Андроид тизимли қурилмаларга мосланган «Таҳлил» араб тилини ўрганувчилар учун амалий дастури ишлаб чиқилди. Лойиҳа араб тили грамматикасини ўрганувчи ёшлар, ўқувчилар, талабаларга мўлжалланган. Дастурдан фойдаланишдан олдин ёки фойдаланиш даврида араб тили грамматикасига оид китоб ўқиш тавсия этилади.
Дастур «Араб тили дарслиги ва таркиб қоидалари» (Мабдуъул қироат) ва «Мабдаъун наҳв» китоблари асосида тузилган. Дастур грамматик таҳлил, эъроблаш ҳамда амалиёт бўлимларини ўз ичига олади. У оффлайн тарзда ишлайди, яъни фойдаланиш учун интернет шарт эмас.
Мазкур дастурнинг асосий имкониятлари:
— Классик араб тилида грамматик таҳлил қилиш
— Жавобларни вариант усулида бериш
— Нотўғри жавоб белгиланган тақдирда, тўғри жавобни автоматик кўрсатиш
— Таҳлил бўлимида ҳар бир дарснинг охирида қайси қоидаларда хато қилингани ҳақида маълумот бериш
— Ўрганувчини дарсни ўзлаштиришига қараб ҳар бир дарснинг сўнгида «Аъло» «Яхши» «Қониқарли» «Қониқарсиз» тарзда баҳолаш
— Ўрганувчи «Қониқарсиз» баҳо олганда унга кейинги дарсга ўтиш имконини бермаслик.
— Эъроблар билан ишлаш имконияти
— Дарсларни ўзлаштириш жараёнини фоизларда ҳисоблаш
— Фақатгина маълум бир қоидани мисоллар билан ишлаш
Дастур қуйидаги бўлимлардан иборат:
Таҳлил — Бу бўлимда ўқувчи грамматик таҳлиллар билан ишлайди. Ушбу бўлимнинг афзаллиги шундаки, ўрганувчи берилган гапларни классик араб тилида таҳлил қилиш имкониятига эга. Белгиланган жавоб нотўғри бўлса, автоматик тарзда тўғри жавоб ва унинг таҳлили келтирилади. Ҳар бир дарснинг сўнгида дарс неча фоизга ўзлаштирилгани ва қайси қоидаларда хато қилингани ҳақида маълумот берилади. Бу эса фойдаланувчига қулайлик яратади. Бу бўлим 52 дарсдан иборат.
Эъроблаш — Араб тилини ўрганишда сўзнинг охирги ҳаракатини қўйиш жуда муҳим ҳисобланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, иккинчи бўлимда бундай имконият тақдим этилди. Бу бўлим ҳам 52 дарсдан иборат бўлиб, билимларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Амалиёт — Бу бўлимда ҳар бир грамматик қоидага тегишли жами 800 дан ортиқ мисоллар берилган. Ушбу бўлимда ўқувчи қайси қоидани тушунишда муаммога дуч келаётган бўлса, шу қоида бўйича ўз устида ишлаш имкониятига эга бўлади. Бунда, ўрганувчи, гапдаги жорий қоидага тегишли сўзни топиб белгилаши керак.
Қисқача тавсиф:
Дастур номи: Таҳлил
Ҳажми: 3.45 Мб
Жорий версия:1.0
Гувоҳномa: Интеллектуал мулк агентлиги № ДГУ 04053
Талаб этиладиган Андроид версияси:4 ёки ундан кейингилари
Ишлаб чиқувчи:Темурбек Адҳамжонов
Электрон почта: 94temurbek@gmail.com
Фаоллаштириш нархи: 10000 (ўн минг) сўм
Play market’дан юклаб олиш:
https://play.google.com/store/apps/details?id=abutech.tahlil
Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида диний-маърифий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш янги босқичга кўтарилди. 2016 йилда 5 минг 200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини бажарган бўлса, 2024 йилда 15 мингдан ортиқ мўмин-мусулмонлар ҳожилик шарафига муяссар бўлди.
Бу йил ҳам 15 мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этишади. Мамлакатимизнинг 9 та ҳудудий аэропортидан зиёратчилар ҳар куни тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига ҳаж сафарига юборилади. Парвозлар “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси билан биргаликда Саудия Арабистонининг “FlyNas” ва “FlyAdeal” авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Юртдошларимизга Мадинаи мунавварада ҳамда Маккаи мукаррамада барча шарт-шароитни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан иборат дастлабки ишчи гуруҳ фаол иш олиб борди.
Мадина шаҳрида муҳташам беш юлдузли “Zam-zam Pullman” меҳмонхонаси, Маккаи мукаррамада “Marmara hotel”, “Romance hotel”, “Al-Ayyam elite”, “Concrete hotel”, “Abroj Dania”, “Paradise”, “Open hotel”, “Ayyed saha” каби саккизта меҳмонхона ҳожиларни юқори савияда кутиб олишга шай қилинган. Меҳмонхоналарда зиёратчилар учун намозхоналар, ошхоналар, тиббиёт пунктлари ҳамда бошқа зарур воситалар ҳозирланди.
13 май куни тонгда муборак ҳаж сафарини ният қилган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи дилда қувонч, тилда шукроналик билан муқаддас замин сари йўлга чиқди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, шунингдек, мутасадди ташкилотлар масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлди.
Орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж — 2025” мавсумининг илк зиёратчилари аэропортдан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Шу куни Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчилар “Ҳаж — 2025” ишчи гуруҳи ва мутасаддилар томонидан тантанали кутиб олинди.
Юртдошларимизга муҳташам “Zam-zam Pullman” меҳмонхонасига киришлари биланоқ зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, иззат-икром кўрсатилди. Ватандошларимиз шодлик ва шукроналик туйғулари билан зиёрат ва ибодатларни адо этишга киришди.
Айниқса, меҳмонхонанинг Масжиди Набавийга жуда яқин масофада жойлашгани ҳожиларимизни беҳад мамнун қилмоқда. Улар кунлик барча ибодатни ушбу муборак масжидда адо этмоқда. Улар ўз дуоларида Яратгандан юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга бундан-да фаровонлик сўрашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимиз 2025 йил 13 майдан 28 майга қадар ҳаж сафарига кузатилади.
«Халқ сўзи».