Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсин! Жаннатмакон, азиз юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик буюк Раббимизнинг бизга кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим, деб қилаётган эзгу меҳнатларининг самараси десак, асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар мушкулини осон қилишга, ўксик қалбларни қувонтиришга бахшида этадиган инсонлар - чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо ҳаракатда туриш қандай саодат. Бу саодат ҳосили том маънода яхшилик деб аталади.
Сунани Ибн Можа ва бошқа машҳур ҳадис китобларда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
من حديث أنس ابن مالك رضي الله عنه أنه عليه الصلاة والسلام قال: إِنَّ مِنْ النَّاسِ مَفَاتِيحَ لِلْخَيْرِ مَغَالِيقَ لِلشَّرِّ، وَإِنَّ مِنْ النَّاسِ مَفَاتِيحَ لِلشَّرِّ مَغَالِيقَ لِلْخَيْرِ، فَطُوبَى لِمَنْ جَعَلَ اللَّهُ مَفَاتِيحَ الْخَيْرِ عَلَى يَدَيْهِ، وَوَيْلٌ لِمَنْ جَعَلَ اللَّهُ مَفَاتِيحَ الشَّرِّ عَلَى يَدَيْهِ.
“Албатта, инсонлардан яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўладиганлари бор. Ва яна инсонлардан яхшиликка қулф, ёмонликка калит бўладиганлари ҳам бор. Аллоҳ таоло қўлига яхшиликни берган кишига “Тубо” бўлсин! Аллоҳ таоло қўлига ёмонликни берган кимсага “Вайл” бўлсин!”.
(“Тубо” - кўп яхшиликлар ёки жаннатдаги дарахтнинг номи. “Вайл” - кўп ёмонлик ёки жаҳаннамдаги даҳшатли водийнинг номи).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида инсонлар яхши ёки ёмон ишларнинг қилишда икки турли синф бўлишларини таъкидлаб: яхшиликка калит, ёмонликка қулф ва яхшиликка қулф, ёмонликка калит бўлишини баён қилиб беряпдилар. Ушбу ҳадисни эшитган ва юқоридаги набавий тақсим хусусида фикр юритган ҳар бир инсон ўзини мен қайси инсонлар синфидан эканман? Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўладиганлар қаторидами ёки аксими, деб ўйлаб қолади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу саволга жавоб бериш учун инсон ўз нафси олдида туриши, уни қаттиқ сўроққа тутиши, ўтмиши, тутган йўли, инсонлар билан муомаласи ҳақида чуқурроқ ўйлаб, мулоҳаза юритиши лозим бўлади. У яхшиликка калит, ёмонликка қулфми ёки акси? Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида туриб ҳисоб қилинишдан олдин, ушбу ҳаёти дунёда нафсни қаттиқ сўроққа тутиш лозим. Зеро, у кунда фақатгина иккита йўл: “Тубо”га ёки “Вайл”га элтувчи йўл бўлади, холос.
Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлишни хоҳлаган киши қуйидагиларга амал қилиши лозим:
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ
“Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан)
холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина 5-оят).
Ихлосли бандасидан ёмонликларни даф қилиб, ҳидоятга йўллаш Аллоҳ таолонинг шаръий қоидаси, одатларидандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло пайғамбари Юсуф алайҳиссалом ҳақларида шундай марҳамат қилади:
وَلَقَدْ هَمَّتْ بِهِ وَهَمَّ بِهَا لَوْلَا أَنْ رَأَى بُرْهَانَ رَبِّهِ كَذَلِكَ لِنَصْرِفَ عَنْهُ السُّوءَ وَالْفَحْشَاءَ إِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُخْلَصِينَ
“(Зулайхо) унга мойил, у (Юсуфнинг дили) ҳам бунга мойил бўлганди. Агар Раббининг ҳужжатини кўрмаганда (бўлар иш бўлар эди). Шу тарзда ундан ёмонлик ва фаҳшни буриб юбордик. Албатта, у (дили) холис бандаларимиздандир” (Юсуф сураси 24-оят).
