Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Хотирлаш бу ҳар бир инсоннинг яқинларини қадрлаш, бу оламдан ўтиб кетган инсонларни эслаш ва уларнинг хаққига дуо қилишдир. Халқимизда “қадр этган қадр топади”, деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам, инсон ўзгаларга самимиятда бўлиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам атрофдагиларнинг шундай муносабатига сазовор бўлади. Ватан равнақи, халқ осойишталиги учун хизмат қилган эл фидойилари эса эзгу амаллари сабаб умрбод кишилар ёдидан ўчмайдилар. Номлари ҳамиша эъзоз билан тилга олиниб, хотиралари мангуликка муҳрланади.
Юртимизда ҳар йили “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ушбу осойишта кунларга етиб келишимизда меҳнатини аямаган, тинч ва осуда ҳаёт учун жонини беришга ҳам тайёр бўлган инсонлар хотирланади, авлодларга ибрат сифатида ёдга олинади. Шу билан бирга, бугунги озод ва фаровон кунларга етиб келишимизда ўз ҳиссаларини қўшган нуроний сиймоларимиз зиёрат қилиниб, уларнинг ўтмиш хотираларидан тингланади.
Хотира нафақат жанг майдонларида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки фронт ортида фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Шунингдек, она Ватанимизнинг тараққиётига муносиб улушлар қўшган барча фахрийларимизни эъзозлаш, қадрлаш байрамидир.
Республикамиз биринчи Президентининг шундай пурмаъно сўзлари бор: “Хотира нафақат ўтмишни унутмаслик, балки бугунги ҳаётимизнинг қадрига етиш, эртанги кунни тўғри тасаввур этиш, демакдир. Хотира инсонни келажакка очиқ кўз билан қарашга ўргатади. Шу боис, бугунги ёшлар оталаримизнинг юртимиз эрки ва озодлиги, миллатимиз равнақи йўлида чеккан заҳматлари, кўрсатган жасоратларини унутмаслиги даркор. Қадрлаш эса, хонадонларимизга файз–барака бағишлаб, қилаётган эзгу ишларимизга оқ фотиҳа тилаб ўтирган қарияларимизнинг ҳурматини жойига қўйишдир. Зеро, мўътабар отахон ва онахонларимизни ҳаётлигида қадрлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир”.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” – дейдилар. (Имом Термизий ривояти).
Аввало, марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлар ва хайрли амаллари эсланса, у жойга барака нозил бўлади. Суфён ибн Уяайна р.а. “Солиҳ кишилар эсланган вақтда Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади” – дейди.
Яна марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлар ва хайрли амаллари эсланса, инсонларда бундай хайрли амаллар қилиш истаги ортади. Инсонда яхшиликка ҳаракат қилишга муҳаббат ҳосил бўлади.
Албатта, марҳумларни эслаш билан уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўралади. Фарзанд ва ҳар бир инсон ота – онасини ва бошқа қадрдон марҳумларни доимо яхши сифатлар билан эслаш унинг зимасидаги бурчидир.
Таъкидлаш лозимки, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маданий–маърифий меросларини ўрганиб, уларни ҳозирги ҳаётимизга татбиқ этишимиз ҳозирги давр талабидир.
Хотираси инсонлар қалбида муқаддас сақланадиган одам, ўлимидан кейин ҳам барҳаёт бўлиб қолиш учун зарур ишни қилиб қўйган одамдир, дейишади. Хотира муқаддас деб шуни айтсалар керак.
Шукрки, она диёримиз дориломон кунларга етиб келди. Осмонимиз мусаффо, ҳуррият ва эрк шабадалари эсмоқда. Хонадонларимизда оналарнинг аллалари, фарзандларнинг шодон кулгуси, кексаларимизнинг дуою тилаклари янграб турибди. Ёшларимизга ўзлари хоҳлаган илмларни ва касб-ҳунарларни эгаллашларига кенг имкониятлар яратиб берилган. Инсонга бундан ортиқ яна нима керак?
Энди бизлар устозларимиз, боболаримиз таъкидлаганларидек, ота-боболардан мерос мана шу табаррук тупроқни кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз, тинчлик неъмати ҳеч қачон осонлик билан қўлга киритилмаслигини, унинг ортида қанчадан қанча жасур инсонларнинг заҳмати борлигини унутмаслигимиз, Ватан, халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиб, порлоқ келажаги учун астойдил ҳаракат қилишимиз, шу замин ва аждодларимизга муносиб бўлишимиз зарур.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан