Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Декабр, 2024   |   29 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:21
Шом
17:05
Хуфтон
18:25
Bismillah
29 Декабр, 2024, 29 Жумадул сони, 1446

05.05.2017 й. Ўтганларни хотиралаш

2.05.2017   6111   11 min.
05.05.2017 й. Ўтганларни хотиралаш

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Юртимизда анъанавий нишонланадиган алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга оламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, улардан намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодлармизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша, ҳар доим ёдда тутамиз, зеро, “Ўтмишсиз келажак йўқ” деб бежизга айтилмаган.

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

 (سورة الحشر/10)

яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!(Ҳашр сураси, 10-оят)

Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозасидаги амалдир. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот бу ҳолатни янада тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида қуйидагича марҳамат қилганлар:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي اللّه عنهما قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَا الْمَيِّتُ فِي الْقَبْرِ إِلَّا كَالْغَرِيقِ الْمُتَغَوِّثِ، يَنْتَظِرُ دَعْوَةً تَلْحَقُهُ مِنْ أَبٍ أَوْ أُمٍّ أَوْ أَخٍ أَوْ صَدِيقٍ، فَإِذَا لَحِقَتْهُ كَانَتْ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا، وَإِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ لَيُدْخِلُ عَلَى أَهْلِ الْقُبُورِ مِنْ دُعَاءِ أَهْلِ الْأَرْضِ أَمْثَالَ الْجِبَالِ، وَإِنَّ هَدِيَّةَ الْأَحْيَاءِ إِلَى الْأَمْوَاتِ الِاسْتِغْفَارُ لَهُمْ".

رواه البيهقي في شعب الإيمان

Яъни, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”, дедилар”.(Байҳақий ривояти)

Муҳтарам жамоат! Вафот этган кишилар Ватан озодлиги ва унинг тараққиёти учун жон фидо қилган зотлар бўлишса, ёки ота-онамиз ё бизнинг тарбиямизга машғул бўлган устозлар бўлишса, уларни эслаб дуо қилишимиз янада муносибдир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

 Яъни, “Эй, Рaббим! мeни (улaр) гўдaклик чoғимдa тaрбиялaгaнлaридeк, сeн ҳaм улaргa рaҳм қилгин", - дeб aйт!”(Исро сураси, 24-оят)

Суфён раҳматуллоҳи алайҳдан сўрадилар: “Инсон ўз ота-онасини қанча марта дуо  қилади, ҳар куними, ҳар ойдами, ёки ҳар йилдами?”. Шунда у: “Уларни ташаҳҳуднинг охирида дуо қилсин деб ўйлайман”, дедилар.

Яъни, дуолар ижобат бўладиган пайтда дуо қилишнинг таълимини бердилар. Шундай экан, фарзанд дуолар ижобат бўладиган пайтларда энг аввало ота-оналарининг ҳаққига дуо қилиб олиши лозим бўлади.

Ҳаёт юрган кишилар ибодатда бўлиб, солиҳ амаллар қилишса, вафот этган уларнинг яқинлари хурсанд бўлишади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

حَدَّثَنَا عَبْدُ الرَّزَّاقِ حَدَّثَنَا سُفْيَانُ عَمَّنْ سَمِعَ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ يَقُولُ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنْ الْأَمْوَاتِ فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لَا تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا.

رواه أَحْمَدُ

Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келган:“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амалларингиз ўтиб кетган яқинларингиз ва қариндошларингизга намойиш қилиб турилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар ундан хурсанд бўлишади. Агар ундан бошқача бўлса, улар: “Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмаcдан жонларини олмагин”, дейишади”, дедилар. (Имом Аҳмад ривоят қилган)

Муҳтарам жамоат! Ўтганларга нисбатан зиммамиздаги бурчларимиздан яна бири уларни доимо яхши сифатлар билан эслаб туришимиздир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

عن ابن عمر رضي اللّه عنهما أن رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلم قال:  اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتاكُمْ وكُفُّوا عَنْ مَساوِيهِمْ.

رواه أبو داود والترمذي

Яъни, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, дедилар”.(Имом Абу Довуд ва Термизий ривоятқилган).

Ўтганларнинг яхши амалларини эслаш аввало уларнинг руҳларини шод қилса, қолаверса, яхши сифатлар, хайрли амаллар, солиҳ кишилар эсланса, у жойга баракалар ёғилиб туради.

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Солиҳлар зикр қилинган жойга раҳмат ёғилади”, деган. Чунки бунда хайрли ишга тарғиб бўлади, солиҳ кишилардан намуна олишга рағбат ортади ҳамда инсонларда яхшиликка ҳаракат қилиш муҳаббати ҳосил бўлади. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар, юртмиздан ўтган алломалар, Ватан учун жонини фидо қилиб ўтган жасур қаҳрамонлар ва шулар каби солиҳ кишилар ва уларнинг қилиб ўтган ишлари кўпроқ эсланса, яхшироқ ва мақсадга мувофиқ бўлади.

Муҳтарам жамоат! Ўтганларни эслашимиз улар ҳақидаги бизларнинг гувоҳлигимиз ҳисобланади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن أنسٍ رضي الله عنه قال: مَرُّوا بِجَنَازَةٍ فَأَثْنَوْا عَلَيْهَا خَيْراً فَقَالَ النبيُّ صلى الله عليه وسلم: «وَجَبَتْ». ثُمَّ مَرُّوا بِأُخْرَى، فَأثْنَوْا عَلَيْهَا شَرّاً، فَقَالَ النبي صلى الله عليه وسلم: «وَجَبَتْ». فَقَالَ عمر بن الخطاب رضي الله عنه: مَا وَجَبَت؟ فَقَالَ: «هَذَا أثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ خَيْراً، فَوَجَبتْ لَهُ الجَنَّةُ، وهَذَا أثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ شَرّاً، فَوَجَبَتْ لَهُ النَّار، أنْتُمْ شُهَدَاءُ اللهِ في الأَرضِ»

متفقٌ عَلَيْهِ

Яъни, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Тобут олиб ўтишди. (Одамлар) маййитни яхшилик билан сифатлаб мақтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: вожиб бўлди”, дедилар. Сўнгра бошқа тобутни олиб ўтишди. (Одамлар) уни ёмонлик билан сифатлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: вожиб бўлди”, дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: “нима вожиб бўлди?”, деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бунисини яхшилик билан мақтаган эдингиз, унга жаннат вожиб бўлди. Бунисини эса ёмонлик билан сифатлаган эдингиз, унга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ер юзидаги гувоҳларисизлар”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ).

Муҳтарам жамоат, Мустақиллик йилларида 9 май кунини Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келиниши, ҳеч шубҳасиз, юртимизда тарихий хотирани тиклаш йўлида ҳаётнинг ўзи тақозо этган яна бир муҳим қадам бўлди.

Хотира ва қадрлаш куни инсоннинг қалб торларини черта олиши билан ҳаётни янада ширинроқ қиладиган, одамларни элу юртни кўпроқ севишга ундайдиган, оламда меҳр-мурувват, ҳурмат-эътибор, қадр-оқибат уруғлари кўпроқ сочилишига ҳисса қўшадиган байрамлардандир. Бугунги кунда Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий-умумхалқ байрамига айланди. Шу куни иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ва урушдан омон қайтганлар қадрланади.

Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида давлатимиз томонидан уруш қатнашчиларига ғамхўрлик кўрсатилиб, уларни рағбатлантириш тўғрисида Фармон қабул қилинади. Бу йил ҳам сафимизда юрган мингдан зиёдроқ фахрийларга муносиб ҳурмат кўрсатилди. Гап фақат моддий рағбатда эмас. Асосийси, эътибор ва қадрлашдадир.

Уруш даҳшатларига гувоҳ бўлган кишиларга  эътибор берсангиз, улар қўлларини дуога очганларида юрт тинчлигига кўз тегмасин деб, шундай дориломон кунларга етиб келганликларига шукроналик келтирадилар, айни пайтда, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги энг катта бойлигимиз эканини, бундай осуда ҳаёт, дориломон кунлар қадрига етишни, уни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлайдилар.

Дарҳақиқат, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан кунга гўзаллашиб бораётган диёримиз жамолидан, бугунги янгиланишлардан кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Алатта, буларнинг барчаси энг аввало юртимизда хукм сураётган тинчлик шарофатидандир.

Хотира ва қадрлаш деган гаплар бир кунлик байрамга боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир.

Муҳтарам азизлар! Бу кунларда қилинадиган хайрли ишлардан бири ёши улуғ кишиларнинг ҳолидан хабар олишимиз, уларнинг қалбларига сурур киритишимиздир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن عمروبن شعيب عن أبيه عن جده رضي الله عنهم قَالَ: قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: «لَيْسَ منّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرنَا،وَيَعْرِفْ شَرَفَ كَبيرِنَا»

رواه أَبُوداودوالترمذي

Яъни, Амр ибн Шуайб отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмасдир”, дедилар”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Азиз намозхонлар, Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айласин, ҳаёт бўлган, ёши кекса отахон-онахонларимизни қадрига етиб юрайлик, фаровон ҳаёт ато этиб, ўзининг тўғри йўлига бошлаб, икки дунё саодатига мушарраф  айласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мўъжиза сотиб оламан

26.12.2024   1802   4 min.
Мўъжиза сотиб оламан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

Бугун сизларга 6 ёшли бир қизалоқ ҳақида сўзлаб бераман. Қизалоқнинг исми Тесси бўлиб, у камбағал оилада яшарди. Уйларининг биринчи қаватида дорихона жойлашган эди. 
Қизалоқ кунларнинг бирида ота-онасига билдирмасдан шу дорихонага борди. Дорихоначи узоқ йил кўришмаган чикаголик бир дўсти билан суҳбат қурарди. Улар дорихонага кирган қизалоқни пайқамай, гаплашишда давом этардилар. Охири Тесси столни тақиллатиб, қўлидаги бир долларни сотувчининг олдига қўйди-да: “Илтимос менга мўъжиза бериб юборинг” деди.

Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Сенга нима керак қизалоқ?” деди.
Қизалоқ: “Мана бир доллар, менга мўъжиза керак” деди.
“Биз мўъжиза сотмаймиз” деди сотувчи.

Қизалоқ бу гапни эшитиши билан йиғлаб юборди. “Илтимос қиламан, менда яна 11 сент ҳам бор, менга мўъжиза топиб беринг”.
Сотувчи: “Менда сен излаётган нарса йўқ. Кечирасиз, лекин мен сенга ёрдам беролмайман”, деди.
Дорихоначининг олдида турган дўсти тиз чўкиб, қизалоқдан сўради: “Сиз қандай мўъжиза сотиб олмоқчисиз?”.

“Укам, укам.... касал. У юқори қаватдаги уйимизда аҳволи оғир ҳолатда ётибди. Ҳозиргина шифохонадан келди. Лекин миясидаги шишни даволаб бўлмаяпти. У ўлиб қолади, укам яшаши учун менга мўъжиза керак” деди жажжи қизалоқ кўзлари ёшга тўлиб.

Ҳа, қизча мўъжизани сотиб олса бўладиган нарса деб ўйларди. Чунки у шифокорнинг укаси оғир касал экани, бунинг учун катта маблағ кераклиги ҳақида айтган сўзларини эшитганди. Шифокорнинг бу сўзларидан кейин Тесси кўзлари ёшга тўлган отасининг умидсизлик билан айтган ушбу сўзларини ҳам эшитганди: “Энди...энди ўғлимизни фақат мўъжиза қутқара олади”.
Шунинг учун қизалоққа мўъжиза жуда зарур эди.

“Сизда неча пул бор?” деб сўради ҳалиги чикаголик одам.
“Бир долларим ва яна ўн бир сентим бор”, деди Тесси.
“Қандай ҳам яхши, менинг мўъжизам учун айнан шунча керак бўлади” деб жилмайди ва жажжи муштига пулларини қисиб олган қизчанинг қўлидаги пулни олиб, “Қани менга уйингни кўрсат-чи, укангни кўрмоқчиман” деди.
Маълум бўлишича, бу одам таниқли нейрохирург шифокор Карлтон Aрмстронг экан. У дунёдаги энг яхши нейрохирурглардан бири эди.
Шифокор қизалоқ билан бирга уйга борди ва Тессининг укасини кўриб: “Мен сизнинг фарзандингизни мутлақо бепулга даволайман”, деди. Тессининг оиласи бундан ниҳоятда хурсанд бўлишди. Мўъжиза содир бўлаётганига ишонишмасди.
Шифокор Армстронг жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди ва унинг бу амалиётда қўллаган услуби бутун дунё тиббиёт мактабларида ўргатиладиган бўлди.
Тез орада Тессининг укаси бутунлай соғлом ҳолда уйга қайтди. “Сизнинг ўз оёқларингиз билан уйимизга келиб қолишингиз бу – ҳақиқий мўъжиза. Пулимиз ҳам йўқ эди. Наҳотки, бепулга шундай мураккаб амалиётни қилиб берган бўлсангиз”, деди қизалоқнинг отаси. Бу гапларни қизалоқ Тесси эшитиб қолиб, югуриб келди: “Йўқ, кечириб қўясиз ҳеч бепул эмас. Мен бу мўъжиза учун 1 доллар ва 11 сент тўлаганман”, деди. Қизалоқнинг ота-онаси ҳайратланиб: “Йўғе, бу сенинг ишингми?” дейишди. Шифокор: “Ҳа, ҳаммасига шу жажжи қизалоқ сабабчи”, деди.


Ушбу ҳикоядан ўзимизга қандай фойдаларни олишимиз мумкин:

Аввало, ёш болаларнинг беғуборлиги, соф табиат экани. Бир нарсага шак-шубҳасиз ишонишлари.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги. 
Учинчидан, агар бир нарсага чин қалбдан ишонсак ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсак, албатта мўъжиза биздан узоқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Қиссада гувоҳи бўлганингиздек, қизалоқнинг қатъий ишончи сабабли Аллоҳ таоло шифокорни юборди. Натижада, қизалоқнинг укаси тузалиб кетди, мўъжиза содир бўлди. Бунинг учун бор йўғи 1 доллару 11 сент сарфланди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақоланинг видеолавҳа шакли
 

Мақолалар