Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Май, 2025   |   22 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:23
Қуёш
05:00
Пешин
12:25
Аср
17:27
Шом
19:43
Хуфтон
21:14
Bismillah
20 Май, 2025, 22 Зулқаъда, 1446

Ийжоб ва қабул – икки тараф розилигидир

05.05.2017   7477   10 min.
Ийжоб ва қабул – икки тараф розилигидир

Олди-сотди муносабатларини ўрганишдан асосий мақсад савдо масалаларидаги ҳалол ва ҳаромни ажратиб олишдир. Буларнинг ораларини ажратиб олиш шу қадар муҳимлигидан Имом Муҳаммадга: “Зуҳд-тақво ҳақида китоб ёзмайсизми? дейишганида у зот: “Савдо-сотиқ ҳақида китоб ёзиб қўйганман-ку” деб жавоб берган экан. Яъни улуғ имом бу сўзи билан зуҳд ҳаромдан сақланиб  ҳалолдан озиқланиш орқалигина вужудга келишига ишора қилган. “Савдо-сотиқ”нинг шаръий маъноларини ўрганишдан аввал унинг луғавий маъносини ўрганишга ҳаракат қиламиз: Араб тилидаги  بَيْعٌ калимасидан “савдо-сотиқ”, “савдолашиш” каби маънолар тушунилади. Бу калиманинг кўплиги  بُيُوعٌ бўлади. Шу маънода  بَيْعٌ بِالتَّجْزِئَةِ  сўзидан – “чакана савдо”,  بَيْعٌ بِالْجُمْلَةِ сўзидан “кўтара савдо” маънолари англашилади. Ўзбек тилида ҳам савдо-сотиқ деганда сотадиган ва сотиб оладиган тараф тушунилади. 

Ислом ҳуқуқида “савдо-сотиқ” деганда нарсаларни бир-бирига айирбошлашга, сотиб олишга тушунилади.

Аввало, савдо қонуний бўлиши учун сотувчидан ийжоб (таклиф) ва харидордан қабул амалга ошиши лозим. Савдодаги ийжоб ва қабул ислом ҳуқуқида совдо битими учун қўлланиладиган иборалар ҳисобланади.

Ийжоб ва қабул кўпинча ўтган замон сийғасида (шаклида) ишлатилади (масалан: «сотдим», «олдим»). Савдода «оламан» ва «сотаман» каби келажак замон сийғаси қўлланилганда, томонлар ушбу сўзлари билан ҳозирги замонни назарда тутган бўлсаларгина савдо битими тузилган бўлади ва агар келажак замон кўзланган бўлса савдо битими тузилган деб ҳисобланмайди. Шунингдек, «оламан», «сотаман» каби ёлғиз ҳаракат маъносини англатувчи «сот», «сотиб ол» каби буйруқ маъносида келган сўзлар билан ҳам савдо битими тузилмайди. Фақат ҳозирги замонга далолат қилувчи буйруқ билангина савдо тузилади.

Масалан: олувчи: “Мана шу молни менга шунча сўмга сот”, деса; сотувчи “Сотдим”, деса савдо битади. Шунингдек, сотувчи “бу молни шунча сўмга ол”, деса; олувчи (харидор) “олдим”, деса ёки сотувчи «ол» ёки «баракасини берсин» (сотишга розилик ибораси) деса байъ (савдо) битади.

Ийжоб ва қабул оғзаки бўлгани каби ёзма шаклда ҳам бўлади.

Соқовнинг (тилсиз) таниш ишораси билан савдо битими тузилади.

«Ийжоб ва қабул”дан мақсад икки тарафнинг розилигидир. Бинобарин, шунга далолат қилувчи хатти-ҳаракатли айирбошлаш билан ҳам савдо битади ва бунга «байъ таотий» дейилади, (яъни олувчи индамай пулни узатиб, ўз навбатида сотувчи ҳам индамай товарни бериб юбориши). Масалан,  харидор индамай пулни узатса ва нонвой нонни берса байъ битган бўлади. Шунингдек, олувчи пулни бериб тарвузни олса ва индамаса савдо битган бўлади. Харидор буғдой олмоқ учун сотувчига беш юз сўм бериб, “буғдойни қанчадан сотяпсан” деганда, сотувчи “килоси юз сўм” деса ва харидор нархга ҳеч нарса демасдан беш килограмм буғдой тортиб беришни сўраса, сотувчи “эртага бераман” деса ҳамда ўрталарида ийжоб ва қабул бўлиб ўтмаса ҳам, савдо барибир битган бўлаверади. Ҳатто эртасига буғдойнинг килоси 150 сўмга чиқса ҳам сотувчи 50 сўм зарарига бўлса ҳам сотишга мажбур бўлади.

Аксинча, буғдойнинг баҳоси эртасига тушган бўлса, олувчи аввалги тўлаган нархи билан олишдан бош тортолмайди. Шунингдек, харидор «бу гўштнинг фалон еридан бунча сўмлик менга тортинг» деса, қассоб уни кесиб тортса савдо битиб, харидор ушбу бўлим гўштни рад қила олмайди.

Ўзаро олди-берди йўли билан (лафзсиз) савдо-сотиқ муносабатлари ҳозирги замонамизда кенг тарқалган бўлиб, бу хусусда фақиҳлар турли хил фикр билдирадилар. Жумҳур уламолар (моликий, ҳанбалий, ҳанафийлар) бундай савдонинг жоизлигини такидлайдилар. Шофеъийлар эса байъ фақат ийжоб ва қабул асосида тўғри бўлади деган фикрни айтадилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ: Бундай савдо қимматбаҳо бўлмаган товарларда (кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқалар) жоиз. Қимматбаҳо нарсаларда (уй, завод, боғлар) эса жоиз эмас”, деганлар.

“Ихтиёр” китобида: “Байъ ўтган замон лафзидаги ийжоб (сотдим) ва қабул (сотиб олдим) билан ва шу сўзларнинг маъносини ифодалайдиган барча сўзлар билан боғланади. Шунингдек ўзаро олди-берди йўли билан ҳам савдо боғланади”- дейилган. Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад бу савдо қимматбаҳо нарсаларда ҳам арзон нархли товарларда ҳам жоизлигини айтадилар. Чунки ийжоб ва қабулдан кўзланган мақсад розиликдир. Бу ерда икки томон розилиги бор. Кархий ҳам “Ўзаро олди-берди билан одатга биноан савдо боғланади”, деган фикрни билдирганлар.

Замонамизнинг фиқҳшунос олимларидан Муҳаммад Али ас-Собуний ўзининг “Фиқҳ ул-муамолот” асарида савдо-сотиқнинг қуйидаги турларини кўрсатиб ўтган: “Байънинг тўрт тури бор ва уларнинг ҳар бири ўзига хос ном билан аталади:

  1. Байъул-муқояза
  2. Сарф
  3. Пул эвазига сотиш
  4. Салам савдоси

Муқояза савдосида товарни товар эвазига сотиш назарда тутилади. Масалан, буғдойни майизга, хурмони арпага, отни ҳовлига, сариёғни асалга ва бошқалар. Бу савдо кўпроқ олдинги даврларда муомалада бўлган. Чунки ўша вақтларда дирҳам, динор, танга пуллар муомалада кам бўлган. Шу тариқа савдо муомалаларини амалга оширишган. Савдонинг бу тури “байъул-муқояза” яъни, бартер-айрибошлаш савдоси деб аталган. Бу савдонинг жоизлигига Бухорийнинг “Саҳиҳи”да келган ҳадиси далил бўлади: “Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши: “Ҳунайн ғазотидан қайтиш вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга йўлга чиқдик. Совутимни бани саламадаги бир боғ эвазига сотдим. Бу менинг исломга кирган вақтимдаги дастлабки мулким эди” дедилар. Саҳоба Абу Қатода уруш вақтида кийган совутини Мадинаи Мунаввара атрофидаги бир боғ эвазига сотганида бу савдога Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътироз қилмадилар. Ўша ҳодиса бу савдонинг жоиз эканига далолат қилади.

Сарф – пулни пулга сотишлик савдоси. Масалан, тиллони кумушга, дирҳамни динорга, жунайҳни долларга, Сурия пулини Миср пулига сотишлик. Бунда сотилаётган нарса ҳам сотиб олинаётган нарса ҳам  пулдир. Бу савдода ҳеч қандай товар ва ҳеч қандай мато иштирок этмайди. Бу савдо тури ҳам инсонларнинг  савдо-сотиқ, олди-берди муомалаларига эҳтиёжи бўлгани  сабабли фуқаҳолар иттифоқи билан жоиз деб топилган. Бу савдо билан шуғулланувчи шахслар “саррофлар” деб аталган.

Молларни, товарларни пул эвазига сотиш – улар тарозида тортиладиган, узунликда ўлчанадиган бўлиши ҳам мумкин. Савдонинг бу тури муомалада кенг тарқалган бўлиб, барча асрларда бу савдодан фойдаланиб келганлар.

Савдонинг яна бир тури бор. Унда нақд пулга келажакда тайёр бўладиган товар сотиб олинади. Бу савдо тури “салам савдоси” ёки “салаф савдоси” деб аталади. Масалан, деҳқондан буғдой, арпа, пахта сотиб олиш. Бу савдода пул олдиндан нақд тўлаб қўйилади, товар эса келажакда ҳосил йиғим-терими вақтида топширилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган вақтларида инсонлар хурмога икки йил-уч йил олдиндан пул тўлаб қўяр эдилар. Шунда Расулуллоҳ: “Кимки бирор нарсага пул тўлаб қўймоқчи бўлса, миқдорини, вазнини ва вақтини белгилаб қўйсин”, дедилар[1].

“Ғиёс ул-луғот”да салам савдоси шартлари ҳақида бундай дейилади: “Салам- байъ навларидан бўлиб, бир нарса тайёр бўлишидан олдин унинг баҳосини беришдир, у нарса шаръий етти шарт асосида бўлади:

биринчи, маҳсулотнинг жинси, чунончи, буғдой ёки арпа ёки нўхат;

иккинчи, маҳсулотнинг нави, чунончи, қизил ёки оқ;

учинчи, миқдори, чунончи, бир ман ёки икки ман;

тўртинчи, васфи (сифати), чунончи, биринчи қисми ёки иккинчи қисми, суғорилган ёки суғорилмаган (лалми), таркиби тозаланган ёки тозаланмаган;

бешинчи, муҳлати, яъни ваъда вақти, масалан, йигирма кун ёки бир ой;

олтинчи, маҳсулотни топшириш жойи, яъни муқаррар қилинган жинсни етказиб бериш макони;

еттинчи, раъсул-мол, яъни маблағни тайин қилиш, масалан, ўн рупия ёки йигирма рупия”.[2]

Ҳанафий мазҳабининг фикрига кўра, мавжуд бўлмаган нарсанинг савдоси ботилдир (бекордир)[3]. Масалан, бир дарахтнинг ҳеч ҳам кўрилмаган мевасини сотишга йўл қўйилмайди. Қўлга беришнинг (топшириш) имконияти бўлмаган нарсани сотишлик мумкин эмас. Масалан, дарёда ётган ва чиқариш мумкин бўлмаган қайиқни ва тутиб олинмаган балиқнинг ва ҳаводаги қушнинг савдоси манъ қилинган. Элда мол (товар) ҳисоб қилинмайдиган, баҳоланиши мумкин бўлмайдиган молнинг савдоси тақиқланган. Исломда қийматга эга бўлмаган мол эвазига сотиб олиш, шунингдек, мавҳум нарсанинг савдоси исломда фосид иш деб баҳоланади, (бузилган савдо назарда тутиляпти). Масалан, сотувчи олувчига “мулкимдаги барча нарсани сенга шунча сўмга сотаман” деса, олувчи “оламан” деса ва лекин у нарсалар олувчига маълум бўлмаса, савдо фосид ҳисобланади.

Бугунги кунда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш, фуқаролик жамияти барпо этиш жараёни давом этмокда. Бундай шароитда халқимизни, айниқса, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат, диний бағрикенглик ва аждодлар меросига содиқлик руҳида тарбиялаш катта аҳамият касб этади, албатта. Бу мақсадга эришишда, буюк аждодларимиз, жумладан, ислом ҳуқуқшунослари алломалари асарларида кўтарилган умуминсоний ғоялар, қадимий миллий ва диний анъаналар, ҳуқуқий меъёрларни ўрганиш, зарур ўринларда уларни ҳаётга татбиқ этишни билиш ғоят муҳимдир. 

М.ЭРКАЕВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим  юрти ўқув  ишлар бўйича мудир ўринбосари

 

 

[1] Муҳаммад Али ас-Собуний, “Алфиқҳу-шаръий ал-муяссар фи зуъил-китаб ва ас-сунна”, мактабатул-асриййа, 2008й.

[2] Муҳаммад Ғиёсуддин Ромпурий-Мустафоободий. “Ғиёсул-луғот”, биринчи китоб, 433-бет

[3]  Бурҳониддин Марғиноний. «Ҳидоя» (араб тилида).Қозон.1904.й.3.ж. савдо китоби.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мабрур ҳаж қандай бўлади?

19.05.2025   1538   6 min.
Мабрур ҳаж қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳажга кетаётганларга ёки ҳаждан қайтганлар ҳаққига «Ҳажингиз мабрур ҳаж бўсин!» дея дуо қилинади. Умуман, ҳожиларнинг ўзлари ҳам ўз ҳажларининг мабрур бўлишини истаб, дуои хайрлар қиладилар. Нима учун бундай дуо қилинади? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадиси шарифлари бор: Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади! (Имом Бухорий, 3/1773; Имом Муслим, 2/1349).

Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсоният учун энг афзал амаллар қайсилигини сўралганида, ул зоти шариф томонларидан бундай амаллар қаторида ҳажжи мабрур ҳам санаб ўтилган эди (Имом Бухорий, 2/1519; Имом Муслим, 1/83).

Шундай экан, ҳажнинг қай тариқада мабрур бўлишини билиб олиш жуда зарур экан. Аввало «мабрур» сўзининг луғавий маъноси қандай?

«Мабрур» сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган деган маънодадир. Унинг «холис» деган маъноси ҳам бор. Демак, «мабрур» сўзи «мақбул» сўзига маънодош бўлади.

Мабрур ҳаж бўлиши учун қуйидагилар бўлиши лозим:

1) Имом Бухорийнинг “Тарихи кабир” асарида бир ривоят бор. Унда машҳур олим Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бундай дегани нақл қилинади: Мабрур ҳаж шуки, ҳаждан дунёда зоҳид ҳолда, охиратга рағбатли бўлган ҳолатда қайтмоқликдир (Имом Бухорий, «Тарихи кабир», 3/808).

Демак, ҳожилар юртга қайтар эканлар дунё борасида зоҳид, зуҳду тақвога берилган, охират борасида эса унга рағбат қўйган, ҳаром ва шубҳали нарсаларга парҳезгор бўлиб, ҳар дам ва ҳар қадамда охиратини ўйлайдиган бўлишлари керак экан. Агар ана шундай ҳожилар бўлса, уларнинг ҳажларининг мабрур бўлганининг аломати ана шудир.

2) Ҳаж вақтида гуноҳ иш ва қилиқлар аралашмаган ҳаж мабрур бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Термизий, 2/808).

Ҳадиси шарифда тилга олинган “рафас” сўзи луғатда шаллақилик қилиш, беҳаё гапларни гапириш, бузуқ, ифлос ишларни қилиш маъносида экани айтилади. Қуръони каримда у «хотини билан жинсий яқинлик қилиш» маъносида келган. Бу ерда эса у умумий бўлиб, ёмон гап-сўз, қабиҳ ишлар маъносида қўлланган. Демак, ҳажда бу хилдаги ишлар мутлақо мумкин эмас.

3) Ҳаждан кўзланган мақсад фақат Аллоҳнинг фарз қилган ҳажини адо қилиш бўлиши керак. Шундагина ҳаж мабрур бўлади. Бу тўғридаги Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу гапига эътибор беринг:

Ким мана бу Уйни бошқа нарсани ирода қилмасдан ҳаж қиладиган бўлса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади (Ибн Абу Шайба, 3/12785).

Инсон ҳажга борар экан, тижорат, савдо-сотиқ ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий ва ҳаждан ўзга диний ишлар ҳажнинг баҳонаси ила сафарнинг биринчи мақсадига айланиб қолмаслиги керак.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» дебдилар. Хотин тасдиқ жавобини берганида, унга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деган экан.

Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Каъбага суяниб ўтирганида, Ироқдан келган ҳожилар у ёқдан бу ёққа ўта бошлабдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларни олдига чақирибди. «Сизлар ҳажга келдингларми? Тавоф қилдингларми, Сафо ва Марва орасини саъй қилдингларми?» дебдилар. Улар тасдиқ жавобини қилибдилар. «Ҳозир нима қилаяпсизлар? Ҳаж мавсумидан фойдаланиб қоляпсизларми?» дебди.

Ҳожилар фурсатдан фойдаланиб, у ер бу ерларни кўриб юришганини, у ёққа бу томонга ўтиб, бориб-келиб юрганларини, бошқа хайрли амаллар, кўпроқ зикр, кўпроқ нафл ибодатлар қилмаётганларини айтишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳажни қайта қилишларини буюрибдилар (Ибн Абу Шайба, 3/12787).

Саҳоба Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳаж кунларида Рабза деган жойни айланиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳажларини қайта қилишни бурган экан.

Демак, инсон ҳаж кунларини ғанимат билиши, бошқа нарсаларга, совға-саломларга чалғиб кетиб, ибодатлардан, зикрлардан қолиб кетмаслиги керак. Шунда унинг ҳажи мабрур бўлади.

4) Ҳажи мабрур бўлганининг аломати ҳожи ҳаж қилиб қайтганидан сўнг унинг ҳоли яхши тарафга ўзгаришидир. Ҳар бир ҳожи ўз ҳолига қараб кўрсин: кўпроқ ибодатлар қилаяптими, ўқиётган нафллари аввалгидан кўпайдими, одамларга қилаётган хайрли амаллари ортдими, оғзидан чиққан ёмон гаплар энди йўқолдими, ёмон амаллари йўқолдими, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган гуноҳлари, айбу нуқсонлари озайдими?

5) Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтган: “Ҳаж мабрур бўлиши учун ҳаж арконлари, маносиклари, амаллари, фарзу, вожибу суннат ва мустаҳабларининг барчаси мукаммал ва тўлиқ адо қилиниши керак”. Бу жуда муҳим гап! Ҳожилар бунга эътибор қаратишлари керак бўлади. Ҳажнинг амалиётларининг бирортаси қолиб кетмаслиги, амалларнинг кетма-кетлиги, тартиби ўзгармаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, бировлар гапига кириб осон ва қулай йўлга ўтиб олмаслиги керак.

6) Муҳаммад Юсуф Баннурий раҳимаҳуллоҳ ҳажнинг мабрур бўлиши учун у риёдан холи бўлмоғи керак, деб таъкидлаган. Зотан, риё савоблар кушандасидир. Хўжакўрсинга, одамлар ҳожи десин, ҳамманинг эътибори ва обрў-ҳурматига сазовор бўлиш мақсадида ҳажга борса; ҳамма ҳажга бораяпти-ку, деб одамлар кўзи учун ҳажга кетса, унинг ҳажи мабрур бўлмаслиги мумкин.

7) Умуман, мабрур ҳаж деганда гуноҳ, маъсият аралашмаган ҳажга айтилади. Чунки унинг «холис ҳаж» деган маъноси бор. Бу гуноҳлардан холи, деганидир. Тавоф асносида, одамлар тиқилинчида бировга туртилмасликка, бировнинг оёғини босиб олмасликка ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Бировнинг кўнглига оғир келадиган гапларни гапирмаслик керак. Бунинг учун зикрга зўр бериш керак. Ҳажга бориб, меҳмонхонада оёқ узатиб ётиб, умрида бир марта бўладиган, атиги ўн беш кунлик муборак сафарида бу ёқдаги, юртидаги дунёвий ишларини муҳокама қилишнинг ҳеч кераги йўқ.

Барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур бўлсин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

 

Мақолалар