Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

Меҳр-муҳаббат қўрғони

21.04.2017   6975   4 min.
Меҳр-муҳаббат қўрғони

Оила...  Бу сўз замирида кенг маъно, порлоқ келажак, тинч-тотув ҳаёт ва ўзаро меҳр-муҳаббат ётади. Оила бу жамиятимиз келажаги, соғлом турмуш ва энг асосийси катта масъулият бўлиб, ҳар бир инсон бу тушунча билан  ҳаётида учрашади, йўлиқади. Оила нафақат икки инсонни бирлаштиради, балки шу жуфт билан таскин топади, саодатга эришади. Ёлғиз ҳолда инсон ўз саодатини ҳис қила олмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди...” (Наҳл,72)

Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлаб, умргузаронлик қилишлари хақиқатдан Яратганнинг улуғ санъати ва ҳикматига далолатдпр.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада ривоят қилган ҳадисларнинг бирида: “Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”,  дейилган.

Бошқа ҳадисда эса: “Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир” деб марҳамат қилинади. Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш,  Пайғамбаримиз алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.

Оила жамиятнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, у қатьий қонун-қоидаларга бўйсунади. Насл бардавом бўлиши, жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Аллоҳ таоло оилани ўз ҳимоясига олган. Оила таназзулининг олдини олиш мақсадида зино қатьий ҳаром қилинди.

Жамиятнинг келажаги порлоқ, катта имкониятларга эга бўлиши учун, аввало, унинг ажралмас негизи-оилаларнинг маънан соғломлиги талаб қилинади.

Оиланинг бир устуни бўлган аёл шу масканнинг қўриқчиси, оила”шоҳ”ига “вазир”ҳисобланади. Шу жиҳатда Ислом дини ҳеч бир дин бермаган эьтиборини беради, уни эъзозлайди, чиройли муомалада бўлишга чақиради, ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳлига яхшироқ муомала қилувчингизман” (Имом Термизий).

Мана шундай оят ва ҳадислар орқали Ислом илк даврданоқ аёлларнинг оиладаги ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комил инсон ва чиройли муомалага муносиб шахс сифатида эьтибор қаратган.

Энг аввало, аёлларга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феьл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради.

Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бу таянчлардан бирига арзимас нарса туфайли дарз кетмаслиги зарур. Ҳадисда: “Агар бирон нохушлик бўлса, унинг замирида кўп яхшиликлар бўлиши мумкин”, деб бежиз айтилмаган.

Шу сабабли оилада меҳр-муҳаббат, тинчлик, тотувлик, ўзаро ишонч хукмрон бўлишга эру хотин бирдек  ҳаракат қилмоқлари лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз ҳадисларида “Хотинларнинг яхшиси агар қарасанг, сени хурсанд қиладигани; буюрсанг, сенга итоат этгани; йўқлигингда ўз нафсини ва молингни  муҳофаза қиладиганидир”, деб яхши аёлларни сифатлаганлар. Шу ҳадисдан келиб чиқиб аёллар оилани барқарор бўлишда, уларни муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатишлари, ўз турмуш ўртоқларига итоаткор бўлишлари лозим. Ҳар бир жамиятни асоси оила экан,  уни ўрни, мустаҳкамлиги  ҳар бир оила вакилига юклатилган чиройли бурчдир. Оилани  асраб авайлаш, ҳимоя қилиш шу юртдаги ҳар бир инсон учун ҳам фарз ҳам қарздир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим

юрти ўқитувчиси Нурмуҳамедова Ирода

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мўминлар учун Ҳужурот сурасидан 5 одоб

24.09.2024   798   3 min.
Мўминлар учун Ҳужурот сурасидан 5 одоб

1. Мўмин банда эшитган нарсасини сўраб-суриштирмай гапиришдан эҳтиёт бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Муслим ривояти).

Демак, эшитган гапини одамларга гапираверган киши ёлғончилардан саналади. Мўмин банда эса ёлғончи бўлмайди.

Имом Молик ривоят қилган ҳадисда Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўлади-ми?” деб сўрадилар.

“Ҳа”, дедилар.

“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўлади-ми? дедилар.

Ҳа, дедилар.

Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўлади-ми? деб сўрадилар.

Йўқ, деб жавоб бердилар».

 

2. Мўмин банда бирор кишини масхара қилмаслиги лозим.

Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса(Ҳужурот сураси, 11-оят).

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, токи ўзи ҳам ўша гуноҳни содир этмагунича вафот этмайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда масхара қилувчиларнинг ҳолига вой бўлиши ҳақида огоҳлантиради: (Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).

 

3. Мўминлар бир-бирларини мазах қилишлари ва лақаблар билан атамасликлари лозим.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

 

4. Мўминлар гумондан четда бўлишлари лозим.

Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

 

5. Мўминлар ўзгалар айбини қидиришдан ва уларни ғийбат қилишдан сақланишлари лозим.

(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД