Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Яхшиликка калит бўлинг!

15.05.2017   5629   11 min.
Яхшиликка калит бўлинг!

Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсин! Жаннатмакон, азиз юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик буюк Раббимизнинг бизга кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим, деб қилаётган эзгу меҳнатларининг самараси десак, асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар мушкулини осон қилишга, ўксик қалбларни қувонтиришга бахшида этадиган инсонлар - чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо ҳаракатда туриш қандай саодат. Бу саодат  ҳосили том маънода яхшилик деб аталади.

Сунани Ибн Можа ва бошқа машҳур ҳадис китобларда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

من حديث أنس ابن مالك رضي الله عنه أنه عليه الصلاة والسلام قال: إِنَّ مِنْ النَّاسِ مَفَاتِيحَ لِلْخَيْرِ مَغَالِيقَ لِلشَّرِّ، وَإِنَّ مِنْ النَّاسِ مَفَاتِيحَ لِلشَّرِّ مَغَالِيقَ لِلْخَيْرِ، فَطُوبَى لِمَنْ جَعَلَ اللَّهُ مَفَاتِيحَ الْخَيْرِ عَلَى يَدَيْهِ، وَوَيْلٌ لِمَنْ جَعَلَ اللَّهُ مَفَاتِيحَ الشَّرِّ عَلَى يَدَيْهِ.

 “Албатта, инсонлардан яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўладиганлари бор. Ва яна инсонлардан яхшиликка қулф, ёмонликка калит бўладиганлари ҳам бор. Аллоҳ таоло қўлига яхшиликни берган кишига “Тубо” бўлсин! Аллоҳ таоло қўлига ёмонликни берган кимсага “Вайл” бўлсин!”.

(“Тубо” - кўп яхшиликлар ёки жаннатдаги дарахтнинг номи. “Вайл” - кўп ёмонлик ёки жаҳаннамдаги даҳшатли водийнинг номи).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида инсонлар яхши ёки ёмон ишларнинг қилишда икки турли синф бўлишларини таъкидлаб: яхшиликка калит, ёмонликка қулф ва яхшиликка қулф, ёмонликка калит бўлишини баён қилиб беряпдилар. Ушбу ҳадисни эшитган ва юқоридаги набавий тақсим хусусида фикр юритган ҳар бир инсон ўзини мен қайси инсонлар синфидан эканман? Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўладиганлар қаторидами ёки аксими, деб ўйлаб қолади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу саволга жавоб бериш учун инсон ўз нафси олдида туриши, уни қаттиқ сўроққа тутиши, ўтмиши, тутган йўли, инсонлар билан муомаласи ҳақида чуқурроқ ўйлаб, мулоҳаза юритиши лозим бўлади. У яхшиликка калит, ёмонликка қулфми ёки акси?  Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида туриб ҳисоб қилинишдан олдин, ушбу ҳаёти дунёда нафсни қаттиқ сўроққа тутиш лозим. Зеро, у кунда фақатгина иккита йўл: “Тубо”га ёки “Вайл”га элтувчи йўл бўлади, холос.

Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлишни хоҳлаган киши қуйидагиларга амал қилиши лозим:

  1. Сўзи ва амалини холис Аллоҳ таоло учун қилиш. Бирор сўз айтадими ёки амал қиладими ундан фақатгина Аллоҳ таолонинг мукофотини умид қилиши керак. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг розилиги учун қилинган амалнигина қабул қилади. У зот бу ҳақда “Баййина” сурасида шундай марҳамат қилади:

  وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ 

Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) 

холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина 5-оят).    

 Ихлосли бандасидан ёмонликларни даф қилиб, ҳидоятга йўллаш Аллоҳ таолонинг шаръий қоидаси, одатларидандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло пайғамбари Юсуф алайҳиссалом ҳақларида шундай марҳамат қилади:

 وَلَقَدْ هَمَّتْ بِهِ وَهَمَّ بِهَا لَوْلَا أَنْ رَأَى بُرْهَانَ رَبِّهِ كَذَلِكَ لِنَصْرِفَ عَنْهُ السُّوءَ وَالْفَحْشَاءَ إِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُخْلَصِينَ 

“(Зулайхо) унга мойил, у (Юсуфнинг дили) ҳам бунга мойил бўлганди. Агар Раббининг ҳужжатини кўрмаганда (бўлар иш бўлар эди). Шу тарзда ундан ёмонлик ва фаҳшни буриб юбордик. Албатта, у (дили) холис бандаларимиздандир” (Юсуф сураси 24-оят).

  1. Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлишни сўраб Аллоҳ таолога дуо қилиш ва У зотга ёлвориш. Маълумки, Аллоҳ Ўзига нидо қилиб дуо қилган бандасини ноумид қайтармас. Бу борада Қуръони каримда қуйидагича дуо ворид бўлган:

قَدِ افْتَرَيْنَا عَلَى اللَّهِ كَذِبًا إِنْ عُدْنَا فِي مِلَّتِكُمْ بَعْدَ إِذْ نَجَّانَا اللَّهُ مِنْهَا وَمَا يَكُونُ لَنَا أَنْ نَعُودَ فِيهَا إِلَّا أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ رَبُّنَا وَسِعَ رَبُّنَا كُلَّ شَيْءٍ عِلْمًا عَلَى اللَّهِ تَوَكَّلْنَا رَبَّنَا افْتَحْ بَيْنَنَا وَبَيْنَ قَوْمِنَا بِالْحَقِّ وَأَنْتَ خَيْرُ الْفَاتِحِينَ 

“Динингиздан Аллоҳ бизни қутқаргандан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳга ёлғон тўқиган бўламиз-ку? Унга қайтишимиз мумкин эмас, илло, Раббимиз – Аллоҳ хоҳлагани бўлур. Раббимиз ҳамма нарса бўйича илми кенг зотдир. Таваккулни Аллоҳга қилдик. Эй, Раббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳаққоний ҳукм қил! Сен ҳукм қилувчиларнинг яхшисидирсан” (Аъроф сураси, 89 оят).

  1. Аллоҳ таоло фарз қилган амалларни, хусусан, намозни тўкис адо қилишга катта аҳамият қаратиш. Чунки, намоз фаҳш ва мункар ишлардан тўсувчидир. Ҳеч шубҳа йўқки, Аллоҳ таолони буйруқларини бажариб, тоат ибодатда мустаҳкам ва бу йўлда жиддий ҳаракат қилиш. Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасининг 45-оятида шундай марҳамат қилади:

 اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ

“(Эй, Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур.

  1. Карамли хулқлар билан хулқланиш, ёмон хулқлардан четда бўлиш. Гўзал ахлоқ эгасини ёмонликлардан тўсиб, яхшиликка чорлайди. Ёмон хулқ эса эгасини ёмонликка етаклайди.
  2. Яхши инсонларни дўст тутиш ва улар билан бирга ҳамсуҳбат бўлиш. Мўмин кишига хоҳлаган одам билан дўст бўлавериши дуруст эмас. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Киши дўстини динидадир. Бас, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганига назар солсин!”(Абу Довуд ва Термизий ривояти), деган мазмунда муборак ҳадис ворид бўлган. Яхши кишилар билан бирга ўтириш қўлдан бой бериб бўлмас фурсатдир. Уларнинг мажлисларини раҳмат чулғаб олади, фаришталар унга нозил бўлурлар. Бунинг акси ўлароқ, ёмонларнинг мажлисларига эса шайтонлар нозил бўлади.

هَلْ أُنَبِّئُكُمْ عَلَى مَنْ تَنَزَّلُ الشَّيَاطِينُ 

(Эй, Муҳаммад! Айтинг): Мен сизларга шайтонлар (жинлар) кимларга тушиши ҳақида хабар берайми?


