Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

Шаъбон ойи фазилатлари

28.04.2017   28521   3 min.
Шаъбон ойи фазилатлари

Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, бу ойнинг биринчи ярмида нафл рўза тутиш ниҳоятда савоблидир.

Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани "Бароат кечаси" дейилади. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.

Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен: «"Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?" деб сўраганимда, у зот: "Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман", дедилар» (Имом Насоий ва Абу Довуд ривояти).

Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбоннинг ўртасидаги кечада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилишини айтганлар: "...Истиғфор айтгувчи борми? Уни мағфират қилурман. Ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Мубтало борми? Унга офият берурман".

Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлаш ҳамдир.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига нузул этади ва Бани Калбнинг қўйлари жунидан ҳам кўп одамни мағфират қилади", дедилар» (Ибн Можа, Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).

Бани Калб қабиласи ўша вақтда сурув-сурув қўйлари билан машҳур бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбон ойининг ярмида Аллоҳ таоло ниҳоятда кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаш учун ана шу қўйларнинг жунини мисол қилиб келтирганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Аммо кимдир (доимий нафл) рўза тутиб юрган бўлса, уни тутаверсин", дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Кимдир бирор нафл рўзани маълум кунларда ўзига вазифа қилиб олган бўлса, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, рўза тутиш жоиздир. Масалан, кўпчилик душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутади.

Демак, шаъбон ойининг иккинчи ярмида нафл рўза тутмаган яхши, аммо биринчи ярмининг охиридаги кечаси ҳам, унинг эртаси ҳам улуғ фазилат ва баракотли фурсатдир.

  

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Фиқҳга икки хил қараш мумкинми?

23.12.2024   1094   1 min.
Фиқҳга икки хил қараш мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.

Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун ҳам кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан