Оила... Бу сўз замирида кенг маъно, порлоқ келажак, тинч-тотув ҳаёт ва ўзаро меҳр-муҳаббат ётади. Оила бу жамиятимиз келажаги, соғлом турмуш ва энг асосийси катта масъулият бўлиб, ҳар бир инсон бу тушунча билан ҳаётида учрашади, йўлиқади. Оила нафақат икки инсонни бирлаштиради, балки шу жуфт билан таскин топади, саодатга эришади. Ёлғиз ҳолда инсон ўз саодатини ҳис қила олмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:
“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди...” (Наҳл,72)
Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлаб, умргузаронлик қилишлари хақиқатдан Яратганнинг улуғ санъати ва ҳикматига далолатдпр.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада ривоят қилган ҳадисларнинг бирида: “Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”, дейилган.
Бошқа ҳадисда эса: “Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир” деб марҳамат қилинади. Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.
Оила жамиятнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, у қатьий қонун-қоидаларга бўйсунади. Насл бардавом бўлиши, жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Аллоҳ таоло оилани ўз ҳимоясига олган. Оила таназзулининг олдини олиш мақсадида зино қатьий ҳаром қилинди.
Жамиятнинг келажаги порлоқ, катта имкониятларга эга бўлиши учун, аввало, унинг ажралмас негизи-оилаларнинг маънан соғломлиги талаб қилинади.
Оиланинг бир устуни бўлган аёл шу масканнинг қўриқчиси, оила”шоҳ”ига “вазир”ҳисобланади. Шу жиҳатда Ислом дини ҳеч бир дин бермаган эьтиборини беради, уни эъзозлайди, чиройли муомалада бўлишга чақиради, ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳлига яхшироқ муомала қилувчингизман” (Имом Термизий).
Мана шундай оят ва ҳадислар орқали Ислом илк даврданоқ аёлларнинг оиладаги ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комил инсон ва чиройли муомалага муносиб шахс сифатида эьтибор қаратган.
Энг аввало, аёлларга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феьл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради.
Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бу таянчлардан бирига арзимас нарса туфайли дарз кетмаслиги зарур. Ҳадисда: “Агар бирон нохушлик бўлса, унинг замирида кўп яхшиликлар бўлиши мумкин”, деб бежиз айтилмаган.
Шу сабабли оилада меҳр-муҳаббат, тинчлик, тотувлик, ўзаро ишонч хукмрон бўлишга эру хотин бирдек ҳаракат қилмоқлари лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз ҳадисларида “Хотинларнинг яхшиси агар қарасанг, сени хурсанд қиладигани; буюрсанг, сенга итоат этгани; йўқлигингда ўз нафсини ва молингни муҳофаза қиладиганидир”, деб яхши аёлларни сифатлаганлар. Шу ҳадисдан келиб чиқиб аёллар оилани барқарор бўлишда, уларни муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатишлари, ўз турмуш ўртоқларига итоаткор бўлишлари лозим. Ҳар бир жамиятни асоси оила экан, уни ўрни, мустаҳкамлиги ҳар бир оила вакилига юклатилган чиройли бурчдир. Оилани асраб авайлаш, ҳимоя қилиш шу юртдаги ҳар бир инсон учун ҳам фарз ҳам қарздир.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим
юрти ўқитувчиси Нурмуҳамедова Ирода
Мак Кай Ортон... Энтомология[1] бўйича илмий даражага эга, Корнел университетида (АҚШ) ўн йилдан бери асаларилар бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради.
Тадқиқотчи М.К. Ортон бундай дейди: “Қуръонда асаларилар ҳақида бир сура борлигини эшитдим. 1445 йил муқаддам нозил бўлган Китобда келган асалариларга оид маълумотларнинг аниқлиги мени қаттиқ ҳайратга солди. Қуръондаги 16 тартиб рақам остидаги “Наҳл” сурасини тўлиқ ўқиб чиқдим. Ушбу суранинг асалари ҳақидаги 68-оятида 16 та сўз ва 16 хил араб ҳарфлари келган. Қизиқ жиҳати, урғочи асалариларда 16 жуфт хромосома, эркак асалариларда ҳам 16 хромосома бор”.
Мак Кай Ортон яна бундай деб айтади: “Асаларилар билан боғлиқ яна бир нарса мени қизиқтирди. Маълумки, Қуръони каримда феъллар музаккар (эркак жинси) ва баъзилари муаннас (аёл жинси) шаклда келган. Асаларилар ҳақида келган оятлар айнан аёл жинсида ифодаланган. XIX асрнинг бошларида Эдвард Беван асални фақатгина урғочи асаларилар ишлаб чиқаришини аниқлаган. Эркак асаларилар асал бермайдилар”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: «Роббинг асаларига ваҳий юборди: “Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган ишкомлардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббингнинг осон қилиб қўйган йўлларидан юргин”. Қоринларидан турли рангдаги ичимлик чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят (белги) бордир» (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).
Ушбу оятда “емоқ” феълининг амр (буйруқ) шакли “кули” (егин) аёл жинси шакли ишлатилган. Эркак жинсида бу сўз “кул” шаклида келади. Бошқа феъллар ҳам шундай шаклда келган.
Шунингдек, оятда “батнун” (ошқозон) сўзининг кўплик шакли “бутуунун” сўзи келган. “Ҳа” олмоши учинчи шахс бирлик маъносидаги аёл жинсини билдиради.
Тадқиқотларда урғочи арининг ҳақиқатан ҳам иккита ошқозони борлиги, бири озиқ-овқатни ҳазм қилиш учун, иккинчиси гуллардан йиғилган нектарни сақлаш учун экани аниқланган.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Энтомология (лотинча: ҳашаротлар) – ҳашаротлар тўғрисидаги фан. Ҳашаротларнинг тузилиши, ҳаёт кечириши, уларнинг индивидуал ва тарихий ривожланиши, хилмахиллиги, ер юзида тарқалиши, яшаш муҳити билан муносабатлари ва бошқаларни ўрганади.