تَنَزَّلُ عَلَى كُلِّ أَفَّاكٍ أَثِيمٍ 

Улар барча бўҳтончи, гуноҳга ботган (фолчи-ромчи, коҳин)ларга тушурлар.

يُلْقُونَ السَّمْعَ وَأَكْثَرُهُمْ كَاذِبُونَ 

Эшитиб олганларини уларга ташларлар. (Лекин) Уларнинг кўплари ёлғончилардир”. (Шуаро сураси, 221-223-оятлар).

 Қандай қилиб оқил инсон шайтонлар келадиган давраларда ҳамсуҳбат бўлишни ўзига муносиб кўради?! Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлишни истовчи ҳар бир оқилга яхшилар суҳбатини лозим тутиш даркор.  

Аллоҳ таоло шундай дейди:

 وَاصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ وَلَا تَعْدُ عَيْنَاكَ عَنْهُمْ تُرِيدُ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَلَا تُطِعْ مَنْ أَغْفَلْنَا قَلْبَهُ عَنْ ذِكْرِنَا وَاتَّبَعَ هَوَاهُ وَكَانَ أَمْرُهُ فُرُطًا 

“Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари “юзи”ни истаб, Унга 

илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг! Дунё ҳаёти зийнатини деб кўзларингиз улардан четламасин! Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси 28-оят).

  1. Аллоҳнинг бандаларига насиҳат қилиш. Қайси мўминга бўлмасин қалбингизда фақатгина унга нисбатан насиҳат туйғуси бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда кўп бор такрорлаб: “Дин насиҳатдир, дин насиҳатдир, дин насиҳатдир”, деб марҳамат қилганлар. Инсонлар орасида насиҳат уруғи сочилса фазилат ҳам ёйилади, уларнинг ўрталарида яхшилик ҳам кенг қулоч ёяди. Банда Аллоҳ таолонинг бандаларига насиҳат қилиб яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлиши мумкин.
  2. Қиёмат соатини ва оламларнинг Раббиси ҳузурида туришни ёдга олиш. Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида туриб ҳисоб беришни, ҳаёти дунёда қилиб ўтган амалларга яраша тақдирланишни эслаш.

Инсонларда ҳудди даво (Шифо, малҳам)га ўхшайдигани бор. Агар бирор жойда ҳозир бўлса фойда қилади. Агар сўзласа манфаат бериб, тўғрисини кўрсатади.  Агар насиҳат қилса холис, самимий насиҳат қилади ва рост сўзлайди. У Аллоҳ таолони рози қиладиган амалда пешқадамдир. Ана ўшалар яхшилик калити, тўғриликка далолат қилувчи, ҳидоят кемаси, ислоҳ элчиси, фитнани бостирувчи ва Раҳмоннинг ғазабидан омонда сақлаб турувчи ҳидоятчидирлар.

Аллоҳ таолонинг бандалари ичида ҳудди дардга ўхшайдигани ҳам бор. Агар бирор жойда ҳозир бўлса бало ва офат бўлади. Дўстлари билан суҳбатда бўлса, уларни дунё-охиратларига фойда бермайдиган ишлар билан машғул қилади. Уларни яхшиликдан маҳрум этиб, миш-мишлар билан бахтсиз этади. Агар одамлар билан муомалага киришса ёмонлик етказади. Агар бурилиб кетса, ер юзида фасодга ҳаракат қилади. Қалби касал, фикри бузуқ. Ўзини ёмонлик ва разиллик уруғини ёйишда  шайтоннинг ёрдамчиси, ёмонликка калит, яхшиликка қулф қилиб олган. Биз Аллоҳ таолодан ана шундайлардан қилиб қўймаслигини сўраб дуо қиламиз.        

Яратган бизларни яхшиликка калит, ёмонликка қулф қилишини сўраймиз!

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиб

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръонни тиловат қилишда қандай ният қиласиз?

25.12.2024   105   3 min.
Қуръонни тиловат қилишда қандай ният қиласиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Кўпчилик мусулмонлар Қуръонни фақатгина савоб ва ажр олиш мақсадида ўқишади, айни пайтда Қуръонда кўплаб манфаатлар борлигини унутишади.
Аслида, Қуръонни ҳар гал аниқ бир ният билан ўқилса, Аллоҳ таолонинг фазли ила ўша нияти амалга ошади.
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Амаллар ниятларга боғлиқдир ва ҳар кимга ниятига ярашаси берилади", деганлар.

Қуръон — ҳаёт дастури. Ният олимларнинг сармояси. Шунга биноан мусулмон киши Қуръон ўқиганида қуйидагича ниятларни қилиши керак:

1. Мен Қуръонни илм олиш ва унга амал қилиш мақсадида ўқийман.
2. Мен Қуръонни Аллоҳдан ўзимга, фарзандларимга ва оиламга ҳидоят бериши учун ўқийман.
3. Мен Қуръонни Аллоҳга муножот қилиш учун ўқийман.
4. Мен Қуръонни дардларимга шифо бўлиши учун ўқийман.
5. Мен Қуръонни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига чиқиш учун ўқийман.
6. Мен Қуръонни қалбимнинг қаттиқлигини йўқотиш, унга хотиржамлик солиш ва шайтоннинг васвасасини кетказиш учун ўқийман.
7. Мен Қуръонни ҳасаддан, назар нафасдан ўзимни ва оила аҳлимни асраш учун ўқийман.
8. Мен Қуръонни ғофиллардан бўлиб қолмаслик ва Аллоҳни мудом зикр қилувчилар қаторида бўлиш учун ўқийман.
9. Мен Қуръонни иймоним мустаҳкам бўлиши, ишончим ортиши учун ўқийман.
10. Мен Қуръонни Аллоҳнинг амрига итоат этиш учун ўқийман.
11. Мен Қуръонни ҳар бир ҳарфи учун ўнтадан савоб олиш учун ўқийман.
12. Мен Қуръонни қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига ноил бўлиш учун ўқийман.
13. Мен Қуръонни жаннатда юқори даража топиш учун ўқийман.
14. Мен Қуръонни Аллоҳнинг ҳузурида даражам юксак бўлиши учун ўқийман.
15. Мен Қуръонни қиёмат куни ота-онамга тож кийдириш учун ўқийман.
16. Мен Қуръонни Аллоҳнинг хос аҳлларидан бўлиш учун ўқийман.
17. Мен Қуръонни дўзахдан нажот топиш учун ўқийман.
18. Мен Қуръонни ўзимга ёки оиламга етган сеҳр-жоду амалидан халос бўлиш учун ўқийман.
19. Мен Қуръонни Аллоҳ мушкулимни осон, ҳожатимни раво қилиш учун ўқийман.
20. Мен Қуръонни Аллоҳ қарзимга нажот бериши учун ўқийман.
21. Мен Қуръонни қабримда менга ҳамроҳ бўлиши, сирот кўпригида нур бўлиши учун ўқийман.
22. Мен Қуръонни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари билан хулқланиш учун ўқийман.
23. Мен Қуръонни ўзимни ботил ишлардан тийилиб, савобли ишлар билан машғул қилиш учун ўқийман.
24. Мен Қуръонни ғам-ташвишлардан фориғ бўлиш учун ўқийман.
25. Мен Қуръонни нафсим ва шайтонга қарши курашиш учун ўқийман.

Қуръон тиловати бу - зикр. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: "Аллоҳ таоло шундай деган: "Ким менинг зикрим билан машғул бўлиб, мендан ҳожатларини сўрай олмаса, Мен унга сўраганларидан ҳам афзалини ато этаман". 

Аллоҳ таоло барчамизнинг қилган амалларимизни қабул айласин.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