Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Ноябр, 2024   |   29 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:04
Қуёш
07:28
Пешин
12:17
Аср
15:14
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
30 Ноябр, 2024, 29 Жумадул аввал, 1446

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов

15.05.2017   1842   1 min.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов

Усмонхон АЛИМОВ – 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Кўп йиллар Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлади. 1989–1990 йиллари Марокашдаги Қаравиййин дорилфунунида ўқиди. 2000–2006 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили бўлиб хизмат қилди. 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланди. Усмонхон Алимовнинг “Орлотда акс этган тарих”, “Долзарб саволларга ҳақзарб жавоблар”, “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳазрати Имом (Ҳастимом)”, “Расулуллоҳ (алайҳиссалом)­нинг муборак васиятлари” (9 та китоб), “Сўраган эдингиз” туркумидаги рисолалари, “Оилада фарзанд тарбияси” (3 та китоб), “Илмнинг фазилати”, “Истиқлол шарофати”, “Хайр-эҳсон фазилатлари”, “Гўзал одоб – фарзанд камоли” каби асарлари нашрдан чиққан. Нажмуддин Насафийнинг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” номли машҳур асарини араб тилидан ўзбекчага таржима қилган. Муфтий ҳазрат Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилиб, “Тафсири ирфон” номида чоп эттирмоқда.

Тошкент Ислом университетининг фахрий фан доктори Усмонхон Алимов 2012 йили нуфузли халқаро ташкилот – Ислом олами уюшмаси (Робита) Таъсис мажлисининг аъзоси бўлди.

Идора фаолияти
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   3855   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар