Усмонхон АЛИМОВ – 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Кўп йиллар Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлади. 1989–1990 йиллари Марокашдаги Қаравиййин дорилфунунида ўқиди. 2000–2006 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили бўлиб хизмат қилди. 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланди. Усмонхон Алимовнинг “Орлотда акс этган тарих”, “Долзарб саволларга ҳақзарб жавоблар”, “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳазрати Имом (Ҳастимом)”, “Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг муборак васиятлари” (9 та китоб), “Сўраган эдингиз” туркумидаги рисолалари, “Оилада фарзанд тарбияси” (3 та китоб), “Илмнинг фазилати”, “Истиқлол шарофати”, “Хайр-эҳсон фазилатлари”, “Гўзал одоб – фарзанд камоли” каби асарлари нашрдан чиққан. Нажмуддин Насафийнинг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” номли машҳур асарини араб тилидан ўзбекчага таржима қилган. Муфтий ҳазрат Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилиб, “Тафсири ирфон” номида чоп эттирмоқда.
Тошкент Ислом университетининг фахрий фан доктори Усмонхон Алимов 2012 йили нуфузли халқаро ташкилот – Ислом олами уюшмаси (Робита) Таъсис мажлисининг аъзоси бўлди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон