Олди-сотди муносабатларини ўрганишдан асосий мақсад савдо масалаларидаги ҳалол ва ҳаромни ажратиб олишдир. Буларнинг ораларини ажратиб олиш шу қадар муҳимлигидан Имом Муҳаммадга: “Зуҳд-тақво ҳақида китоб ёзмайсизми? дейишганида у зот: “Савдо-сотиқ ҳақида китоб ёзиб қўйганман-ку” деб жавоб берган экан. Яъни улуғ имом бу сўзи билан зуҳд ҳаромдан сақланиб ҳалолдан озиқланиш орқалигина вужудга келишига ишора қилган. “Савдо-сотиқ”нинг шаръий маъноларини ўрганишдан аввал унинг луғавий маъносини ўрганишга ҳаракат қиламиз: Араб тилидаги بَيْعٌ калимасидан “савдо-сотиқ”, “савдолашиш” каби маънолар тушунилади. Бу калиманинг кўплиги بُيُوعٌ бўлади. Шу маънода بَيْعٌ بِالتَّجْزِئَةِ сўзидан – “чакана савдо”, بَيْعٌ بِالْجُمْلَةِ сўзидан “кўтара савдо” маънолари англашилади. Ўзбек тилида ҳам савдо-сотиқ деганда сотадиган ва сотиб оладиган тараф тушунилади.
Ислом ҳуқуқида “савдо-сотиқ” деганда нарсаларни бир-бирига айирбошлашга, сотиб олишга тушунилади.
Аввало, савдо қонуний бўлиши учун сотувчидан ийжоб (таклиф) ва харидордан қабул амалга ошиши лозим. Савдодаги ийжоб ва қабул ислом ҳуқуқида совдо битими учун қўлланиладиган иборалар ҳисобланади.
Ийжоб ва қабул кўпинча ўтган замон сийғасида (шаклида) ишлатилади (масалан: «сотдим», «олдим»). Савдода «оламан» ва «сотаман» каби келажак замон сийғаси қўлланилганда, томонлар ушбу сўзлари билан ҳозирги замонни назарда тутган бўлсаларгина савдо битими тузилган бўлади ва агар келажак замон кўзланган бўлса савдо битими тузилган деб ҳисобланмайди. Шунингдек, «оламан», «сотаман» каби ёлғиз ҳаракат маъносини англатувчи «сот», «сотиб ол» каби буйруқ маъносида келган сўзлар билан ҳам савдо битими тузилмайди. Фақат ҳозирги замонга далолат қилувчи буйруқ билангина савдо тузилади.
Масалан: олувчи: “Мана шу молни менга шунча сўмга сот”, деса; сотувчи “Сотдим”, деса савдо битади. Шунингдек, сотувчи “бу молни шунча сўмга ол”, деса; олувчи (харидор) “олдим”, деса ёки сотувчи «ол» ёки «баракасини берсин» (сотишга розилик ибораси) деса байъ (савдо) битади.
Ийжоб ва қабул оғзаки бўлгани каби ёзма шаклда ҳам бўлади.
Соқовнинг (тилсиз) таниш ишораси билан савдо битими тузилади.
«Ийжоб ва қабул”дан мақсад икки тарафнинг розилигидир. Бинобарин, шунга далолат қилувчи хатти-ҳаракатли айирбошлаш билан ҳам савдо битади ва бунга «байъ таотий» дейилади, (яъни олувчи индамай пулни узатиб, ўз навбатида сотувчи ҳам индамай товарни бериб юбориши). Масалан, харидор индамай пулни узатса ва нонвой нонни берса байъ битган бўлади. Шунингдек, олувчи пулни бериб тарвузни олса ва индамаса савдо битган бўлади. Харидор буғдой олмоқ учун сотувчига беш юз сўм бериб, “буғдойни қанчадан сотяпсан” деганда, сотувчи “килоси юз сўм” деса ва харидор нархга ҳеч нарса демасдан беш килограмм буғдой тортиб беришни сўраса, сотувчи “эртага бераман” деса ҳамда ўрталарида ийжоб ва қабул бўлиб ўтмаса ҳам, савдо барибир битган бўлаверади. Ҳатто эртасига буғдойнинг килоси 150 сўмга чиқса ҳам сотувчи 50 сўм зарарига бўлса ҳам сотишга мажбур бўлади.
Аксинча, буғдойнинг баҳоси эртасига тушган бўлса, олувчи аввалги тўлаган нархи билан олишдан бош тортолмайди. Шунингдек, харидор «бу гўштнинг фалон еридан бунча сўмлик менга тортинг» деса, қассоб уни кесиб тортса савдо битиб, харидор ушбу бўлим гўштни рад қила олмайди.
Ўзаро олди-берди йўли билан (лафзсиз) савдо-сотиқ муносабатлари ҳозирги замонамизда кенг тарқалган бўлиб, бу хусусда фақиҳлар турли хил фикр билдирадилар. Жумҳур уламолар (моликий, ҳанбалий, ҳанафийлар) бундай савдонинг жоизлигини такидлайдилар. Шофеъийлар эса байъ фақат ийжоб ва қабул асосида тўғри бўлади деган фикрни айтадилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ: Бундай савдо қимматбаҳо бўлмаган товарларда (кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқалар) жоиз. Қимматбаҳо нарсаларда (уй, завод, боғлар) эса жоиз эмас”, деганлар.
“Ихтиёр” китобида: “Байъ ўтган замон лафзидаги ийжоб (сотдим) ва қабул (сотиб олдим) билан ва шу сўзларнинг маъносини ифодалайдиган барча сўзлар билан боғланади. Шунингдек ўзаро олди-берди йўли билан ҳам савдо боғланади”- дейилган. Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад бу савдо қимматбаҳо нарсаларда ҳам арзон нархли товарларда ҳам жоизлигини айтадилар. Чунки ийжоб ва қабулдан кўзланган мақсад розиликдир. Бу ерда икки томон розилиги бор. Кархий ҳам “Ўзаро олди-берди билан одатга биноан савдо боғланади”, деган фикрни билдирганлар.
Замонамизнинг фиқҳшунос олимларидан Муҳаммад Али ас-Собуний ўзининг “Фиқҳ ул-муамолот” асарида савдо-сотиқнинг қуйидаги турларини кўрсатиб ўтган: “Байънинг тўрт тури бор ва уларнинг ҳар бири ўзига хос ном билан аталади:
Муқояза савдосида товарни товар эвазига сотиш назарда тутилади. Масалан, буғдойни майизга, хурмони арпага, отни ҳовлига, сариёғни асалга ва бошқалар. Бу савдо кўпроқ олдинги даврларда муомалада бўлган. Чунки ўша вақтларда дирҳам, динор, танга пуллар муомалада кам бўлган. Шу тариқа савдо муомалаларини амалга оширишган. Савдонинг бу тури “байъул-муқояза” яъни, бартер-айрибошлаш савдоси деб аталган. Бу савдонинг жоизлигига Бухорийнинг “Саҳиҳи”да келган ҳадиси далил бўлади: “Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши: “Ҳунайн ғазотидан қайтиш вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга йўлга чиқдик. Совутимни бани саламадаги бир боғ эвазига сотдим. Бу менинг исломга кирган вақтимдаги дастлабки мулким эди” дедилар. Саҳоба Абу Қатода уруш вақтида кийган совутини Мадинаи Мунаввара атрофидаги бир боғ эвазига сотганида бу савдога Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътироз қилмадилар. Ўша ҳодиса бу савдонинг жоиз эканига далолат қилади.
Сарф – пулни пулга сотишлик савдоси. Масалан, тиллони кумушга, дирҳамни динорга, жунайҳни долларга, Сурия пулини Миср пулига сотишлик. Бунда сотилаётган нарса ҳам сотиб олинаётган нарса ҳам пулдир. Бу савдода ҳеч қандай товар ва ҳеч қандай мато иштирок этмайди. Бу савдо тури ҳам инсонларнинг савдо-сотиқ, олди-берди муомалаларига эҳтиёжи бўлгани сабабли фуқаҳолар иттифоқи билан жоиз деб топилган. Бу савдо билан шуғулланувчи шахслар “саррофлар” деб аталган.
Молларни, товарларни пул эвазига сотиш – улар тарозида тортиладиган, узунликда ўлчанадиган бўлиши ҳам мумкин. Савдонинг бу тури муомалада кенг тарқалган бўлиб, барча асрларда бу савдодан фойдаланиб келганлар.
Савдонинг яна бир тури бор. Унда нақд пулга келажакда тайёр бўладиган товар сотиб олинади. Бу савдо тури “салам савдоси” ёки “салаф савдоси” деб аталади. Масалан, деҳқондан буғдой, арпа, пахта сотиб олиш. Бу савдода пул олдиндан нақд тўлаб қўйилади, товар эса келажакда ҳосил йиғим-терими вақтида топширилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган вақтларида инсонлар хурмога икки йил-уч йил олдиндан пул тўлаб қўяр эдилар. Шунда Расулуллоҳ: “Кимки бирор нарсага пул тўлаб қўймоқчи бўлса, миқдорини, вазнини ва вақтини белгилаб қўйсин”, дедилар[1].
“Ғиёс ул-луғот”да салам савдоси шартлари ҳақида бундай дейилади: “Салам- байъ навларидан бўлиб, бир нарса тайёр бўлишидан олдин унинг баҳосини беришдир, у нарса шаръий етти шарт асосида бўлади:
биринчи, маҳсулотнинг жинси, чунончи, буғдой ёки арпа ёки нўхат;
иккинчи, маҳсулотнинг нави, чунончи, қизил ёки оқ;
учинчи, миқдори, чунончи, бир ман ёки икки ман;
тўртинчи, васфи (сифати), чунончи, биринчи қисми ёки иккинчи қисми, суғорилган ёки суғорилмаган (лалми), таркиби тозаланган ёки тозаланмаган;
бешинчи, муҳлати, яъни ваъда вақти, масалан, йигирма кун ёки бир ой;
олтинчи, маҳсулотни топшириш жойи, яъни муқаррар қилинган жинсни етказиб бериш макони;
еттинчи, раъсул-мол, яъни маблағни тайин қилиш, масалан, ўн рупия ёки йигирма рупия”.[2]
Ҳанафий мазҳабининг фикрига кўра, мавжуд бўлмаган нарсанинг савдоси ботилдир (бекордир)[3]. Масалан, бир дарахтнинг ҳеч ҳам кўрилмаган мевасини сотишга йўл қўйилмайди. Қўлга беришнинг (топшириш) имконияти бўлмаган нарсани сотишлик мумкин эмас. Масалан, дарёда ётган ва чиқариш мумкин бўлмаган қайиқни ва тутиб олинмаган балиқнинг ва ҳаводаги қушнинг савдоси манъ қилинган. Элда мол (товар) ҳисоб қилинмайдиган, баҳоланиши мумкин бўлмайдиган молнинг савдоси тақиқланган. Исломда қийматга эга бўлмаган мол эвазига сотиб олиш, шунингдек, мавҳум нарсанинг савдоси исломда фосид иш деб баҳоланади, (бузилган савдо назарда тутиляпти). Масалан, сотувчи олувчига “мулкимдаги барча нарсани сенга шунча сўмга сотаман” деса, олувчи “оламан” деса ва лекин у нарсалар олувчига маълум бўлмаса, савдо фосид ҳисобланади.
Бугунги кунда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш, фуқаролик жамияти барпо этиш жараёни давом этмокда. Бундай шароитда халқимизни, айниқса, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат, диний бағрикенглик ва аждодлар меросига содиқлик руҳида тарбиялаш катта аҳамият касб этади, албатта. Бу мақсадга эришишда, буюк аждодларимиз, жумладан, ислом ҳуқуқшунослари алломалари асарларида кўтарилган умуминсоний ғоялар, қадимий миллий ва диний анъаналар, ҳуқуқий меъёрларни ўрганиш, зарур ўринларда уларни ҳаётга татбиқ этишни билиш ғоят муҳимдир.
М.ЭРКАЕВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлар бўйича мудир ўринбосари
[1] Муҳаммад Али ас-Собуний, “Алфиқҳу-шаръий ал-муяссар фи зуъил-китаб ва ас-сунна”, мактабатул-асриййа, 2008й.
[2] Муҳаммад Ғиёсуддин Ромпурий-Мустафоободий. “Ғиёсул-луғот”, биринчи китоб, 433-бет
[3] Бурҳониддин Марғиноний. «Ҳидоя» (араб тилида).Қозон.1904.й.3.ж. савдо китоби.
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(2-қисм)
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:
Ü Ота-она рози – Худо рози!
Ü Яхши ўғил ота молини бийлар,
Ёмон ўғил ота молини сочар.
Ü Ўзингга раво кўрмаганни
Ўзгага ҳам раво кўрма!
Ü Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –
Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчилар бор!
Ü Яхшига қилсанг яхшилик –
Ҳам айтади, ҳам қайтади.
Ёмонга қилсанг яхшилик –
На айтади, на қайтади.
Ü Кўза кунда эмас, кунида синади.
Ü Одоб билан бахт топилар,
Сабр билан – тахт.
Ü Ошиқмаган олисга етар.
Ü Сабр – аччиқ, меваси – ширин.
Ü Сабр таги – раҳмон,
Шошган иши – шайтон.
Ü Аччиқ савол бериб,
Ширин жавоб кутма.
Ü Аччиқ тил – заҳри илон,
Чучук тилга – жон қурбон.
Ü Сабр этган етар муродга,
Бесабр – қолар уятга.
Ü Сабр этган – муродга етган.
Ü Ёмонликка яхшилик – эр кишининг ишидир.
Ёмонликка ёмонлик – ҳар кишининг ишидир.
Ü Қарғишнинг икки учи бўлар.
Ü Сабрли бўлсанг – ўзарсан,
Сабрсиз бўлсанг – тўзарсан.
Ü Узун тил – бошга тўқмоқ,
Бўйинга – сиртмоқ.
Ü Сабрли кишининг иши соз!
Ü Сабрлининг бошига олма битар,
Сабрсизнинг бошига – ғавғо.
Ü Сувсаган ўлмас, ҳовлиққан ўлар.
Ü Сўраган адашмас, ўйловчи шошмас.
Ü Тек юрган, тўқ юрар.
Ü Той минган от ҳам минар.
Ü Тоқат қилсанг, тоғ эгилар,
Сабр қилсанг – боғ эгилар.
Ü Тоқатлига тоғлар эгар бошини,
Бетоқатнинг итлар еяр лошини.
Ü Чопиб борган ерга,
Юриб борса ҳам бўлар.
Ü Шошган ишга шайтон қўшилар.
Ü Дўст орттираман десанг –
Ширин суҳбат қил!
Душман орттираман десанг –
Чақиртикан бўл!
Ü Шошган эр уйига етолмас,
Шошган қиз эрга ёлчимас.
Ü Шошганнинг иши ўнгмас.
Ü Яхши гап билан илон инидан чиқар,
Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.
Ü Шошилган йиқилар,
Шошмаган ойга чиқар.
Ü Ўзи совуқнинг – сўзи совуқ.
Ü Ҳамма яхши – мен ёмон,
Ҳамма буғдой – мен сомон.
Ü Ўзига боқма – сўзига боқ!
Ü Таом лаззати ўзида,
Одам лаззати – сўзида.
Ü Ҳар меванинг пўчоғи бор,
Ҳар сўзнинг ўлчови бор.
Ü Тилингда бўлса болинг –
Кулиб турар иқболинг.
Ü Ёмон тил бошга бало келтирар.
Яхши тил давлат, дунё келтирар.
Ü Мазлумлар дилини оғритма бир зум,
Балки бир кун ўзинг бўласан мазлум...
Ü Шошмасанг, тез етасан,
Шошгандан ўзиб кетасан.
Ü Яхши от кейин чопар.
Ü Кимки қилса ёмонлик – асло топмас омонлик.
Ü Қаноат қилсанг, қорнинг тўяр,
Беқаноат – отини сўяр.
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
v Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғиллари бўлибди...
Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.
Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:
– Ўзимиз ҳам бир жамоа эканмиз-ку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз... Худо хоҳласа, ўттиз ўғлим бор, ҳақ динни бутун элга ўзим етказаман, деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибдилар.
...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.
Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...
Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:
– Ўттизта ўғлингизни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми? – деб сўради.
– Сенинг амринг икки бўлмайди... Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин... Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас...
– Айтганингиз бўлсин! Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман.
– Майли, шунисига ҳам шукр! – деб, Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўрадилар.
У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:
– Ўғлим, сен энди бизнинг уйга келган меҳмонларнинг ёш-ми, қари-ми ҳаммасининг қўлига сув қуйиб тургин! Сувни уч марта узиб-узиб қуясан. Тўртинчи марта, агар меҳмон сўраса, қуясан.
– Ота, нега узиб қуйишим керак?
– Сабаби – ўликни ювишганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясан-да, ўғлим... Иккисини фарқи бор – дедилар.
Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”, “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.
Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.
У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.
Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...
Шунда Хақ Таоло:
– Менинг исмларимдан бири – Раҳимдур! Минглаб одамлар сизнинг болангизга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман... Сулаймон узоқ умр кўради, У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балиқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга ҳукмронлик қилади, – деб жавоб берди.
Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...
v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».
(Ҳожа Аҳмад Яссавий)
v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».
(Алишер Навоий)
v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,
Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.
Қулоғимга берган пандинг олайин,
Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».
(Махтумқули)
v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин».
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,
Беш маҳал саждаю намозинг бекор.
Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни
Агар бир мўминга етказсанг озор».
(Абдулла Орипов)
v «Маккага етти қат борганча бўлур,
Бошини силасанг ўксик инсонни».
(Абдулла Орипов).
(2 – қисм тугади. Давоми бор...)
Иброҳимжон домла Иномов.