қолмаган, иллат қаерда эканини ҳамма англаб етган эди.
Ҳазрати Умарнинг кичик ўғли Убайдуллоҳ ҳамма гапни эшитди. У отасининг жароҳати нима бўлишини кутиб турди. Беш кун давом этган муолажалар наф бермади ва Умар розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
Убайдуллоҳ отасининг вафотидан кейин қиличини қўлига олиб, Ҳурмузонникига борди. Унинг қорнига қилич санчиб, ўлдирди.
Кейин Жуфайнаникига бориб, уни икки кўзи орасидан чопиб ташлади.
Охири Абу Луълуъанинг хонадонига борди. У ердаги шерикларини ҳам ўлдирмоқчи эди. Абу Луълуъанинг қизи отасининг силоҳларини беркитаётган экан, унга ҳам қилич солди. У ҳам ўлди.
Кейин кўчага чиқиб: «Отамнинг қонида кимнинг айби бўлса, ҳаммасини ўлдираман!» деб эълон қилди.
Ўша вақтда Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Мадинанинг волийси эдилар. У киши Убайдуллоҳни ушлаб, қамашга амр қилдилар. Уни ушлаб, Саъд ибн Абу Ваққоснинг уйига қамаб қўйишди. Унга қўриқчилар қўйилди. Убайдуллоҳнинг иши бўйича халифа сайланганидан сўнг ўша халифа ўз ҳукмини чиқариши керак эди. Халифа сайланиб бўлиши билан ҳамманинг эътибори Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ишига қаратилди. Бу жуда ҳам нозик ва ҳассос бир масала эди.
Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кенгаш мажлисини чақирдилар ва Убайдуллоҳ ибн Умарни назарда тутиб:
«Менга исломда ёриқ пайдо қилган анави ҳақида маслаҳат беринглар», деди.
Ҳақиқатда Убайдуллоҳ ибн Умар ниҳоятда қалтис ишни қилган эди. Исломда қасос олиш учун қотилни ўлдириш бор. Бир кишини кўпчилик ўлдирса ҳам, қасос олиш учун уларнинг ҳаммасини ўлдириш ҳам бор. Шунингдек, ўлдирилган шахс аҳлининг қотилни ўлдириш, афв этиш ёки дия олишга ҳам ҳақлари бор. Лекин бу ишларнинг ҳаммасини ҳукумат қилиши керак. Ҳеч ким ўзича қасос олиши, ўзича ҳукм чиқариши мумкин эмас. Убайдуллоҳ ибн Умар ҳукуматнинг кўрадиган чорасини кутиб ўтирмай, айбдорларни ўзи ўлдирди.
Кенгаш аъзоларидан бўлган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Убайдуллоҳ ибн Умарни қатл қилиш керак», деган гапни айтдилар.
Баъзилар: «Кеча Умар, бугун ўғли ўлдириладими?!» дедилар.
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу: «Убайдуллоҳ ибн Умар бу ишни халифа сайланмаган вақтда қилди. Шунинг учун уни ҳукуматнинг ҳаққига тажовуз қилди, дейиш мумкин эмас. Ундан қасос олиш шарт эмас», деган фикр билан чиқди.
Халифанинг сўнгги қарори: «Уларнинг валийси менман, мен хун тўланишини ихтиёр қилдим. Уни ўз молимдан тўлайман», дейиш бўлди.
Имом Тобарий Шуъайбдан, у Сайфдан, у Абу Мансурдан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ал Қумознинг (Хурмузоннинг ўғли) отасининг қатли ҳақида гапираётганини эшитдим. У айтди:
«Мадинада ажамлар бир-бирлари билан дардлашиб турар эдилар. Феруз (Абу Луълуъа) отамнинг олдига келди. У ўзининг икки бошли ханжарини ўзи билан олволган экан. Унинг қўлидан олиб кўриб: «Бу юртларда буни нима қиласан?» деди. «У билан кесаман», деди. Буни бир одам кўриб қолиб, Умар мусибатга учраганида: «Мана шуни Ҳурмузонда кўрган эдим. Уни Ферузга бераётган эди», деди.
Убайдуллоҳ ибн Умар келиб, уни қатл қилди. Усмон иш бошига келганида мени чақириб, ундан қасос олишимга имкон берди. «Эй болам, мана бу отангнинг қотили, унга биздан кўра сен ҳақлироқсан. Уни олиб бориб, қатл эт», деди. Мен уни олиб чиқдим. Ер юзида ким бўлса менга учраб, уни афв қилишимни сўрарди. Мен уларга:
«Менга уни қатл қилиш жоизми?» дедим.
«Ҳа», дедилар ва Убайдуллоҳни сўкдилар.
«Сизлар уни ҳимоя қилишингиз жоизми?» дедим.
«Йўқ», дедилар ва яна уни сўкдилар.
Аввало, Аллоҳ учун, қолаверса, ўшалар учун уни тарк қилдим. Улар мени кўтариб олишди. Аллоҳга қасамки, уйимга одамларнинг боши устида етиб бордим».
Бундан ҳамманинг Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ўлдирилмай қолишини чин дилдан тилагани, аммо шариат ҳукмига итоат қилиб, жим тургани аён бўлади.
Мана бу «Ислом адолати» дейилади. Айбдор тараф тайин. Улар халифа Умар розияллоҳу анҳунинг жонига қасд қилганлари аниқ бўлган. Ҳатто бирорта қариндошлари ҳам келиб, халифадан Убайдуллоҳ ибн Умарни жазолашни талаб қила олмаганлар. Чунки улар ҳақиқатни билардилар. Эҳтимол, бу фитнада уларнинг баъзилари иштирок ҳам этгандир.
Шунинг учун Ҳурмузон, Жуфайна ёки Абу Луълуъанинг қизининг қасосини сўраб кела олмадилар.
Шу боисдан ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳукм чиқаришда «Уларнинг валийси менман», дедилар. Шундай бўлса ҳам, Ҳурмузоннинг ўғлини ўзлари чақириб, Убайдуллоҳ ибн Умарни унинг қўлига топширдилар.
Биргина шу мисолнинг ўзиданоқ динимиз – адолат дини экани намоён бўлади, муқаддас динимизни ниқоб қилиб бегуноҳ одамларни қатл этаётган, одамлар гавжум жойларда масжидларни, бозорларни портлатиб юбориб динимизни ёмон отлиқ қилаётган манфур кимсаларнинг қилмишлари динимизга қанчалик ёт эканини кўрсатади. Айниқса, ўзларини манхажи салафи солиҳлармиз деб иддао қилаётган террорчи тўдаларга асл салафи солиҳларимиз қандай адолатли, шафқатли инсонлар бўлганини, уларнинг даъволари салафи солиҳларимиз тутган йўлларига мутлақо зид эканини исботлайди.
Д.АБДУҚОДИРОВ,
Фахриддин Ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мудири
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).
Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).
Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.
Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.
Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.
Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.
Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.
Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.
Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).
﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾
«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).
Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.