قَدِ افْتَرَيْنَا عَلَى اللَّهِ كَذِبًا إِنْ عُدْنَا فِي مِلَّتِكُمْ بَعْدَ إِذْ نَجَّانَا اللَّهُ مِنْهَا وَمَا يَكُونُ لَنَا أَنْ نَعُودَ فِيهَا إِلَّا أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ رَبُّنَا وَسِعَ رَبُّنَا كُلَّ شَيْءٍ عِلْمًا عَلَى اللَّهِ تَوَكَّلْنَا رَبَّنَا افْتَحْ بَيْنَنَا وَبَيْنَ قَوْمِنَا بِالْحَقِّ وَأَنْتَ خَيْرُ الْفَاتِحِينَ
“Динингиздан Аллоҳ бизни қутқаргандан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳга ёлғон тўқиган бўламиз-ку? Унга қайтишимиз мумкин эмас, илло, Раббимиз – Аллоҳ хоҳлагани бўлур. Раббимиз ҳамма нарса бўйича илми кенг зотдир. Таваккулни Аллоҳга қилдик. Эй, Раббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳаққоний ҳукм қил! Сен ҳукм қилувчиларнинг яхшисидирсан” (Аъроф сураси, 89 оят).
اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ
“(Эй, Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур”.
هَلْ أُنَبِّئُكُمْ عَلَى مَنْ تَنَزَّلُ الشَّيَاطِينُ
“(Эй, Муҳаммад! Айтинг): Мен сизларга шайтонлар (жинлар) кимларга тушиши ҳақида хабар берайми?
تَنَزَّلُ عَلَى كُلِّ أَفَّاكٍ أَثِيمٍ
Улар барча бўҳтончи, гуноҳга ботган (фолчи-ромчи, коҳин)ларга тушурлар.
يُلْقُونَ السَّمْعَ وَأَكْثَرُهُمْ كَاذِبُونَ
Эшитиб олганларини уларга ташларлар. (Лекин) Уларнинг кўплари ёлғончилардир”. (Шуаро сураси, 221-223-оятлар).
Қандай қилиб оқил инсон шайтонлар келадиган давраларда ҳамсуҳбат бўлишни ўзига муносиб кўради?! Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлишни истовчи ҳар бир оқилга яхшилар суҳбатини лозим тутиш даркор.
Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَاصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ وَلَا تَعْدُ عَيْنَاكَ عَنْهُمْ تُرِيدُ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَلَا تُطِعْ مَنْ أَغْفَلْنَا قَلْبَهُ عَنْ ذِكْرِنَا وَاتَّبَعَ هَوَاهُ وَكَانَ أَمْرُهُ فُرُطًا
“Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари “юзи”ни истаб, Унга
илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг! Дунё ҳаёти зийнатини деб кўзларингиз улардан четламасин! Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси 28-оят).
Инсонларда ҳудди даво (Шифо, малҳам)га ўхшайдигани бор. Агар бирор жойда ҳозир бўлса фойда қилади. Агар сўзласа манфаат бериб, тўғрисини кўрсатади. Агар насиҳат қилса холис, самимий насиҳат қилади ва рост сўзлайди. У Аллоҳ таолони рози қиладиган амалда пешқадамдир. Ана ўшалар яхшилик калити, тўғриликка далолат қилувчи, ҳидоят кемаси, ислоҳ элчиси, фитнани бостирувчи ва Раҳмоннинг ғазабидан омонда сақлаб турувчи ҳидоятчидирлар.
Аллоҳ таолонинг бандалари ичида ҳудди дардга ўхшайдигани ҳам бор. Агар бирор жойда ҳозир бўлса бало ва офат бўлади. Дўстлари билан суҳбатда бўлса, уларни дунё-охиратларига фойда бермайдиган ишлар билан машғул қилади. Уларни яхшиликдан маҳрум этиб, миш-мишлар билан бахтсиз этади. Агар одамлар билан муомалага киришса ёмонлик етказади. Агар бурилиб кетса, ер юзида фасодга ҳаракат қилади. Қалби касал, фикри бузуқ. Ўзини ёмонлик ва разиллик уруғини ёйишда шайтоннинг ёрдамчиси, ёмонликка калит, яхшиликка қулф қилиб олган. Биз Аллоҳ таолодан ана шундайлардан қилиб қўймаслигини сўраб дуо қиламиз.
Яратган бизларни яхшиликка калит, ёмонликка қулф қилишини сўраймиз!
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиб
«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.
Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.
Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида бир-икки кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.
Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.
Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.
Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.
Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.
“Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”.
Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.
Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.