Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, бу ойнинг биринчи ярмида нафл рўза тутиш ниҳоятда савоблидир.
Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани "Бароат кечаси" дейилади. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.
Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен: «"Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?" деб сўраганимда, у зот: "Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман", дедилар» (Имом Насоий ва Абу Довуд ривояти).
Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбоннинг ўртасидаги кечада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилишини айтганлар: "...Истиғфор айтгувчи борми? Уни мағфират қилурман. Ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Мубтало борми? Унга офият берурман".
Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлаш ҳамдир.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига нузул этади ва Бани Калбнинг қўйлари жунидан ҳам кўп одамни мағфират қилади", дедилар» (Ибн Можа, Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).
Бани Калб қабиласи ўша вақтда сурув-сурув қўйлари билан машҳур бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбон ойининг ярмида Аллоҳ таоло ниҳоятда кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаш учун ана шу қўйларнинг жунини мисол қилиб келтирганлар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Аммо кимдир (доимий нафл) рўза тутиб юрган бўлса, уни тутаверсин", дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Кимдир бирор нафл рўзани маълум кунларда ўзига вазифа қилиб олган бўлса, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, рўза тутиш жоиздир. Масалан, кўпчилик душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутади.
Демак, шаъбон ойининг иккинчи ярмида нафл рўза тутмаган яхши, аммо биринчи ярмининг охиридаги кечаси ҳам, унинг эртаси ҳам улуғ фазилат ва баракотли фурсатдир.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.