بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Бугунги жума суҳбатимиз улул-азм, яъни матонатли пайғамбарлар ҳақида бўлади. Шунинг учун аввало пайғамбарлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим деб биламиз. Биз араб тилидаги “расул” ва “набий” сўзларини она тилимизда “пайғамбар” деб ишлатамиз. Аслида, араб тилидаги “расул” ва “набий” сўзларининг ўртасида бироз фарқ бор.
Расул сўзи “рисолатун” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “элчи”, “вакил” ва шу каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан илоҳий китоб нозил қилинган пайғамбар – расул деб аталади”.
Набий сўзи “набаун” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “хабар” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан илоҳий китоб нозил қилинмаган балки ўзидан олдинги китоб тушган пайғамбарнинг таълимотини давом эттирувчи пайғамбар – набий деб аталади”.
Хулоса шуки, барча расуллар набий ҳисобланади, лекин барча набийлар расул ҳисобланмайди.
Пайғамбарларнинг адади қанча бўлгани маълум эмас. Аммо баъзи китобларда уларнинг адади бир юз йигирма мингдан ортиқ, қарийб бир юз йигирма тўрт минг экани зикр қилинган. Қуръони каримда йигирма бешта пайғамбар зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчалари расул бўлишган.
Муҳтарам намозхонлар! Пайғамбарларни Аллоҳ таоло танлаб олади. Шунга кўра, пайғамбаликка ўқиб-ўрганиш ҳамда малака ҳосил қилиш билан эришиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
اللَّهُ يَصْطَفِي مِنَ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا وَمِنَ النَّاسِ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ
яъни, “Аллоҳ элчиларни фаришталардан танлайди, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир!” (Ҳаж сураси, 75-оят)
Биз бандалар барча пайғамбарларга иймон келтиришга буюрилганмиз. Пайғамбарларнинг барчаси маъсумдир.
Пайғамбарларни юборишдан асосий мақсад инсонларга Аллоҳ таолони танитиш ва Унга ибодат қилишга чақиришдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ مِنْ رَسُولٍ إِلَّا نُوحِي إِلَيْهِ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدُونِ
яъни, (Эй, Муҳаммад!) Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилингиз!» – деб ваҳий юборгандирмиз. (Анбиё сураси, 25-оят)
Пайғамбарларни юборишдан яна бир мақсад Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва қайтариқларини етказишдир:
الَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَالَاتِ اللَّهِ وَيَخْشَوْنَهُ وَلَا يَخْشَوْنَ أَحَدًا إِلَّا اللَّهَ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا
яъни, Улар (ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг фармонларини (бандаларга) етказадиган, Ундан қўрқиб, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг ўзи (бандаларининг амалларига нисбатан) етарли ҳисобдондир. (Аҳзоб сураси, 39-оят)
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг баъзилари улул-азм пайғамбарлар дейилади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:
فَاصْبِرْ كَمَا صَبَرَ أُولُو الْعَزْمِ مِنَ الرُّسُلِ
яъни, “Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг”. (Аҳқоф сураси, 35-оят)
Ушбу оятдаги улул-азм, яъни матонатли пайғамбарлар кимлар экани ва уларнинг сонлари нечта экани ҳақида баъзи уламолар уларнинг барчаси улул-азм бўлишган десалар, баъзилари эса улардан маълум сонлиларигина улул-азм бўлишган дейдилар. Бу борада энг машҳур фикр улул-азм пайғамбарлар бешта эканидир. Улар Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломлардир. Улул-азм дейилишидан мурод – улар собит қадам, жидду-жаҳд ва сабр тоқат соҳиблари эканидир. Аслида, барча пайғамбарлар мазкур сифатлар билан сифатланишган бўлишса-да, лекин айнан мазкур бешта пайғамбарлар ушбу сифатларга хосланганига сабаб, улар катта шариат соҳиблари бўлишгани ҳамда бу шариатларини ўрнатишларида кўплаб машаққат ва қаршиликларга дуч келиб, уларни енгиб ўтишда сабр-матонатли бўлишганидир. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга буюриб,“улар каби сабр қилинг”, деб намуна қилингани тўртта бўлади. Яъни, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳиссаломлардир.
Нуҳ алайҳиссалом узоқ муддат қавмини Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирди. Ана шу узоқ муддат давомида қанчадан-қанча қаршиликларга дуч келган бўлса ҳам, имон келтирганлар жуда ҳам оз бўлса ҳам, сабр-матонат ила Аллоҳнинг буйруғини давом эттирди. У зотнинг пайғамбарлик даврининг ўзи тўққиз юз эллик йил давом этган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳмат қилган:
وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا نُوحًا إِلَى قَوْمِهِ فَلَبِثَ فِيهِمْ أَلْفَ سَنَةٍ إِلَّا خَمْسِينَ عَامًا فَأَخَذَهُمُ الطُّوفَانُ وَهُمْ ظَالِمُونَ
яъни, “Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди*. Бас, уларни золим (кофир) бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди”. (Анкабут сураси, 14-оят).
Нуҳ алайҳиссалом умидни узмасдан, қавмига турли усуллар билан даъват қилди. Бу ҳақда шундай дейилган:
قَالَ رَبِّ إِنِّي دَعَوْتُ قَوْمِي لَيْلًا وَنَهَارًا فَلَمْ يَزِدْهُمْ دُعَائِي إِلَّا فِرَارًا وَإِنِّي كُلَّمَا دَعَوْتُهُمْ لِتَغْفِرَ لَهُمْ جَعَلُوا أَصَابِعَهُمْ فِي آَذَانِهِمْ وَاسْتَغْشَوْا ثِيَابَهُمْ وَأَصَرُّوا وَاسْتَكْبَرُوا اسْتِكْبَارًا ثُمَّ إِنِّي دَعَوْتُهُمْ جِهَارًا ثُمَّ إِنِّي أَعْلَنْتُ لَهُمْ وَأَسْرَرْتُ لَهُمْ إِسْرَارًا
яъни, “Нуҳ айтади: “Парвардигоро, қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Лекин чақириғим уларнинг қочишини кучайтирди, холос. Қачон уларни Сенда кечирим сўрашга чақирсам, бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб олишади, қайсарлик билан такаббурлик қилишади. Кейин уларни ошкора даъват қилдим. Сўнг уларга очиқчасига ва кейин яширин ҳам гапириб кўрдим” (Нуҳ сураси. 5-9 оятлари).
Шунча узоқ йилларда ва турли услубларда даъват қилсаларда, қавмидан оз сонли кишиларгина имонга келишди.
Иброҳим алайҳиссалом ҳақида эса шундай дейилган:
وَإِبْرَاهِيمَ إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَاتَّقُوهُ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ
إِنَّمَا تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْثَانًا وَتَخْلُقُونَ إِفْكًا إِنَّ الَّذِينَ تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ لَا يَمْلِكُونَ لَكُمْ رِزْقًا فَابْتَغُوا عِنْدَ اللَّهِ الرِّزْقَ وَاعْبُدُوهُ وَاشْكُرُوا لَهُ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ
яъни, “Иброҳимни (эсланг), у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Ундан қўрқингиз! Агар билувчи бўлсангиз, мана шу ишингиз сизлар учун яхшироқдир. Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасиз ва (уларни илоҳлар деб) ёлғон тўқимоқдасиз. Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқ беришга қодир эмаслар. Бас, (шундай экан) сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истангиз ва Унгагина ибодат қилингиз ва Унга шукр қилингиз! Сизлар (охиратда) Унгагина қайтарилурсизлар”. (Анкабут сураси, 16-17 оят)
Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми гулхан ёқиб, ҳатто у зотни унга отишдан ҳам қайтмади: “(Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборингиз! Агар (бирор нарса) қилувчи бўлсангиз (шу иш билан) илоҳларингизга ёрдам қилингиз!» Биз айтдик: «Эй, олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!» Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса, уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўрувчи қилиб қўйдик”. (Анкабут сураси, 68-70 оятлар)
Мусо алайҳиссаломнинг воқеасига келсак, Қуръони каримда энг кўп зикр қилинган қисса у зот алайҳиссаломга тегишлидир. У зотни Аллоҳ таоло худоликни даъво қилган Фиръавннинг замонида пайғамбар қилиб юборди. Мусо алайҳиссалом даъват йўлида мисли кўрилмаган машаққатларга, баҳс-мунозараларга дуч келди.
Исо алайҳиссалом ҳам пайғамбарлик вазифасини адо қилишда кўплаб қийинчиликларга дуч келди. Қавм унга куфр келтириб, турли туҳмат бўҳтонлар қилишди.
Муҳтарам жамоат! Маълумки, барча пайғамбарлар муаллим бўлиб келишган. Инсониятга хайрият уруғини сочишган. Бугунги кунда гарчи орамизда пайғамбарлар йўқ бўлса-да, лекин уларнинг меросхўрлари бордир. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилган:
عن أَبي الدرداء رضي الله عنه قال: سَمِعْتُ رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: « ... وَإنَّ العُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأنْبِيَاءِ، وَإنَّ الأنْبِيَاءَ لَمْ يَوَرِّثُوا دِينَاراً وَلا دِرْهَماً وَإنَّمَا وَرَّثُوا العِلْمَ ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بحَظٍّ وَافِرٍ».
رواه أَبُو داود والترمذي
яъни, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “... Албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Чунки пайғамбарлар динорни ҳам дирҳамни ҳам мерос қилиб қолдиришмаган. Улар илмни мерос қилиб қолдиришган. Шундай экан, кимда-ким уни олса, катта насибани қўлга киритибди”, деб айтаётганларини эшитдим”. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).
Шунга кўра, биз мусулмонлар уламоларни ғанимат билиб, диний масалаларда ихтилофга бориб қолгудек бўлсак, дарҳол Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларига мурожаат қилишимиз лозим бўлади.
Айниқса, дунё нотинч бўлиб турган, турли ғаламислар динимизга туҳмат тошини отиб турган, айрим ўлкаларда диний шиорлар остида қон тўкилаётган бугунги кун каби таҳликали замонда огоҳ ва хушёр яшамоғимиз, мамлакатимиздаги тинчлик, осойишталикни кўз қорачиғидай асрашимиз лозим.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Юртимизда олиб борилаётган хайрли ишлар ва ислоҳотларга Ўзи баракот ато қилсин! Омин!
Бақара – Мадинада нозил қилинган энг аввалги сурадир. Суранинг бошидаги тўрт оят мўминлар ҳақида, ундан кейинги икки оят кофирлар ҳақида ва улардан кейинги ўн уч оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Бақара сураси Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Энг узун оят ҳам айнан мазкур сурада бўлиб, у қарз ҳақидаги 282-оятдир. Бу оят тўлиқ бир бетни ташкил этади. Бақара сурасини доим ўқиб юрган кишиларга Аллоҳнинг изни билан сеҳру жоду таъсир қилмайди.
Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон қочади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан қочади", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким кечаси Бақара сурасидан ўн оят ўқиса, шайтон ўша кечада унинг уйига кирмайди" (Имом Доримий, Имом Байҳақий ривояти).
Шайтон Бақара сураси ўқилган ерга кира олмаслигини ўзи тан олиб айтган. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Бир куни кимдир келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, "Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мен муҳтож одамман, бола-чақам бор. Ниҳоятда муҳтожман", деди. Мен уни қўйиб юбордим.
Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. "Ё Аллоҳнинг Расули, жуда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ҳали яна келади" деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. У келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни яна тутиб олдим. "Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман", деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.
Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, ниҳоятда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. "Энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга албатта олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман", деди. "Нима у?" дедим. У: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди. Уни қўйиб юбордим.
Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман деган эди, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Улар нима экан?" дедилар. "У менга: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди", дедим.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?" дедилар. "Йўқ", дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "У шайтон эди", дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бақара сураси ўқилган ерга фаришталар тушадилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу тунда "Бақара" сурасини ўқиётган эди. Бир пайт ёнгинасида боғланган от ҳурка бошлади. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошласа, от ҳам безовталанар эди. Қироатни тўхтатса, яна жим бўларди. Ўша вақтда ўғиллари Яҳё от ёнида эди. От босиб олмасин деб, қироатни тўхтатиб унинг олдига бордилар. Ўғилларини отдан узоқроққа қўйгач, осмонга қарасалар, унда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердилар. У зот алайҳиссалом: “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар.
Усайд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Боламни от босиб қолишидан қўрқдим. У отнинг яқинида эди. Отдан узоқроққа қўйиб осмонга қарасам, у ерда соябонга ўхшаш, ичида чироғи бор нарсалар турган экан. Уйимдан чиқиб қарасам, йўқ бўлиб қолибди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд розияллоҳу анҳу: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди. Фаришталар ҳам улардан қочмас эди”, деб айтдилар».
Бақара сураси Қиёмат куни шафоатчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръонни ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир", деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадисда келган “Кифоя қилади”дан қуйидаги маънолар келиб чиқади:
1. Барча ёмонликлардан сақланишга кифоя қилади.
2. Шайтоннинг ёмонлигидан сақланишга кифоя қилади.
3. Савоб олишга кифоя қилади.
4. Кечасини Қуръон қироати ила бедор ўтказишдан кифоя қилади.
5. Инсу жиннинг ёмонлигидан кифоя қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир", деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: "Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади" (Имом Доримий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД