Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Январ, 2025   |   7 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:32
Bismillah
07 Январ, 2025, 7 Ражаб, 1446

Тўғри топганга икки, хато қилганга бир ажр...

20.04.2017   9788   4 min.
Тўғри топганга икки, хато қилганга бир ажр...

“Мазҳаб” сўзи луғатда “чиройли”, “гўзал” ҳамда “йўл”, “йўналиш” деган маъноларда ишлатилади. Шариат истилоҳида мазҳаб, Аллоҳ таолонинг амрлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васлламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб топилган, У Зотнинг розилигига эриштирувчи йўл,  урфда эса чиройли йўл маъносини билдиради.

Халқимиз асрлар оша эътиқод қилиб келаётган диний жамоа – аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳаблари тўртта бўлиб, унинг асосчилари мутлақ ижтиҳод соҳиблари ҳисобланади. Улар мазҳаббоши ёки имом деб аталади. Уларнинг қай бирига эргашилса ҳам, тўғри йўл тутилган бўлади. Ушбу мазҳабларнинг бири бошқасидан устун кўрилмаган ҳолда барчаси бирдек қадрланади. Мусулмон киши тўрт мазҳабдан бирини маҳкам ушлаши вожиб амал.

 Тўрт мазҳабнинг ҳар бири асосчилари номи билан Ҳанафий, Моликий, Шофиий, Ҳанбалий мазҳаблари деб номланган. Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” деган китобида мазҳабларга бўлган эҳтиёжни қуйидагича таърифлаган: “Аллоҳ таоло ўз ҳикмати тақозоси ила динни ушлаш ва муҳофаза қилиш учун одамларга имомларни чиқариб берди. Уларнинг билимлари, фатво ва ҳукмлар илмида кўзланган мақсадга эришганларини ҳамма тан олар эди. Барча одамлар фатвода уларга мурожаат қиладиган, ҳукмларни билишда ҳам уларга қайтадиган бўлди. Аллоҳ таоло улар учун мазҳабларини тартибга соладиган ва қоидаларни таҳрир қиладиган зотларни қоим қилди. Охир-оқибат улардан ҳар бир имомнинг мазҳаби, услуби, қоидалари ва фасллари аниқланди. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами, ушбу динни муҳофаза қилиш сабабларидан бўлди”.

Мазҳаббошилар Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳукмларни оладиган мужтаҳиди мутлоқ даражасига етганлар. Уларнинг йўли бирор-бир масалани ечишда  ўзлари асос қилиб олган усуллар ва истинбод қоидаларига таянгани жиҳатидан фарқ қилади.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон ҳоким ҳукм қилганда ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр бўлур. Қачон у ҳукм қилганда ижтиҳод қилса-ю, хато қилса, унга бир ажр бўлур”, дедилар”.

Ҳанафий мазҳабининг имоми  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бирор масалани ечишда қуйидаги етти асос: Қуръони карим, суннат, саҳобийлар сўзлари, қиёс, истиҳсон, ижмо, урфга таянганлар. Қолган учала имомлар эса, урф ва истиҳсонга асосланмаган, Лекин Моликий мазҳаби истиҳсонни олган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тўртта мазҳабнинг ҳақ экани борасида мусулмонлар уммати ижмоъ қилганлар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг, сизни Унинг йўлидан ажратурлар” (Анъом сураси, 153-оят).

Бугунги кунда дунёдаги тахминан 1.3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92.5 фоизини суннийлар ташкил этиб, улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинади: ҳанафийлар 47, шофиийлар 21, моликийлар 17, ҳанбалийлар 7.5 фоизини ташкил қилади.

Мусулмонларнинг мазҳабга бўлиниш эътиборидан аён бўлмоқдаки,  47 фоиз киши ҳанафий мазҳабида экани, бу мазҳабнинг моҳияти ва мазмунида одамларга енгиллик яратиб беришдек олий мақсад ўз аксини топган. Ҳанафий мазҳаби тўрт мазҳаб ичида васатийликни маҳкам тутган, шариатга хилоф қилмаган ҳолда бандаларга енгилликлар яратган мазҳабдир. Ҳанафий мазҳаби ҳеч қачон мусулмонларга қийинчилик ва машаққатни раво кўрмаган, хоҳ ибодатда бўлсин, хоҳ муомилат масалаларида бўлсин, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бундай ёндашуви таҳсин ва эътиборга сазовордир. Масалан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кўйлакка теккан нажосатни гул ёки узум суви билан тозалаш ва меваларни хомлигида сотишга ижозат берганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ урф ва истиҳсонга эътибор бериши жиҳатидан, қолган уч мазҳабга нисбатан фиқҳий масалаларда енгил ва мўтадилроқ деб айтсак бўлади.

Хайрулло МАРДОНОВ,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси 

 

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш давом этади

7.01.2025   1495   1 min.
Имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш давом этади

Ўтган 2024 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбариятининг Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашув давомида хайрия йўналишидаги бир қанча масалалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтган эди. Хусусан, Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси кам таъминланган оилаларга ёрдам ажратиш, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун касб ва билимга ўргатиш курсларини ташкил этиш, зарурий жиҳоз-ускуналар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш каби бир қанча йўналишлар доирасида фонд билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган эди.

Кеча ана шу музокаралар натижаси ўлароқ, Қатар давлати маблағлари ҳисобига харид қилинган юздан ошиқ ногиронлик аравачалари ва 80 га яқин қўлтиқтаёқлар “Вақф” хайрия жамоат фондига олиб келинди. Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш акцияси доирасида келтирилган мазкур жиҳозларни топшириш жараёнида Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Фаҳад Али ал-Ҳаммадий иштирок этиб, фонд билан ҳамкорликдан миннатдор эканлигини, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга оз бўлсада ёрдам бераётганидан хурсандлигини билдирди.

Ўз навбатида “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари Исохон Абдуллаев Қатар элчихонаси вакилига миннатдорлик билдириб, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам хайрли бўлаётганини, бу жиҳозлардан кўплаб инсонларнинг мушкули осон бўлишини таъкидлаб ўтди.

Ўзаро мулоқот давомида икки томон ҳам бу каби хайрли ташаббусларни янада кўпайтиришни мақсад қилишди.

Имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш давом этади
Ўзбекистон янгиликлари