Фиқҳ – Исломдаги энг мўътабар фанлардан бири. Пайдо бўлиш тарихи ҳам ўзоқ ўтмишга бориб тақалади. Фиқҳ кенг қамровли илмлардан бўлиб, кўплаб шаҳобчаларга бўлиниб кетади. Фиқҳ исломнинг аввалида пайдо бўлиб, бугунги кунимизга қадар ўз қадрини йўқотмай давом этиб келаётган ва қиёмат кунига қадар сақланиб қоладиган илмлардан биридир.
Тарих давомида кўплаб фуқаҳолар етишиб чиқди. Улар бу илмга оид сон-саноқсиз асарларни таълиф ва тасниф этдилар. Бу китобларнинг саноғини аниқ билишнинг иложи ҳам йўқ. Бу, мусулмон уламоларининг юксак эътиборлари нишонаси десак айни ҳақиқат бўлади.
Фиқҳ – Инсоннинг ўзи ўзига, ўзидан бошқаларга ва Роббисига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлар, ахлоқ одоб меъёрлари, ёқимли ва ёқимсиз ишлар борасидаги тутган ўрнини нозик ва нафис жиҳатларигача ўрганадиган, асл ва фуруъ(асосий ва иккинчи даражали ҳукмлар)да мукаммал тарзда баҳс олиб борувчи илм ҳисобланади.
Фиқҳ – ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида учрайдиган турли масалалар хусусида баҳс юритиб бу масалаларга нисбатан шариъатнинг тутган ўрнини белгилаб берувчи илмдир.
Фуқоҳалар: “Бирон бир воқеа ҳукмдан ҳоли бўлмайди”-дейдилар.Яъни содир бўлаётган ҳар бир воқеа ҳодисотларга тегишли, ўзига хос ҳукм чиқарилиши лозим бўлади.
Фиқҳнинг луғатдаги маъноси;
Фиқҳ, аслида билим ва фаҳм демоқдир! “Лисонул араб” номли китобда фиқҳ сўзи луғовий жиҳатдан қуйидагича таҳлил қилинган;
“Фиқҳ – Бирор нарсани билиш, уни фаҳмлаш ва англаш”.
Фиқҳ калимаси Қуръони каримнинг кўплаб оятларда луғовий маънода келган.
Аллоҳ таъоло шундай дейди;
قال تعالى: ﴿لَهُمْ قُلُوبٌ لا يَفْقَهُونَ بِهَا﴾
Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». (Аъроф – 179)
وَمَا كَانَ الْمُؤْمِنُونَ لِيَنْفِرُوا كَافَّةً فَلَوْلا نَفَرَ مِنْ كُلِّ فِرْقَةٍ مِنْهُمْ طَائِفَةٌ لِيَتَفَقَّهُوا فِي الدِّينِ وَلِيُنْذِرُوا قَوْمَهُمْ إِذَا رَجَعُوا إِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ
Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?! (Тавба - 122)
Фиқҳнинг истилоҳдаги маъноси;
Уламолар фиқҳга қуйидаги таърифларни берадилар:
“Охират саъодатига эришиш учун, аниқ шаръий далиллар асосида фаръий амалий ҳукмларни чиқариб олиш”.
Аниқ шаръий далиллар дейилганда Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломнинг суннатларини тушунамиз.
Фаръий амалий ҳукмлар, аслий ҳукмлардан ажраб чиқадиган иккинчи даражали ҳукмлар саналиб, шариъатда ибодат ва муомалотларни ўз ичига олади.
Қуръон ва суннатда мавжуд бўлган аниқ далиллар асосида шаръий ҳукмларни англаш, тегишли ҳукмларни ишлаб чиқиш уларни, мусулмон киши зиммасидаги ҳаётнинг турли соҳаларида дуч келадиган ишлар ва ибодатларни тартибга солиб туривчи фан фиқҳ деб номланади.
Фиқҳ – Бирор нарсага нисбатан ҳалол, ҳаром, фарз, вожиб, мандуб, макруҳ ва шу каби бир қанча ҳукмларни тайин қилади.
Фиқҳ – ибодатлар, одамлар ўртасидаги маданий алоқа ва муомалалар, никоҳ ва ажрим масалалари, жиноят ва жазо, савдо сотиқ шунингдек кўплаб ҳукмларни ўз ичига олади.
Ислом фиқҳи назарий жиҳатдан бир қанча илмларни ўз ичига олади. Жумладан:
Фиқҳга бўлган зарурат ва эҳтиёж
Инсон Аллоҳ таъолога иймон келтирганидан кейин, Унга қулликни изҳор қилганидан сўнг, ислом динини тан олиб, диннинг ўз шариъати ва қонун-қоидалари борлигини англайди ва бу қоидаларга бўйсиниш лозим эканини тушуниб етади.
Мўмин киши, ислом шариъатиниг қонун-қоидаларига мос амалий ҳатти-ҳаракатларни ҳаётнинг барча соҳаларида аниқ ва тиниқ белгилаб олиши зарур.
Мўмин, дуч келган бирон бир масала ёки муаммони шунчаки ташлаб қўйсинми? Ёки уни ечимини топсинми? Уни шариатнинг қайси йўриғига биноан тасарруф қилсин?
Мўмин қачонки масала ва муаммонинг ечимини аниқ белгилаб олса ва шариъат юклаганидек унинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилса, албатта Аллоҳ, тақводор бандаларига ваъда қилган жаннатга лойиқ бўлади. Абадий саодатга эришади.
Бироқ, шариъатнинг ҳукмлари барчага очиқ-ойдин, мукаммал суратда осонлик билан маълум бўлса, амалий ҳатти-ҳаракатларнинг чегараси ҳар бир шахс учун жуда осон иш бўлиб қолади. Чунки, ҳар бир инсон ўзининг амалий ҳаракатларини вожиб амалларда “қилмоқ керак”, ҳаром ишларни “қилмаслик лозим”, мубоҳ амалларни “хохласа қилади, хохламаса қилмайди, у ихтиёрий ишлар”- деб белгилаб оладиган бўлса, инсон амалларини чегаралаб берувчи жуда кенг маънодаги илмий баҳс ва мунозараларга эҳтиёж сезмайди. Бироқ ҳақиқат ундоқ эмас.
Ислом қонун-қоидалари жорий бўлган замондан йироқлашганимиз, шариъат ҳукмларидан кўпининг ўзимизга нисбатан ноаниқ ва чигал суратларда сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Инсон содир бўлган қандайдир воқеага нисбатан шариъатнинг белгилаб берган ҳукми фарзми, вожибми, суннатми, ҳаром ёки мубоҳ даражасида эканини билмаса ўзининг бу воқеага нисбатан ҳаракатларини аниқ йўналтиролмайди.
Ана шу асосга биноан, ҳар бир содир бўлган воқеа-ҳодисотларга шариъат тушунчаларидан келиб чиқадиган, ҳар қандай чигал ва ечимини топмаётган масалаларга ойдинлик кирита оладиган илмнинг бўлиш зарурати юзага келади. Айнан мана шундай муҳим ишни кафолатлайдиган илм бу фиқҳ илмидир!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Т. Каримов
Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.
Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.
Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.
Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга олармидингиз?!” – дебди.
Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.
Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бошқаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2] Шуро сураси, 40-оят.