Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

Талаба илмга муҳаббатли бўлиши керак

28.04.2017   6845   7 min.
Талаба илмга  муҳаббатли бўлиши керак

(Фахрий имом Абдулатифхон домла Султонмаҳмудов билан суҳбат)


Абдулатифхон Султонмаҳмудов (Абдулатифхон махдум) наманган шаҳрида туғилган. 1952 йили “Мир Араб” мадрасасига ўқишга киради. Мадрасани тугатгач, у ерда араб тилидан ўқитувчи қилиб олиб қолинади. 1960–1962 йиллари Сурия Давлат университетининг шариат факультетида таҳсил олади. Қайтгач, диний назорат кутубхонасига ишга киради. 1963–1968 йиллари “Мир Араб” мадрасасида мударрис ва илмий мудир, 1968–1972 йилларда мудир бўлиб ишлайди.
Абдулатифхон махдум 1973 йил Наманганга қайтиб, “Шайх Эшон” жоме масжидида (1977–1980), кейинчалик “Махдум Эшон” масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. 1991 йили Наманганда “Мулла Қирғиз” (ҳозирги “Ҳидоя”) мадрасаси очилганидан кейин, кўп йиллар ушбу даргоҳда тафсир илмидан дарс берган. Абдулатифхон махдум ҳозирда нафақада, фахрий имом.

 

– Ассалому алайкум, устоз. Сиз узоқ йиллардан бери динимиз ривожига хизмат қилиб келаётган фидойи уламолардан бирисиз. Суҳбатимизни дастлаб болалигингиз, ота-онангиз ва илк устозларингиз ҳақларидаги хотираларингиздан бошласак...


– Отамиз мен туғилмасимдан олдинги йиллардан бошлаб Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги масжидда имом бўлганлар. Ўқимишли аёл бўлган онамиз тўрт фарзанд билан уйда қолганлар. У замонлар битта нон топилса, тирикчилик учун кифоя ҳисобланган. Жуда ҳам қийин замонлар эди. Кейин мактабга кирдим, ўқидим. Мактабни битиришга улгурмай, ишлашга тўғри келди. Косибга шогирд тушиб, шу ҳунарни ўргандим. Бир оз муддат деҳқончилик қилишга ҳам тўғри келди, бироқ бу ишда ҳам омадим юришмади. Кейин заводга ишга кирдим. Ўша пайтларда “Бухорода мадраса очилибди”, деган гап тарқалди. Мен буни эшитдиму, ўша ерда албатта ўқишим керак, деган ниятни қалбимга тугиб қўйдим. Ҳужжатларимни тайёрлаб турсам, ҳарбий хизматга чақирув қоғози келди. Украинанинг Одесса вилоятида хизмат қилдим. Ҳарбийдан қайтгач, ниҳоят мадрасага бордим. 1951–52-йиллар эди. Ўшанда 27 ёшли навқирон йигит бўлсам-да, “Бисмиллоҳ” лафзини ҳам арабча ёзувдан ўқий олмасдим. Араб имлосидаги илк саводим ана шу мадрасада чиққан.
Илк устозларимдан бири диний идорамиз асосчиси Эшон Бобохон ҳазратларидир. Биз у кишини Эшонбува дердик. Эсимда, мад­расанинг биринчи (ёки иккинчи) курсини тамомлаб, ёзги таътилга чиққан кунларимиз эди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг биноси йўқлиги сабаб, Эшонбувам ўз ҳовлиларини диний бошқарма учун бергандилар. Ўша пайтларда “Бароқхон” мадрасасида кўзи ожизлар жамияти жойлашганди. Кейинроқ ҳукумат мадраса биносини диний назорат ихтиёрига бергач, бино тубдан таъмирланиб, ходимлар у ерга кўчиб ўтишди. Эшонбувам ўз ҳовлиларида қолганларини эшитдим-у, бутун ёзги таътил давомида у кишининг хизматларини қиламан, деган қарорга келдим. Наманганга қайтиб, бу ниятимни “Махдум Эшон” жоме масжидини очган, масжиднинг биринчи имоми Абдулқаюм домлага айтдим. Домла ниятимни эшитиб, хурсанд бўлдилар ва ўзлари мошинада Эшонбувамнинг даргоҳларига мени олиб бордилар. Эшонбувамнинг хонадонлари ҳамиша турли масалаларни ҳал қилиш учун келиб-кетувчилар билан гавжум бўларди. Шундай қилиб, мен жуда ноёб фурсатни қўлга киритгандим. Ёз бўйи Эшонбувамнинг хизматларида бўлдим, у зотдан икки дунёйим учун фойдали билимлар, ҳаётий сабоқлар олдим. Жуда олижаноб, кенг фикрлайдиган ва донишманд одам эдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин.
“Мир Араб” мадрасаси мудири, раҳматли Шаҳобиддин қори домла ҳақларида ҳам менда ёрқин хотиралар қолган. Шаҳобиддин домла асли Андижондан эдилар, қироатлари ва диний билимлари Исмоил махдум домлага маъқул келиб, мадрасага мудир бўлганлар.
Устозларимдан, Муҳаммад Амин Охунд домлани ҳам яхши эслайман. Домла асли Марғилондан бўлиб, Тошкентда яшаб, ўрнашиб қолган таниқли, катта олим эдилар. Анча кексайиб қолган бўлсалар ҳам, биз ёшларга ҳеч оғринмай билим беришдан чарчамасдилар. Дарслари қулоғимиздан кириб, қалбимизга қуйилиб-ўрнашиб қоларди.
Яна кўплаб устозлардан ҳам баҳра олганмиз, кексачилик, ҳозир ҳар бирларини номма-ном санаб бера олмайман, аммо ҳақларига дуо­да бўлишни канда қилмайман. Ҳаммаларини Аллоҳ таоло раҳматига олган бўлсин.
Мадрасани битиргач, Сурия Давлат университетининг шариат факультетида Шайх Муҳаммад Амин Мисрий, Шайх Мустафо Аҳмад Зарқо, Ҳишом Бурҳоний каби Ислом оламининг кўзга кўринган олимларидан сабоқ олдик.
Қайтиб келгач, динимиз, халқимиз хизматида бўлдим. Худога шукр, умримнинг кўп қисми таълим бериш билан ўтди, имомлик ҳам қилдим. Эндиликда нафақадаман, элу юртимиз, динимиз ривожини сўраб дуо қилиб ўтираман...


– Фарзандларингиз, набираларингиз ҳақида ҳам сўзлаб беринг: улар орасида сизнинг йўлингизни танлаганлари ҳам борми?


– Аллоҳга шукр, фарзанд-набираларимнинг ҳаммалари динимиз аҳкомларини маҳкам тутиб, салоҳиятда ўсиб-улғайишди. Ўғилларимдан бири Муҳаммадамин имом-хатиб бўлиб ишлайди. Набирам Абдулмажид Тошкент ислом институтида таълим олмоқда.


– Сиз собиқ шўролар тузумида диний соҳада фаолият юритгансиз. Ўша даврлар билан ҳозирги кунларни солиштирганда қандай ўзгаришлар юз берган?


– Ҳа, у замонлар билан мустақиллик даврининг бир-биридан фарқи ер билан осмонча. Агар бу кунларнинг афзаллиги ҳақида гапирадиган бўлсам, суҳбатимиз бугун тугамайди.
Шўро даврида саноқлигина масжид бўлиб, уларнинг ҳам кўпи абгор аҳволда эди, улуғ аждодларимизнинг муборак қадамжолари харобаларга айланиб қолган эди. Биргина мисол, биз талабалик йилларимизда Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг қаровсиз мақбараларини девор ошиб ўтиб, зиёрат қилардик.
Тўғри, ўша вақтдаги диний раҳбарларимиз қўлларидан келганича ҳаракат қилишган, аммо ҳаммага маълум, шўро ҳукуматининг динга нисбатан қараши ўта ёмон эди. Ўшандай шароитда ҳам жонини хатарга қўйиб, динимиз ва миллатимиз равнақи йўлида хизмат қилган диний ходимлардан фақат миннатдор бўлиш, ҳақларига дуо қилиш керак.
Кейин Аллоҳ таолонинг юртимизга ҳиммати жўш уриб, мустақиллик неъматини берди. Мадрасалар, мақбаралар обод қилинди. Янги-янги муҳташам масжидлар бунёд этилди. Бундай ишлар битта ёки иккита шаҳарда эмас, бутун юртимиз бўйича амалга оширилди. Боя айтганимдек, бундоқ неъматларни санаб тугатолмайсиз. Ҳозир энди яйраб-яйраб илм оладиган, бамайлихотир, роҳатланиб ибодат қиладиган замон келди.


– Устоз, таълим соҳасида тажрибангиз катта. Талабаларнинг илм олишлари учун уларни илмга қизиқтириш, ҳар бири билан алоҳида шуғулланиш керакми ёки Аллоҳ насиб қилган бўлса, шундоқ ҳам илмни ўзлаштираверади, деб ҳисоблайсизми?


– Талаба энг олдин нимани ва қандай мақсадда ўрганмоқчилигини аниқлаб олиши лозим. Ҳар қандай соҳада илм ўрганаман деган одамда ўша илмга муҳаббат бўлиши керак. Энг муҳими, ният холис бўлиши зарур. Сўнг мақсадига етишиш учун жидду жаҳд қилсин. Ана шунда илм юқади. Албатта, устознинг ҳам бу ўринда аҳамияти катта. Умуман, талабаларга, хусусан, диний илмни ўрганаётганларга эски замон билан ҳозирги кунларни муқояса қилиб, шундай яхши шароитларда ҳам илмга бепарво бўлиш жуда катта ношукрлик ва айб экани ҳақида бот-бот тушунтириб турилса, иншоаллоҳ, фойдали бўлади.


– Устоз, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Узоқ йиллар бизларга дуогўй бўлиб юришингизни Аллоҳ таолодан сўраймиз.

Наманган шаҳар бош имом-хатиби
Мусохон АББОСИДДИНОВ ва
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
суҳбатлашишди.
HIDOYAT журнали 2017 йил 2 сон / hidoyat.uz

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Салла ва дўппи

9.01.2025   36   6 min.
Салла ва дўппи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мусулмонлар доимо уст-бошларига покиза ва виқор берадиган кийимлар кийиб келади. Ислом дини, ҳам ташқи, ҳам ички покликни шариъат талабларига мувофиқ жорий қилган. Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Салла ана шу ташқи кўринишдаги гўзалликнинг бир қисми бўлиб, бошқа кийимларга қараганда ўзига хос маданиятни англатади. Салла мусулмонларнинг узоқ тарихга эга бош кийими ҳисобланади. У бошга ўраладиган мато бўлиб, кишилар уни вазиятга ва жамиятдаги урфга кўра ўраб юришган. Гарчи уни ўрашнинг бир неча усуллари мавжуд бўлса ҳам, маълум шакли ва ранги талаб қилинмайди.

Салла иссиқдан, совуқдан ва чанг тўзондан ҳимояланадиган бош кийими бўлиб, бу ҳақда машҳур тобеъийн, «Наҳв» фани асосчиларидан бири Абуласвад Дувалий айтган: “Салла жангда қалқон, иссиқда соябон, совуқдан ҳимоя, воизга виқор, турли тасодифлардан сақловчи, инсон қоматига зийнатдур”. Қадимдан салла эркакларнинг мурувватини ва қавм орасидаги обрў-эътиборини билдирган.

Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, салла арабларнинг тожидур, деганлар. Салла кийиш борасида келган ҳадислар шариъат талаб даражасида жорий қилишга етадиган қувватли эмас, лекин Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қавмлари одатига кўра салла ўраганликлари сийратлари ва кундалик ҳолатлари борасида келган ривоятларда айтилган бўлиб, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

عن إبن عمر رضي الله عنهما مرفوعا” عليكم بالعمائم فإنها سيما الملائكة وأرخوها خلف ظهوركم”

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Набий алаҳиссаломгача етиб борган санад билан ривоят қилинган ҳадисда: “Саллаларни лозим тутинглар, зеро бу фаришталарнинг сиймосидур ва унинг пешини ортингизга ташлаб олинглар”, деганлар.
 

عن ابن عباس رضي الله عنهما مرفوعااعتموا تزدادوا حلما

.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алаҳиссалом: “Салла кийинглар, ҳалимлигингиз зиёда бўлади”, дедилар


عن ركانة قال رسول الله صلى الله عليه وسلمفرق بيننا وبين المشركين العمائم على القلانس

Салла ўраш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 833-cаволга жавоб берган. Жавобда шундай дейилган:

“Ўтмишда аҳли илм ва фазилатли кишилар ва кўпчилик маърифатпарвар аждодларимиз саллада юришни одат қилганлар. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, Расули акрам алайҳиссаломнинг ушбу кийиниш одатлари шариъат буйруғи сифатида қабул қилинмаган. Бирор бир олим салла киймаган киши гуноҳкор бўлишини айтмаган. Балки, Ислом келганида эркаклар саллада юришлари урф-одатлардан бири бўлиб, бу борада кофир ҳам мусулмон ҳам баробар бўлган. Бу ҳақда Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай дейишади:


وأما لبس النبي صلى الله عليه وسلم العمامة وحمله العصا فهو فعل عادي وقع على عادة العرب ذلك الزمن، وليس فعلا تشريعيا يدل على الاستحباب ولا يتأسى به الناس.

“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг салла кийишлари ва ҳасса тутишлари одатий феълларидан бўлиб, ўша замон арабларининг урфларига биноан қилинар эди. Бу ишлар мустаҳабликка далолат қиладиган ва одамлар ўрнак оладиган шаръий ҳукмлардан эмас”.

Бош кийимларидан яна бири бу дўппидир. Ҳар бир миллатнинг ўзига хослигини билдириб турувчи либоси бўлиб, миллатнинг маданияти ва баъзи ўринларда динига ҳам далолат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир миллат ўзлигини сақлаб қолиш учун миллий кийимлар, миллий урф-анъаналар, байрамларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Айниқса бош кийим бошқа либослардан кўра ўзига хос ўрин тутади, чунки инсон танасидаги аъзолар ичида бош энг азиз аъзо ҳисобланади. Шу эътибордан бош кийимни оёқ остида қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.

Шаръий китобларимизга ҳам дўппи масаласи киритилган бўлиб, уламоларимиз баъзи оятлар ва ҳадислардаги маъноларнинг далолатидан сабабсиз бош кийим киймай намоз ўқиш макруҳ деб айтганлар.

Аллоҳ таоло Аъроф сураси 26-оятида: “Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”.

Шайх Полонпурий ҳазратлари оятдаги тақво либоси тақводор киши киядиган либоси деб тафсир қилган.

Аъроф сурасининг 31-оятида: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингизни (кийиб) олингиз!”.

Муфассирлар ушбу оятдаги зийнатдан мурод – киши учун виқор бағишлайдиган кийимлар эканига иттифоқ қилишган.

Бош кийимсиз намоз ўқиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 109-cаволга жавоб берган:

“Кўплаб мўътабар уламолар бундан бир неча аср муқаддам ўз китобларида ушбу масалага тўхталиб, унинг ҳукмини очиқ-ойдин ёзиб кетганлар. Жумладан: Аллома Ҳаскафий ўзининг “Дуррул мухтор” китобида намоздаги макруҳ амалларни санаб, шундай деган:

وَصَلَاتُهُ حَاسِرًا  رَأْسَهُ لِلتَّكَاسُلِ, وَلَا بَأْسَ بِهِ لِلتَّذَلُّلِ ، وَلَوْ سَقَطَتْ قَلَنْسُوَتُهُ فَإِعَادَتُهَا أَفْضَلُ إلَّا إذَا احْتَاجَتْ لِتَكْوِيرٍ أَوْ عَمَلٍ كَثِيرٍ

“Намозхон (бош кийим кийишга) эринчоқлик қилиб, ялангбош ҳолда намоз ўқиши намознинг макруҳларидандир. Агар ўзини хокисор тутиш учун шундай қилса, зарари йўқ. Агар бош кийими (намоз асносида бошидан) тушиб кетса уни қайтариб олиши афзалдир. Лекин, уни ўрашга ёки кўп ҳаракат қилишга эҳтиёж бўлса, бундай қилмайди”.

Қолаверса, бош кийим билан намоз ўқиш одоб, намозга ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиш афзал”.

Муртазоев Арабхон,
Тошкент Ислом институти талабаси.

Мақолалар