frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Савдогарлик одоблари

19.04.2017   21937   8 min.
Савдогарлик одоблари

Савдо-сотиқ билан шуғулланиш шарафли касблардан биридир. Динимиз кўрсатмасига кўра тижоратда ростгўйлик, тўғрилик, мулойимлик алоҳида ўрин тутади. Инсонларнинг ҳаққига хиёнат қилмай, бир-бирини алдамай савдо-сотиқ қилган кишиларга охиратда Аллоҳнинг энг суюкли бандалари билан бирга бўлиш бахти насиб бўлади. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Ишончли, ростгўй савдогар (жаннатда) набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Тўғрилик деганда аввало, ёлғон, хиёнат, туҳмат, бевафолик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлиш тушунилади.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўрганмоқ керак. Ўз касбига муҳаббати бор инсон меҳнатдан чарчамайди, балки у роҳатланади. Меҳнатининг самарасини кўрганда барча чарчоқларини унитади. Касби туфайли атрофдагиларига ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли деб ҳисоблайди. Демак, инсон ҳалол меҳнати билан ваъда қилинган улуғ савоблар, даражаларга эришар экан.

Демак, савдо-сотиқ, тижорат билан машғул бўлган киши динимиз кўрсатган йўлга мувофиқ тижорат қилса, унга охиратда катта ажру мукофот бўлиши, хатто жаннатда пайғамбар-у, сиддиқлар билан бирга бўлар экан. Аммо унинг акси бўлса, ўзининг фойдаси учун ҳийла-найранг, алдамчилик, кўзбўямачилик ва ғирромлик қилса, динимиз талабларидан ташқарига чиққан бўлади ҳамда қиёмат кунида оғир ҳисоб китобга мубтало бўлиши муқаррар. Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто ёлғон қасам ичадилар. Бу савдонинг баракасини кетказади. Бошқа томондан бало ва офатлар етиши ҳам мумкин.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Олувчи ва сотувчи ихтиёрлидир. Агар бир-бирларига рост сўзлаб, молини айбини яширмасалар ўрталарида барака бўлади. Агар моллари айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака кўтарилади”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги сал нам экан. Шунда У зот: “Бу қандай бўлди?”, деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “Ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим”-деб узр айтди. Он ҳазрат: “Нам теккани устида тураверса бўлмайдими? Кимки ҳиёнат қилса биздан эмас”-дедилар.

Баъзи бир ўлкаларга Исломни ёйишда мусулмон савдогарларнинг ўрни беқиёс бўлган. Кўплаб инсонлар мусулмон тижоратчилар сабабли исломга кирганлар. Хитой ерларига қарашли Шарқий Туркистон исломни мусулмон савдогардлар орқали ўрганганлар. Шу билан хитойликлар орасида ислом ёйила бошлаган. Мусулмон савдогарлар туфайли Ислом Индонезия, Малайзия, Филиппин каби  Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига етиб борган. Шри-Ланканинг  жанубий ғарбида жойлашган Малдив ороли ва Вьетнамга ҳам исломнинг тарқалиши ортида мусулмон савдогарларнинг хизматлари катта.

Африка қитъасининг шимолидан тортиб марказий-шарқий ва жанубий Африкагача бўлган ҳудудларда ҳам исломнинг тарқалишига мусулмон савдогарларнинг ўрни ниҳоятда беқиёс.

Бироқ, қалб қулфларининг исломга очилишида тижоратчилирнинг хулқи қандай ўрин тутган?

Ана ўша биз улар ҳақида гапираётган тижоратчилар кўп ишлар қилмаган. Лекин улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган хулқ билан хулқланган эдилар холос.

Бу хулқ Аллоҳ таоло ўз набиййиниوَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ  “Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб мақташига сабаб бўлган хулқ эди.

Бу хулқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

بعثت لأتمم مكارم الأخلاق

“Мен ахлоқларнинг энг мукаррамларини мукаммал қилиш учун юборилдим” деган сўзларида жо бўлган хулқ эди.

Масруқ розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан ўтирган эдик. У бизга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи ҳам фаҳш гапларни айтувчи ҳам эмасдилар. У зот:

إن خياركم أحاسنكم أخلاقاً

Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқи гўзалларингиздир, дер эдилар”, -деди” (Бухорий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

إن من أحبكم إليَّ وأقربكم مني مجلساً يوم القيامة أحاسنكم أخلاقاً

“Сизларнинг менга энг севиклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин жойда бўладиганингиз хулқи чиройлиларингиздир”, дедилар  (Термизий ривояти).

  Исломда тижоратнинг ҳам ўзига хос ахлоқи бўлиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб хабар берадилар:

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (إِنَّ أَطْيَبَ الْكَسْبِ كَسْبُ التُّجَّارِ الَّذِينَ إِذَا حَدَّثُوا لَمْ يَكْذِبُوا، وَإِذَا ائْتُمِنُوا لَمْ يَخُونُوا، وَإِذَا وَعَدُوا لَمْ يُخْلِفُوا، وَإِذَا اشْتَرُوا لَمْ يَذِمُّوا، وَإِذَا بَاعُوا لَمْ يُطْرُوا، وَإِذَا كَانَ عَلَيْهِمْ لَمْ يَمْطُلُوا، وَإِذَا كَانَ لَهُمْ لَمْ يُعَسِّرُوا

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Касбларнинг энг яхшиси – тижоратчиларнинг касбидир. Улар гапирсалар ёлғон гапирмайдилар, уларга омонат қўйилса хиёнат қилмайдилар, ваъда берсалар хилоф қилмайдилар, сотиб олаётгаларини пастга урмайдилар, сотаётганларини бўрттирмайдилар, қарзларини беришни чўзиб юрмайдилар ва бировга қарз берганларида уни қистамайдилар” (Байҳақий ривояти).

Мусулмон тижоратчининг омонатдор бўлиши муқаддас динини кўрсатмаси ва топшириғи экан. Ривоятларда келишича Юнус ибн Убайд ҳар хил нархдаги кийимларни сотар эди. Баъзи кийим-кечакларининг нархи тўрт юз танга бўлса, баъзилариники икки юз танга эди. Бир куни ўзининг ўрнига дўконда жиянини қолдириб ўзи намоз ўқиш учун масжидга жўнабди. Шунда дўконга бир аъробий келиб тўрт юз тангалик кийим сўрабди. Унга икки юз тангалиги кўрсатилганда либос унга маъқул келиб уни сотиб олибди. Юнус ибн Убайд йўлда ҳалиги аъробийни учратиб қолибди ва либос ўзининг дўконидан сотилганини пайқаб ундан “Қанчага сотиб олдинг?” деб сўрабди. Аъробий тўрт юз тангага олганини айтгач Юнус ибн Убайд у либос икки юз танга туришини ва қайтариб олиб боришини айтибди. Аъробийнинг: “Биз томонларда бунинг нархи беш юз танга, мен розиман” деган гапига қарамай “Тўғрилик мол-у дунёдан яхшироқ” деб дўконидан икки юз тангасини қайтариб берибди, жиянига эса бу иши учун қаттиқ дашном бериб, уни инсофли бўлишга чақирибди.

Бунга ўхшаш воқеани Муҳаммад ибн Мундакир роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларида ҳам учратишимиз мумкин. У киши ҳам савдогарлардан бўлиб турли либосларни сотар эдилар. Бир куни ўрнига ёш бола савдо қилиб беш тангалик кийимни ўн тангага сотганлигини билиб қолиб харидорни излашга тушибди. Ахири топгач унга: “Ёш бола сизга беш тангалик кийимни ўн тангага сотибди”  дебди. У одам розилигини айтганда унга қарата: “Биз ўзимизга раво кўрганимизнигина бошқаларда бўлишига розимиз. Энди ё ўн тангалик либослардан бирини олинг, ёки беш тангани қайтариб берай, ёки бўлмаса либосни қайтариб пулларингизни олиб кетинг” деб айтибди. Ҳалиги одам беш тангани қайтариб олибди ва одамлардан бу улуғ зот ким эканлигини сўрганида улар Муҳаммад ибн Мундакир эканлигини айтишибди.

Аллоҳ таоло юртимиз бозорларига Ўзининг баракотларини ёғдирсин. Барчамизга муқаддас динимиз кўрсатмасига мувофиқ савдо-сотиқ қилиб, бу дунё бахти охират саодатига насиб этсин.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Миллат маънавияти ва дин софлиги йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди

31.07.2026   17856   1 min.
Миллат маънавияти ва дин софлиги йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманган вилоятига сафарлари давомида вакилликнинг янги биносида туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Муфтий ҳазратлари юртимизда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ҳамда соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритар экан, имом-хатибларнинг дин пешвоси сифатидаги иш фаолиятларини жадаллаштиришлари зарурлигини таъкидладилар.

Шунингдек, соҳа ходимларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, имомларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва хорижда касб-маҳоратини юксалтириш борасидаги ишлар алоҳида эътироф этилди.

Таҳлилий мажлисда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят имом-хатиблари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, 40 мингта маърифий тадбир, ОАВларда 9 мингта чиқишлар қилиниб, 5 500 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилгани, 5 300 та мигрант оилалари билан мулоқот қилингани ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 5 млрд сўм, мадрасаларга эса 800 млн сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилгани юқори баҳоланди.

Йиғилишда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан ҳамда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида масжидларни ободонлаштириш, тозалик ва техник хавфсизлик чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, Фатво маркази фаолияти, ўз устида ишлаш, имом-хатиблар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда muftiy.uz мобиль иловаси имкониятларидан самарали фойдаланиш таъкидланди.

Муфтий ҳазратлари сўзлари ниҳоясида ҳар бир бош имом-хатиб ўз ҳудудида фаолият юритаётган дин пешволарининг фаолиятларини таҳлилий ўрганиб, масъулият, садоқат, фидоийлик ва ташаббускорлик билан хизмат қилишларини таъминлаши лозимлиги айтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари