4 май куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетган Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари шу куни Санкт-Петербург ва Шимоли-ғарбий минтақа мусулмонлари идораси раиси, муфтий Равиль Панчеев билан учрашди.
Учрашувда Р.Панчеев Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳақида илиқ гаплар айтди. Айниқса, диний экстремизга қарши курашиш борасида ўзбекистонлик имомлар иши эътиборга лойиқ эканини таъкидлаб, мазкур делегацияни таклиф қилишдан мақсад улар билан тажриба алмашиш эканини маълум қилди. Р.Панчеев ушбу ташрифнинг аҳамиятига тўхталар экан, унинг, айниқса, Санкт-Петербургда яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун зарурлиги, уларга ўз она тилларида маъруза қилиш, уларни турли бузғунчи оқимлар таъсиридан сақлашга хизмат қилади, деди.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан Санкт-Петербург мусулмонлари идорасига ва муфтий ҳазратларига таклиф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳар қандай бузғунчи гуруҳларга қарши курашишда ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. И.Иномов учрашув сўнгида Р.Панчеевга диний идора томонидан нашр этилган янги нашрлардан намуналар тақдим этди.
Учрашувда Россия ОАВ мухбирлари ҳам иштирок этиб, йиғилиш тафсилотларини даврий нашрлар ва интернет саҳифаларида ёритди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Халқаро алоқалар бўлими
MUSLIM.UZ
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати