(Фахрий имом Абдулатифхон домла Султонмаҳмудов билан суҳбат)
Абдулатифхон Султонмаҳмудов (Абдулатифхон махдум) наманган шаҳрида туғилган. 1952 йили “Мир Араб” мадрасасига ўқишга киради. Мадрасани тугатгач, у ерда араб тилидан ўқитувчи қилиб олиб қолинади. 1960–1962 йиллари Сурия Давлат университетининг шариат факультетида таҳсил олади. Қайтгач, диний назорат кутубхонасига ишга киради. 1963–1968 йиллари “Мир Араб” мадрасасида мударрис ва илмий мудир, 1968–1972 йилларда мудир бўлиб ишлайди.
Абдулатифхон махдум 1973 йил Наманганга қайтиб, “Шайх Эшон” жоме масжидида (1977–1980), кейинчалик “Махдум Эшон” масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. 1991 йили Наманганда “Мулла Қирғиз” (ҳозирги “Ҳидоя”) мадрасаси очилганидан кейин, кўп йиллар ушбу даргоҳда тафсир илмидан дарс берган. Абдулатифхон махдум ҳозирда нафақада, фахрий имом.
– Ассалому алайкум, устоз. Сиз узоқ йиллардан бери динимиз ривожига хизмат қилиб келаётган фидойи уламолардан бирисиз. Суҳбатимизни дастлаб болалигингиз, ота-онангиз ва илк устозларингиз ҳақларидаги хотираларингиздан бошласак...
– Отамиз мен туғилмасимдан олдинги йиллардан бошлаб Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги масжидда имом бўлганлар. Ўқимишли аёл бўлган онамиз тўрт фарзанд билан уйда қолганлар. У замонлар битта нон топилса, тирикчилик учун кифоя ҳисобланган. Жуда ҳам қийин замонлар эди. Кейин мактабга кирдим, ўқидим. Мактабни битиришга улгурмай, ишлашга тўғри келди. Косибга шогирд тушиб, шу ҳунарни ўргандим. Бир оз муддат деҳқончилик қилишга ҳам тўғри келди, бироқ бу ишда ҳам омадим юришмади. Кейин заводга ишга кирдим. Ўша пайтларда “Бухорода мадраса очилибди”, деган гап тарқалди. Мен буни эшитдиму, ўша ерда албатта ўқишим керак, деган ниятни қалбимга тугиб қўйдим. Ҳужжатларимни тайёрлаб турсам, ҳарбий хизматга чақирув қоғози келди. Украинанинг Одесса вилоятида хизмат қилдим. Ҳарбийдан қайтгач, ниҳоят мадрасага бордим. 1951–52-йиллар эди. Ўшанда 27 ёшли навқирон йигит бўлсам-да, “Бисмиллоҳ” лафзини ҳам арабча ёзувдан ўқий олмасдим. Араб имлосидаги илк саводим ана шу мадрасада чиққан.
Илк устозларимдан бири диний идорамиз асосчиси Эшон Бобохон ҳазратларидир. Биз у кишини Эшонбува дердик. Эсимда, мадрасанинг биринчи (ёки иккинчи) курсини тамомлаб, ёзги таътилга чиққан кунларимиз эди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг биноси йўқлиги сабаб, Эшонбувам ўз ҳовлиларини диний бошқарма учун бергандилар. Ўша пайтларда “Бароқхон” мадрасасида кўзи ожизлар жамияти жойлашганди. Кейинроқ ҳукумат мадраса биносини диний назорат ихтиёрига бергач, бино тубдан таъмирланиб, ходимлар у ерга кўчиб ўтишди. Эшонбувам ўз ҳовлиларида қолганларини эшитдим-у, бутун ёзги таътил давомида у кишининг хизматларини қиламан, деган қарорга келдим. Наманганга қайтиб, бу ниятимни “Махдум Эшон” жоме масжидини очган, масжиднинг биринчи имоми Абдулқаюм домлага айтдим. Домла ниятимни эшитиб, хурсанд бўлдилар ва ўзлари мошинада Эшонбувамнинг даргоҳларига мени олиб бордилар. Эшонбувамнинг хонадонлари ҳамиша турли масалаларни ҳал қилиш учун келиб-кетувчилар билан гавжум бўларди. Шундай қилиб, мен жуда ноёб фурсатни қўлга киритгандим. Ёз бўйи Эшонбувамнинг хизматларида бўлдим, у зотдан икки дунёйим учун фойдали билимлар, ҳаётий сабоқлар олдим. Жуда олижаноб, кенг фикрлайдиган ва донишманд одам эдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин.
“Мир Араб” мадрасаси мудири, раҳматли Шаҳобиддин қори домла ҳақларида ҳам менда ёрқин хотиралар қолган. Шаҳобиддин домла асли Андижондан эдилар, қироатлари ва диний билимлари Исмоил махдум домлага маъқул келиб, мадрасага мудир бўлганлар.
Устозларимдан, Муҳаммад Амин Охунд домлани ҳам яхши эслайман. Домла асли Марғилондан бўлиб, Тошкентда яшаб, ўрнашиб қолган таниқли, катта олим эдилар. Анча кексайиб қолган бўлсалар ҳам, биз ёшларга ҳеч оғринмай билим беришдан чарчамасдилар. Дарслари қулоғимиздан кириб, қалбимизга қуйилиб-ўрнашиб қоларди.
Яна кўплаб устозлардан ҳам баҳра олганмиз, кексачилик, ҳозир ҳар бирларини номма-ном санаб бера олмайман, аммо ҳақларига дуода бўлишни канда қилмайман. Ҳаммаларини Аллоҳ таоло раҳматига олган бўлсин.
Мадрасани битиргач, Сурия Давлат университетининг шариат факультетида Шайх Муҳаммад Амин Мисрий, Шайх Мустафо Аҳмад Зарқо, Ҳишом Бурҳоний каби Ислом оламининг кўзга кўринган олимларидан сабоқ олдик.
Қайтиб келгач, динимиз, халқимиз хизматида бўлдим. Худога шукр, умримнинг кўп қисми таълим бериш билан ўтди, имомлик ҳам қилдим. Эндиликда нафақадаман, элу юртимиз, динимиз ривожини сўраб дуо қилиб ўтираман...
– Фарзандларингиз, набираларингиз ҳақида ҳам сўзлаб беринг: улар орасида сизнинг йўлингизни танлаганлари ҳам борми?
– Аллоҳга шукр, фарзанд-набираларимнинг ҳаммалари динимиз аҳкомларини маҳкам тутиб, салоҳиятда ўсиб-улғайишди. Ўғилларимдан бири Муҳаммадамин имом-хатиб бўлиб ишлайди. Набирам Абдулмажид Тошкент ислом институтида таълим олмоқда.
– Сиз собиқ шўролар тузумида диний соҳада фаолият юритгансиз. Ўша даврлар билан ҳозирги кунларни солиштирганда қандай ўзгаришлар юз берган?
– Ҳа, у замонлар билан мустақиллик даврининг бир-биридан фарқи ер билан осмонча. Агар бу кунларнинг афзаллиги ҳақида гапирадиган бўлсам, суҳбатимиз бугун тугамайди.
Шўро даврида саноқлигина масжид бўлиб, уларнинг ҳам кўпи абгор аҳволда эди, улуғ аждодларимизнинг муборак қадамжолари харобаларга айланиб қолган эди. Биргина мисол, биз талабалик йилларимизда Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг қаровсиз мақбараларини девор ошиб ўтиб, зиёрат қилардик.
Тўғри, ўша вақтдаги диний раҳбарларимиз қўлларидан келганича ҳаракат қилишган, аммо ҳаммага маълум, шўро ҳукуматининг динга нисбатан қараши ўта ёмон эди. Ўшандай шароитда ҳам жонини хатарга қўйиб, динимиз ва миллатимиз равнақи йўлида хизмат қилган диний ходимлардан фақат миннатдор бўлиш, ҳақларига дуо қилиш керак.
Кейин Аллоҳ таолонинг юртимизга ҳиммати жўш уриб, мустақиллик неъматини берди. Мадрасалар, мақбаралар обод қилинди. Янги-янги муҳташам масжидлар бунёд этилди. Бундай ишлар битта ёки иккита шаҳарда эмас, бутун юртимиз бўйича амалга оширилди. Боя айтганимдек, бундоқ неъматларни санаб тугатолмайсиз. Ҳозир энди яйраб-яйраб илм оладиган, бамайлихотир, роҳатланиб ибодат қиладиган замон келди.
– Устоз, таълим соҳасида тажрибангиз катта. Талабаларнинг илм олишлари учун уларни илмга қизиқтириш, ҳар бири билан алоҳида шуғулланиш керакми ёки Аллоҳ насиб қилган бўлса, шундоқ ҳам илмни ўзлаштираверади, деб ҳисоблайсизми?
– Талаба энг олдин нимани ва қандай мақсадда ўрганмоқчилигини аниқлаб олиши лозим. Ҳар қандай соҳада илм ўрганаман деган одамда ўша илмга муҳаббат бўлиши керак. Энг муҳими, ният холис бўлиши зарур. Сўнг мақсадига етишиш учун жидду жаҳд қилсин. Ана шунда илм юқади. Албатта, устознинг ҳам бу ўринда аҳамияти катта. Умуман, талабаларга, хусусан, диний илмни ўрганаётганларга эски замон билан ҳозирги кунларни муқояса қилиб, шундай яхши шароитларда ҳам илмга бепарво бўлиш жуда катта ношукрлик ва айб экани ҳақида бот-бот тушунтириб турилса, иншоаллоҳ, фойдали бўлади.
– Устоз, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Узоқ йиллар бизларга дуогўй бўлиб юришингизни Аллоҳ таолодан сўраймиз.
Наманган шаҳар бош имом-хатиби
Мусохон АББОСИДДИНОВ ва
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
суҳбатлашишди.
HIDOYAT журнали 2017 йил 2 сон / hidoyat.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан