Ислом шариатида инсон эгалик қилган нарсаларнинг барчаси ўзининг мулки бўлиб, унга ҳеч ким дахлдор бўла олмайди. Лекин муқаддас динимиз инсонга вожиб тарзда бир неча нафақаларни юклаган. Мисол учун закот бериш, аҳли аёлига ва болаларига инфоқ қилиш ота-онага яхшилик қилиш каби. Шунингдек, мустаҳаб бўлган нафақаларга ҳам мусулмонларни чорлайди. Бундай хайрли ишларга инсонларни ундайдиган бир неча оят ва ҳадислар мавжуд. Қуъони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِائَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир. (Бақара сураси, 261 оят)
Ўйлаб кўринг! Аллоҳ таоло билан савдо қилган инсон зарар қилиши мумкинми!
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ҳар бирингиз билан Аллоҳ таоло ўртада таржимон бўлмасдан туриб гаплашади. У ўнг тарафига назар солади ва рўпарасида ўтдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас бир хурмо бўлаги билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар” деганлар (Бухорий ривояти).
Садақа ва эҳсонларнинг фойдаси нафақат уни бажарувчи кишининг ўзига бўлади балки, бутун жамиятга ва барча мусулмон умматига манфаати бор. Бундай яхшиликлардан бири Аллоҳ таолонинг ғазабини қайтаришдир. Бу борада Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини сўндиради” деганлар (Термизий ривояти).
Берилган инфоқларнинг яна бир натижаси, садақа қилувчи кишига қиёмат кунида шу қилган садақасини соясида бўлади. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги гапларини эшитдим: “Ҳар бир киши тоинки инсонлар орасида ажрим бўлмагунча садақасининг соясида бўлади” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Касалликларига шифо излаб юрган инсонлар садақада жисмоний касалликларга шифо борлигини билармикинлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деганлар (Байҳақий ривояти).
Ибн Шақиқ шундай дейди: бир киши Ибн Муборакга тиззасидан олган жароҳатига етти йилдан буён даво излаётганини, турли дори – дармонларни синаб кўрганини, табибларга мурожаат қилганини. Буларнинг бирортаси фойда қилмаганини айтди. Шунда ибн Муборак унга: “Борибда инсонлар сувга эҳтиёж бор жойда қудиқ қазиб сув чиқаргин. Умид қиламанки, у ердан булоқ чиқиб сени тиззангдан келаётган қонни тўхтатса”, деди. Ҳалиги киши бу ишни бажарди ва дардига шифо топди.
Шунингдек, садақа инсоннинг қалбий касалликларини ҳам даволайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилган кишига: “Агар қалбинг мулойим бўлишини ҳоҳласанг, унда мискинларни таомлантир, етимларнинг бошини сила” деганлар (Аҳмад риаояти).
Ҳа, садақа ва саҳийликнинг биз айтиб ўтгандан ташқари ҳам жуда кўплаб яхшилик ва фойдалари бор. Айтиб ўтганимиздек бундай яхшиликлар кишининг шахсиятидан ташқари жамиятнинг барча кишиларига манфаат олиб келади. Бироқ баъзи инсонлар орасида саҳоватни фақат бой кишилар қилиши керак деган хато тушунча бор. Аслида биз айтиб ўтган фазилат ва хислатлар барча мусулмонлар эга бўлиши керак бўлган амаллардир. Зеро, бундай яхшиликларга барча мусулмонлар соҳиб бўлишга ҳақлидирлар. Баъзан киши “мени мол-давлатим бўлмаса қандай қилиб садақа қилишим мумкин. Гоҳида ўзим садақага муҳтож бўлиб қоламанку”, деб айтиши мумкин. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини келтиришимиз ўринлидир. Имом Насоийдан ривоят қилинган ҳадисда У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бир дирҳам юз минг дирҳамдан устун келди, дедилар. Шунда саҳобалар “Қандай қилиб?,”, деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг икки дирҳами бор эди. У буларнинг бирини садақа қилди. Бошқа бир киши ҳазинасига борди ва у ердан юз минг дирҳам олди ва садақа қилди”, дедилар.
Шундай экан мусулмон инсон ҳаёти мобайнида доимо бошқаларга яхшилик қилишига одатланмоғи, уларнинг кўнглини олишга интилиши зарур. Бирор нарса беришни имкони бўлмаган тақдирда уларга чиройли муомила қилиб, очиқ юз билан қарши олиш ҳам яхшилик ва садақанинг бир кўринишидир. Чунончи ҳадис шарифда шундай марҳамат қилинади: “Биродарингни рўпарасида табассум қилишинг сен учун садақадир”.
Яшнаров Муҳаммадхон
“Новза” жоме масжиди имом-ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.