Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Ноябр, 2024   |   02 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:37
Қуёш
06:57
Пешин
12:12
Аср
15:34
Шом
17:19
Хуфтон
18:33
Bismillah
03 Ноябр, 2024, 02 Жумадул аввал, 1446

Меҳр-муҳаббат қўрғони

21.04.2017   6996   4 min.
Меҳр-муҳаббат қўрғони

Оила...  Бу сўз замирида кенг маъно, порлоқ келажак, тинч-тотув ҳаёт ва ўзаро меҳр-муҳаббат ётади. Оила бу жамиятимиз келажаги, соғлом турмуш ва энг асосийси катта масъулият бўлиб, ҳар бир инсон бу тушунча билан  ҳаётида учрашади, йўлиқади. Оила нафақат икки инсонни бирлаштиради, балки шу жуфт билан таскин топади, саодатга эришади. Ёлғиз ҳолда инсон ўз саодатини ҳис қила олмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди...” (Наҳл,72)

Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлаб, умргузаронлик қилишлари хақиқатдан Яратганнинг улуғ санъати ва ҳикматига далолатдпр.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада ривоят қилган ҳадисларнинг бирида: “Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”,  дейилган.

Бошқа ҳадисда эса: “Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир” деб марҳамат қилинади. Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш,  Пайғамбаримиз алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.

Оила жамиятнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, у қатьий қонун-қоидаларга бўйсунади. Насл бардавом бўлиши, жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Аллоҳ таоло оилани ўз ҳимоясига олган. Оила таназзулининг олдини олиш мақсадида зино қатьий ҳаром қилинди.

Жамиятнинг келажаги порлоқ, катта имкониятларга эга бўлиши учун, аввало, унинг ажралмас негизи-оилаларнинг маънан соғломлиги талаб қилинади.

Оиланинг бир устуни бўлган аёл шу масканнинг қўриқчиси, оила”шоҳ”ига “вазир”ҳисобланади. Шу жиҳатда Ислом дини ҳеч бир дин бермаган эьтиборини беради, уни эъзозлайди, чиройли муомалада бўлишга чақиради, ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳлига яхшироқ муомала қилувчингизман” (Имом Термизий).

Мана шундай оят ва ҳадислар орқали Ислом илк даврданоқ аёлларнинг оиладаги ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комил инсон ва чиройли муомалага муносиб шахс сифатида эьтибор қаратган.

Энг аввало, аёлларга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феьл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради.

Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бу таянчлардан бирига арзимас нарса туфайли дарз кетмаслиги зарур. Ҳадисда: “Агар бирон нохушлик бўлса, унинг замирида кўп яхшиликлар бўлиши мумкин”, деб бежиз айтилмаган.

Шу сабабли оилада меҳр-муҳаббат, тинчлик, тотувлик, ўзаро ишонч хукмрон бўлишга эру хотин бирдек  ҳаракат қилмоқлари лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз ҳадисларида “Хотинларнинг яхшиси агар қарасанг, сени хурсанд қиладигани; буюрсанг, сенга итоат этгани; йўқлигингда ўз нафсини ва молингни  муҳофаза қиладиганидир”, деб яхши аёлларни сифатлаганлар. Шу ҳадисдан келиб чиқиб аёллар оилани барқарор бўлишда, уларни муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатишлари, ўз турмуш ўртоқларига итоаткор бўлишлари лозим. Ҳар бир жамиятни асоси оила экан,  уни ўрни, мустаҳкамлиги  ҳар бир оила вакилига юклатилган чиройли бурчдир. Оилани  асраб авайлаш, ҳимоя қилиш шу юртдаги ҳар бир инсон учун ҳам фарз ҳам қарздир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим

юрти ўқитувчиси Нурмуҳамедова Ирода

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Гуноҳ қилганда ўқиладиган 2 дуо

25.10.2024   5944   3 min.
Гуноҳ қилганда ўқиладиган 2 дуо

Ҳар бир гуноҳ амал бизни Роббимиздан узоқлаштиради. Бироқ, Аллоҳга қайтарадиган нарса бу – ҳақиқий тавба. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

قلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

Эй, ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир (Зумар сураси, 53-оят).

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ لَزِمَ الِاسْتِغْفَارَ جَعَلَ اللَّهُ لَهُ مِنْ كُلِّ ضِيقٍ مَخْرَجًا وَمِنْ كُلِّ هَمٍّ فَرَجًا وَرَزَقَهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ

Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойишни насиба қилади ва уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантиради, дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).

 

Аллоҳ таолодан мағфират сўраш учун энг афзал дуо –

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким саййидул истиғфор –

اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لاَ إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ وَأَبُوءُ لَكَ بِذَنْبِي فَاغْفِرْ لِي فَإِنَّهُ لاَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ

Ўқилиши: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу`у лака биниъматика ъалаййа ва абу`у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта”ни кечки пайт айтиб, тонг отгунича вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Маъноси: “Аллоҳим, Сен Роббимсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган амалларимнинг ёмонлигидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Гуноҳларимни мағфират этгин. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди”

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси уйғонсалар:

لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ سُبْحَانَكَ اللهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَسْتَغْفِرُكَ لِذَنْبِي وَأَسْأَلُكَ رَحْمَتَكَ اللهُمَّ زِدْنِي عِلْمًا وَلاَ تُزِغْ قَلْبِي بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنِي وَهَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الوَهَّابُ

Ўқилиши: “Лаа илаҳа илла анта, субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, астағфирука лизанбий ва асалука роҳматака. Аллоҳумма зидний ъилман ва лаа тузиғ қолбий баъда из ҳадайтаний ваҳаб лий мин ладунка роҳматан, иннака антал ваҳҳаб”, деб айтар эдилар” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).

Маъноси: Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сенга ҳамд айтиш билан Сени поклайман. Гуноҳларимга истиғфор айтаман. Раҳматингни сўрайман. Аллоҳим, илмимни зиёда қилгин. Ҳидоятга солганингдан кейин қалбимни оғдирмагин. Ҳузурингдан менга раҳмат ато этгин. Албатта, Сен кўплаб ато этувчисан”.

 

Даврон НУРМУҲАММАД