frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Фиқҳ нима?

02.05.2017   10689   6 min.
Фиқҳ нима?

Фиқҳ – Исломдаги энг мўътабар фанлардан бири. Пайдо бўлиш тарихи ҳам ўзоқ ўтмишга бориб тақалади. Фиқҳ кенг қамровли илмлардан бўлиб, кўплаб шаҳобчаларга бўлиниб кетади. Фиқҳ исломнинг аввалида пайдо бўлиб, бугунги кунимизга қадар ўз қадрини йўқотмай давом этиб келаётган ва қиёмат кунига қадар сақланиб қоладиган илмлардан биридир.

Тарих давомида кўплаб фуқаҳолар етишиб чиқди. Улар бу илмга оид сон-саноқсиз асарларни таълиф ва тасниф этдилар. Бу китобларнинг саноғини аниқ билишнинг иложи ҳам йўқ. Бу, мусулмон уламоларининг юксак эътиборлари нишонаси десак айни ҳақиқат бўлади.

Фиқҳ – Инсоннинг ўзи ўзига,  ўзидан бошқаларга ва Роббисига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлар, ахлоқ одоб меъёрлари, ёқимли ва ёқимсиз ишлар борасидаги тутган ўрнини нозик ва нафис жиҳатларигача ўрганадиган, асл ва фуруъ(асосий ва иккинчи даражали ҳукмлар)да мукаммал тарзда баҳс олиб борувчи илм ҳисобланади.

Фиқҳ – ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида учрайдиган турли масалалар хусусида баҳс юритиб бу масалаларга нисбатан шариъатнинг тутган ўрнини белгилаб берувчи илмдир.

Фуқоҳалар: “Бирон бир воқеа ҳукмдан ҳоли бўлмайди”-дейдилар.Яъни содир бўлаётган ҳар бир воқеа ҳодисотларга тегишли, ўзига хос ҳукм чиқарилиши лозим бўлади.

Фиқҳнинг луғатдаги маъноси;

Фиқҳ, аслида билим ва фаҳм демоқдир! “Лисонул араб” номли китобда фиқҳ сўзи луғовий жиҳатдан қуйидагича таҳлил қилинган;

“Фиқҳ – Бирор нарсани билиш, уни фаҳмлаш ва англаш”.

Фиқҳ калимаси Қуръони каримнинг кўплаб оятларда луғовий маънода келган. 

Аллоҳ таъоло шундай дейди;

قال تعالى﴿لَهُمْ قُلُوبٌ لا يَفْقَهُونَ بِهَا﴾

Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». (Аъроф – 179)

 وَمَا كَانَ الْمُؤْمِنُونَ لِيَنْفِرُوا كَافَّةً فَلَوْلا نَفَرَ مِنْ كُلِّ فِرْقَةٍ مِنْهُمْ طَائِفَةٌ لِيَتَفَقَّهُوا فِي الدِّينِ وَلِيُنْذِرُوا قَوْمَهُمْ إِذَا رَجَعُوا إِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ

Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?! (Тавба - 122)

Фиқҳнинг истилоҳдаги маъноси;

Уламолар фиқҳга қуйидаги таърифларни берадилар:

“Охират саъодатига эришиш учун, аниқ шаръий далиллар асосида  фаръий амалий ҳукмларни чиқариб олиш”.

Аниқ шаръий далиллар дейилганда Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломнинг суннатларини тушунамиз.

Фаръий амалий ҳукмлар, аслий ҳукмлардан ажраб чиқадиган иккинчи даражали ҳукмлар саналиб, шариъатда ибодат ва муомалотларни ўз ичига олади.

Қуръон ва суннатда  мавжуд бўлган аниқ далиллар асосида шаръий ҳукмларни англаш, тегишли ҳукмларни ишлаб чиқиш уларни, мусулмон киши зиммасидаги ҳаётнинг турли соҳаларида  дуч келадиган ишлар ва ибодатларни тартибга солиб туривчи фан фиқҳ деб номланади.

Фиқҳ – Бирор нарсага нисбатан ҳалол, ҳаром, фарз, вожиб, мандуб,  макруҳ ва шу каби бир қанча ҳукмларни тайин қилади.

Фиқҳ – ибодатлар, одамлар ўртасидаги маданий алоқа ва муомалалар, никоҳ ва ажрим масалалари, жиноят ва жазо, савдо сотиқ шунингдек кўплаб ҳукмларни ўз ичига олади.

Ислом фиқҳи назарий жиҳатдан бир қанча илмларни ўз ичига олади. Жумладан:

  1. Усул ал-фиқҳ;
  2. Фуруъ ал-фиқҳ;
  3. Илм ал-истидлол

Фиқҳга бўлган зарурат ва эҳтиёж

Инсон Аллоҳ таъолога иймон келтирганидан кейин, Унга қулликни изҳор қилганидан сўнг, ислом динини тан олиб, диннинг ўз шариъати ва қонун-қоидалари борлигини англайди ва бу қоидаларга бўйсиниш лозим эканини тушуниб етади.

Мўмин киши, ислом шариъатиниг қонун-қоидаларига мос амалий ҳатти-ҳаракатларни ҳаётнинг барча соҳаларида аниқ ва тиниқ белгилаб олиши зарур.

Мўмин, дуч келган бирон бир масала ёки муаммони шунчаки ташлаб қўйсинми? Ёки уни ечимини топсинми? Уни шариатнинг қайси йўриғига биноан тасарруф қилсин?

Мўмин қачонки масала ва муаммонинг ечимини аниқ белгилаб олса ва шариъат юклаганидек унинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилса, албатта Аллоҳ, тақводор бандаларига ваъда қилган жаннатга лойиқ бўлади. Абадий саодатга эришади.

Бироқ, шариъатнинг ҳукмлари барчага очиқ-ойдин, мукаммал суратда осонлик билан маълум бўлса, амалий ҳатти-ҳаракатларнинг чегараси ҳар бир шахс учун жуда осон иш бўлиб қолади. Чунки, ҳар бир инсон ўзининг амалий ҳаракатларини вожиб амалларда “қилмоқ керак”, ҳаром ишларни “қилмаслик лозим”, мубоҳ амалларни “хохласа қилади, хохламаса қилмайди, у ихтиёрий ишлар”- деб белгилаб оладиган бўлса, инсон амалларини чегаралаб берувчи жуда кенг маънодаги илмий баҳс ва мунозараларга эҳтиёж сезмайди. Бироқ ҳақиқат ундоқ эмас.

Ислом қонун-қоидалари жорий бўлган замондан йироқлашганимиз,  шариъат ҳукмларидан кўпининг ўзимизга нисбатан ноаниқ ва чигал суратларда сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Инсон содир бўлган қандайдир воқеага нисбатан шариъатнинг белгилаб берган ҳукми фарзми, вожибми, суннатми, ҳаром ёки мубоҳ даражасида эканини билмаса ўзининг бу воқеага нисбатан ҳаракатларини аниқ йўналтиролмайди.

Ана шу асосга биноан, ҳар бир содир бўлган воқеа-ҳодисотларга шариъат тушунчаларидан келиб чиқадиган, ҳар қандай чигал ва ечимини топмаётган масалаларга ойдинлик кирита оладиган илмнинг бўлиш зарурати юзага келади. Айнан мана шундай муҳим ишни кафолатлайдиган илм бу фиқҳ илмидир! 

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Т. Каримов

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Анжуман диний соҳада замоний кадрлар тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди

21.08.2026   11182   2 min.
Анжуман диний соҳада замоний кадрлар тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди

Жорий йилнинг 19-20 август кунлари бўлиб ўтган нуфузли анжуман диний таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва соҳага илғор педагогик ёндашувларни татбиқ этиш ва замон талабига мос кадрлар тайёрлашда йўлидаги салмоқли амалий қадам бўлди.

Тадбирлар давомида соҳага оид илмий маърузалар билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ҳамда илмий-тадқиқот соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан маънавий-маърифий тараққиёт, диний таълимда рақамли трансформация, сунъий интеллект ва илмметрия масалаларига бағишланган маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Машғулотлар тизимда замонавий ёндашувларни оммалаштириш, дарс жараёнларида янгича услубларни қўллаш ҳамда соҳа вакилларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, анжуман доирасида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг муҳтарам Президентимизга йўллаган Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.

Унда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани тубдан ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш ҳамда улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти каби диний таълим масканлари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши юртимизда маърифат аҳли учун кенг имкониятлар очгани таъкидланди.

Ўз навбатида, педагоглар ушбу юксак эътибор ва шарт-шароитлар учун Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдириб, бунга жавобан ёшларни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини ўзлаштирган ва соҳада етук кадрларни тайёрлашини таъкидладилар.

Бўлиб ўтган анжуман диний таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ва рақамли технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда соҳада юқори малакали, замон билан ҳамнафас мутахассисларни тайёрлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари