Савдо-сотиқ билан шуғулланиш шарафли касблардан биридир. Динимиз кўрсатмасига кўра тижоратда ростгўйлик, тўғрилик, мулойимлик алоҳида ўрин тутади. Инсонларнинг ҳаққига хиёнат қилмай, бир-бирини алдамай савдо-сотиқ қилган кишиларга охиратда Аллоҳнинг энг суюкли бандалари билан бирга бўлиш бахти насиб бўлади. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Ишончли, ростгўй савдогар (жаннатда) набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).
Тўғрилик деганда аввало, ёлғон, хиёнат, туҳмат, бевафолик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлиш тушунилади.
Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўрганмоқ керак. Ўз касбига муҳаббати бор инсон меҳнатдан чарчамайди, балки у роҳатланади. Меҳнатининг самарасини кўрганда барча чарчоқларини унитади. Касби туфайли атрофдагиларига ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли деб ҳисоблайди. Демак, инсон ҳалол меҳнати билан ваъда қилинган улуғ савоблар, даражаларга эришар экан.
Демак, савдо-сотиқ, тижорат билан машғул бўлган киши динимиз кўрсатган йўлга мувофиқ тижорат қилса, унга охиратда катта ажру мукофот бўлиши, хатто жаннатда пайғамбар-у, сиддиқлар билан бирга бўлар экан. Аммо унинг акси бўлса, ўзининг фойдаси учун ҳийла-найранг, алдамчилик, кўзбўямачилик ва ғирромлик қилса, динимиз талабларидан ташқарига чиққан бўлади ҳамда қиёмат кунида оғир ҳисоб китобга мубтало бўлиши муқаррар. Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто ёлғон қасам ичадилар. Бу савдонинг баракасини кетказади. Бошқа томондан бало ва офатлар етиши ҳам мумкин.
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Олувчи ва сотувчи ихтиёрлидир. Агар бир-бирларига рост сўзлаб, молини айбини яширмасалар ўрталарида барака бўлади. Агар моллари айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака кўтарилади”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги сал нам экан. Шунда У зот: “Бу қандай бўлди?”, деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “Ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим”-деб узр айтди. Он ҳазрат: “Нам теккани устида тураверса бўлмайдими? Кимки ҳиёнат қилса биздан эмас”-дедилар.
Баъзи бир ўлкаларга Исломни ёйишда мусулмон савдогарларнинг ўрни беқиёс бўлган. Кўплаб инсонлар мусулмон тижоратчилар сабабли исломга кирганлар. Хитой ерларига қарашли Шарқий Туркистон исломни мусулмон савдогардлар орқали ўрганганлар. Шу билан хитойликлар орасида ислом ёйила бошлаган. Мусулмон савдогарлар туфайли Ислом Индонезия, Малайзия, Филиппин каби Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига етиб борган. Шри-Ланканинг жанубий ғарбида жойлашган Малдив ороли ва Вьетнамга ҳам исломнинг тарқалиши ортида мусулмон савдогарларнинг хизматлари катта.
Африка қитъасининг шимолидан тортиб марказий-шарқий ва жанубий Африкагача бўлган ҳудудларда ҳам исломнинг тарқалишига мусулмон савдогарларнинг ўрни ниҳоятда беқиёс.
Бироқ, қалб қулфларининг исломга очилишида тижоратчилирнинг хулқи қандай ўрин тутган?
Ана ўша биз улар ҳақида гапираётган тижоратчилар кўп ишлар қилмаган. Лекин улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган хулқ билан хулқланган эдилар холос.
Бу хулқ Аллоҳ таоло ўз набиййиниوَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ “Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб мақташига сабаб бўлган хулқ эди.
Бу хулқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
بعثت لأتمم مكارم الأخلاق
“Мен ахлоқларнинг энг мукаррамларини мукаммал қилиш учун юборилдим” деган сўзларида жо бўлган хулқ эди.
Масруқ розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан ўтирган эдик. У бизга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи ҳам фаҳш гапларни айтувчи ҳам эмасдилар. У зот:
إن خياركم أحاسنكم أخلاقاً
“Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқи гўзалларингиздир, дер эдилар”, -деди” (Бухорий ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
إن من أحبكم إليَّ وأقربكم مني مجلساً يوم القيامة أحاسنكم أخلاقاً
“Сизларнинг менга энг севиклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин жойда бўладиганингиз хулқи чиройлиларингиздир”, дедилар (Термизий ривояти).
Исломда тижоратнинг ҳам ўзига хос ахлоқи бўлиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб хабар берадилар:
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (إِنَّ أَطْيَبَ الْكَسْبِ كَسْبُ التُّجَّارِ الَّذِينَ إِذَا حَدَّثُوا لَمْ يَكْذِبُوا، وَإِذَا ائْتُمِنُوا لَمْ يَخُونُوا، وَإِذَا وَعَدُوا لَمْ يُخْلِفُوا، وَإِذَا اشْتَرُوا لَمْ يَذِمُّوا، وَإِذَا بَاعُوا لَمْ يُطْرُوا، وَإِذَا كَانَ عَلَيْهِمْ لَمْ يَمْطُلُوا، وَإِذَا كَانَ لَهُمْ لَمْ يُعَسِّرُوا
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Касбларнинг энг яхшиси – тижоратчиларнинг касбидир. Улар гапирсалар ёлғон гапирмайдилар, уларга омонат қўйилса хиёнат қилмайдилар, ваъда берсалар хилоф қилмайдилар, сотиб олаётгаларини пастга урмайдилар, сотаётганларини бўрттирмайдилар, қарзларини беришни чўзиб юрмайдилар ва бировга қарз берганларида уни қистамайдилар” (Байҳақий ривояти).
Мусулмон тижоратчининг омонатдор бўлиши муқаддас динини кўрсатмаси ва топшириғи экан. Ривоятларда келишича Юнус ибн Убайд ҳар хил нархдаги кийимларни сотар эди. Баъзи кийим-кечакларининг нархи тўрт юз танга бўлса, баъзилариники икки юз танга эди. Бир куни ўзининг ўрнига дўконда жиянини қолдириб ўзи намоз ўқиш учун масжидга жўнабди. Шунда дўконга бир аъробий келиб тўрт юз тангалик кийим сўрабди. Унга икки юз тангалиги кўрсатилганда либос унга маъқул келиб уни сотиб олибди. Юнус ибн Убайд йўлда ҳалиги аъробийни учратиб қолибди ва либос ўзининг дўконидан сотилганини пайқаб ундан “Қанчага сотиб олдинг?” деб сўрабди. Аъробий тўрт юз тангага олганини айтгач Юнус ибн Убайд у либос икки юз танга туришини ва қайтариб олиб боришини айтибди. Аъробийнинг: “Биз томонларда бунинг нархи беш юз танга, мен розиман” деган гапига қарамай “Тўғрилик мол-у дунёдан яхшироқ” деб дўконидан икки юз тангасини қайтариб берибди, жиянига эса бу иши учун қаттиқ дашном бериб, уни инсофли бўлишга чақирибди.
Бунга ўхшаш воқеани Муҳаммад ибн Мундакир роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларида ҳам учратишимиз мумкин. У киши ҳам савдогарлардан бўлиб турли либосларни сотар эдилар. Бир куни ўрнига ёш бола савдо қилиб беш тангалик кийимни ўн тангага сотганлигини билиб қолиб харидорни излашга тушибди. Ахири топгач унга: “Ёш бола сизга беш тангалик кийимни ўн тангага сотибди” дебди. У одам розилигини айтганда унга қарата: “Биз ўзимизга раво кўрганимизнигина бошқаларда бўлишига розимиз. Энди ё ўн тангалик либослардан бирини олинг, ёки беш тангани қайтариб берай, ёки бўлмаса либосни қайтариб пулларингизни олиб кетинг” деб айтибди. Ҳалиги одам беш тангани қайтариб олибди ва одамлардан бу улуғ зот ким эканлигини сўрганида улар Муҳаммад ибн Мундакир эканлигини айтишибди.
Аллоҳ таоло юртимиз бозорларига Ўзининг баракотларини ёғдирсин. Барчамизга муқаддас динимиз кўрсатмасига мувофиқ савдо-сотиқ қилиб, бу дунё бахти охират саодатига насиб этсин.
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги глобаллашув шароитида барча соҳалар каби дин билан боғлиқ жараёнлар ҳам жадаллашиб бормоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда диний арконларни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари тобора авж олмоқда. Бундай вазиятда ҳар бир киши билим ва ахборот истеъмоли маданиятига жуда муҳтож бўлади. Динини соф сақламоқчи бўлган инсон тўғрини нотўғридан ажратиб олиши учун етарлича салоҳиятга эга бўлиши давримизнинг энг долзарб талабларидан бўлиб қолди.
Ҳозирги кунда оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, одамларни ўз бузғунчи ғояларига ундаётган оқимлардан бири салафийлик тоифаси бўлиб, у Марказий Осиё минтақасига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда.
Аввало “салафийлик” иборасига тўхталадиган бўлсак, у араб тилидаги “سلف” [салаф] сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Ҳадисларга кўра, “салафлар” ё “салафи солиҳлар” деганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Яъни, булар – саҳоба, тобеин ва табаа тобеинлар. Улардан кейинги даврларда яшаб ўтган одамларга нисбатан “салаф” атамаси ишлатилмаган.
Кейинги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиори остида сохта салафийлар жамоаси пайдо бўлди. Уларнинг ақидавий асоси Ибн Таймия (1263/1328) исмли шахсга бориб тақалади. У фиқҳий-ақидавий масалаларда ихтилоф қилгани сабабли аҳли сунна уламолари томонидан қаттиқ танқид қилинган ва кескин раддияларга учраган. Шундай бўлса-да, унинг ғоялари турли мутаассиб тоифаларга асос бўлиб хизмат қилишда давом этяпти.
Мустақилликдан кейинги йилларда бизнинг юртимизда ваҳҳобийлик ҳаракати бўй чўзди. Аслида салафийлик билан ваҳҳобийлик орасида фарқ йўқ. Уларнинг эътиқод ва қарашлари бир хил. Ваҳҳобийлик салафийликдан келиб чиққан. Унинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1791) Ибн Таймиянинг фикрларига қўшилишга чақирган.
Салафийликнинг фаолиятига эътибор берилса, улар аҳли суннанинг ақида бўйича ашъарийлик ва мотуридийлик таълимотларини, тўрт фиқҳий мазҳаб ва тасаввуфни инкор этади. Фиқҳий мазҳаблар ўртасидаги жузъий ихтилофли масалаларни танқид қилиб, уларни айблайди ва мазҳабсизликка ундайди. Фиқҳий-ақидавий ихтилофлар келтириб чиқарибгина қолмай, ижтимоий-сиёсий ҳолатларни танқид остига олиб, ўз бузуқ ғояларини сингдиришга уринади. Уларнинг тарғиботи замирида жиҳод ва халифалик ғоялари ётади.
Ҳозирги вақтда салафийлик ғояларининг тарқалиши кенг тус олмоқда. Мамлакатимиз мисолида кўрадиган бўлсак, хорижда туриб, ўзини шайх, ҳақ даъватчи ва исломнинг асл моҳиятини тўғри очиб берувчи қилиб кўрсатаётган баъзи салафий даъватчилар мазҳабларни ихтилофда айблаб, Қуръон ва суннатга эргашиш даъвоси билан салафийликка, мазҳабсизликка даъват қилмоқда. Ижтимоий-сиёсий вазиятга доир айрим ҳолатларни танқид қилиб, ўз таъсирини оширишга уринмоқда.
Салафий даъватчилар ижтимоий тармоқлардаги “ваъз”ларида фиқҳий-ақидавий мазҳабларни тугатиш ва тасаввуфни инкор қилишга қаттиқ урғу бермоқда. Даъволари жуда жимжимадор. Гўё улар Қуръон ва суннатга эргашаяпти-ю, ихтилофларни мазҳаблар келтириб чиқараётгандай.
Тарихдан маълумки, барча даврларда ўз мақсади йўлида ислом ақидаси ва арконларини нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳақ йўлдан оздиришга ҳаракат қиладиган тоифалар чиқиб турган. Салафийлар ҳам шулардан бири. Чуқурроқ таҳлил қилинадиган бўлса, уларнинг ғоялари тарихдаги мўътазила, мушаббиҳа, мужассима, карромия каби ботил тоифаларнинг қарашларига ўхшаши яққол кўринади. Қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз.
Салафийлар ақида борасида “Раҳмон Аршга истиво қилди” (Тоҳа сураси, 5-оят), “Ёки сизлар осмондаги Зот (Аллоҳ)дан хотиржаммисиз?!” (Мулк сураси, 16-оят), “Балки Аллоҳ таоло у (Исо алайҳиссалом)ни Ўзига кўтариб олди” (Нисо сураси, 158-оят) каби баъзи муташобиҳ (бирини-биридан ажратиш қийин бўлган ва бир неча маъноларни англатадиган) оятларни зоҳирига (юзаки маъъносига) қараб, Аллоҳ таолога макон нисбат беради ва У Зотни осмонда, деб даъво қилади.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло макондан олий ва беҳожат Зотдир. Уламоларимиз ақидавий масалаларда, айниқса, Аллоҳ таоло борасида, У Зотни нуқсон ва камчиликлардан поклашда ўта эҳтиёткордир. Энг нозик нукталарни ҳам эътибордан четда қолдирмай, масаланинг асл моҳиятини очиб беришга бор куч-қувватини сарфлаган. Аллоҳ таолога макон нисбат бериш У Зотни махлуқотларга ўхшатишдир. У Зот азза ва жалла Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир” (Анкабут сураси, 6-оят), деган. Яъни, Арш, ер ва осмонлар каби нарсалар Аллоҳ яратган махлуқотлар бўлиб, олам жумласига киради. Олам эса азалий эмас, Аллоҳ таоло азалийдир. Азалда эса Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарса мавжуд бўлмаган. У Зот азалдан макон ва замон эҳтиёжидан холи бўлган ва бундан буён ҳам шундай бўлади. Демак, Аллоҳ таоло оламлардан беҳожат, яъни уларга эҳтиёжи тушмайдиган Зотдир. Бошқа бир оятда: “Унга ўхшаш бирор нарса йўқ” (Шўро сураси, 11-оят), дейди. Яъни, Аллоҳ таоло бирор нарсага ўхшамайди ва Ўзи яратган нарсаларга ўхшаб бирор маконга муҳтож эмас.
Бундан ташқари, салафийларнинг тавҳид, қабрларни зиёрат қилиш, мавлидни нишонлаш, намоздан кейин жамоат бўлиб дуо қилиш ва яна кўплаб ақидавий масаларда ихтилофлари мавжуд. Уларнинг барча даъволарига аҳли сунна олимлари кучли далиллар асосида жавоб берган ва бериб келмоқда.
Ҳозир баъзи салафийлар Оли Имрон сурасининг 103-оятидаги “Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг” сўзларини келтиради ва “Аллоҳнинг арқонини биргаликда ушлаш ва ихтилофга бормаслик керак. Биз ихтилофга борсак, қалбларимиз ихтилофга боради. Айримлар ўзича: “Биз исломда одамларни тарбиялаяпмиз. Ўз мазҳабига амал қилса, нима бўпти, деяпмиз”, деб ўйлаши мумкин. Лекин бу ҳеч қачон одамларни бирликка олиб бормайди. Балки ихтилофга, бўлинишга олиб боради” деб, мазҳабга эргашиш ихтилофга сабаб эканини даъво қилади. Шундай даъво билан мазҳабларни исломдан айродек тасаввур қилдиришга уринмоқда. Ваҳоланки, ислом дини шу тўрт мазҳаб асосида асрлар оша давом барқарор қолиб келмоқда. Бугун ҳам қанчадан-қанча одамлар шу мазҳаблар асосида динга амал қилиб келади. Яъни, ақидада – Мотуридий ва Ашъарий таълимотларига, фиқҳда – Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий ва Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларига амал қилиб келмоқда. Худди Пайғамбаримиз айтганларидек, саводул аъзам – улкан жамоатни лозим тутиб келмоқда. Асрлар давомида шу тўрт мазҳабнинг мужтаҳид олимлари исломнинг асл моҳиятини Қуръон ва суннат асосида мусулмонларга баён қилиб келган. Салафийлар эса, тарихда ҳам, ҳозир ҳам уммат ичида ихтилоф ва тафриқага (бўлинишга), диний ва ижтимоий-сиёсий нотинчликка сабаб бўлган, холос.
Салафийларнинг ғалати бир жиҳати шундаки, ҳақ йўлдалигини айтиб, даъватида ўзига эргашишни тарғиб қилади. Ваҳоланки, мусулмонлар шундоқ ҳам улардан олимроқ, Қуръон ва суннатни улардан кўра чуқур билувчироқ бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга улардан яқинроқ даврда яшаган мазҳаб мужтаҳидларига эргашади. Демак, яқинда чиқиб, ўзига эргашишга чақираётган бундай тоифаларнинг этагини тутишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Чунки мазҳаб мужтаҳидлари эргашишга улардан кўра лойиқроқ зотлардир. Шундай экан, динини соф сақламоқчи бўлган ҳар бир мусулмон кеча пайдо бўлган тоифага эмас, аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эргашиши мақсадга мувофиқ. Ахир, биз осмон-фалакка кўтарилиб, узоғимизни яқин қиладиган самолётларни, коинот кенгликларини забт этадиган ракеталарни ташлаб, яқинда велосипедни кашф қилган ва нотўғри ясаган одамнинг икки қадам масофадан кейин ағанаб тушадиган ихтиросига ўзимизни урсак, бу бирор мантиққа ҳам тўғри келмайди-да.
Салафийликнинг тарихий илдизларига эътибор берилса, Марказий Осиё минтақаси бундай оқимларга макон бўлмаган. Аммо доимий тарзда бу ердаги ўлкаларга ботил ғояларни сингдиришга уринишлар бўлиб турган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Лекин ҳар даврда аҳли сунна вал жамоа уламолари уларнинг ғояларига қарши ўз фиқҳий-ақидавий мазҳабларини маҳкам тутган ҳолда қаттиқ курашиб келган.
Тарихан бизнинг халқимиз ақидада мотуридийликни, фиқҳда ҳанафийликни асрлар оша маҳкам тутиб келган. Урф одатларимиз ва миллий онггимизда ушбу фиқҳий-ақидавий мазҳаб асосий ўрин тутади. Яқинда чиқиб, “ҳақиқий тўғри йўл”ни кўрсатмоқчи бўлаётганлар асрлар оша муайян тартиб-қоидалар асосида динга амал қилиб келган бу халқ, дунёга қанчадан-қанча улуғ олимларни етиштириб берган бу диёр одамлари исломга нотўғри амал қилиб келганини даъво қилмоқда. Ташвишланарли ва ачинарли томони бўлмаганда, бу жуда кулгили бўларди. Салафийлар Қуръон ва суннатга амал қилаётганини иддао қилиб, мазҳабларни инкор этмоқда. Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобалар даврида ҳеч қандай мазҳаб бўлмаганини далил қилиб келтирмоқда. Бу жуда ҳам нотўғри ва сохта даъво экани кундек равшан. Бунга ҳужжат-далиллар етарли даражада кўп. Тарихда ҳам, ҳозир ҳам аҳли сунна олимлари уларнинг йўли нотўғри эканини бот-бот исботлаган.
Четдан қараганда, бир табиий хулоса яққол намоён бўлади. Биз Қуръони каримнинг ҳар бир ояти қачон, қандай вазиятда нозил бўлганини аниқ биладиган, унинг турли тафсир ва таъвилларидан бохабар бўлган, юз минглаб ҳадисларни ёд олган мужтаҳидларнинг йўлини тутганимиз тўғрими ё кечагина дуёга келган, илмининг тайини бўлмаган, бирор улуғ асар ёзиб уламолар эътирофини қозонмаган, ижтиҳодга мутлақо ярамайдиган, пешволари ўргатганини такрорлаб, мустақил фикр билдиришга қодир бўлмаганларга эргашишимиз дурустми? Асрлар давомида муайян мазҳабни маҳкам тутган ота-боболаримиз ҳақми ё анавилар улардан ақллироқ чиқиб қолдими? Интернет орқали тинмай “сайраётган” бу салафийларнинг бирортаси, дейлик, Абу Ҳанифа ё Имом Шофеий ё уларнинг мужтаҳид издошлари билганини биладими?
Ташвишга соладиган жиҳати шуки, салафийликнинг мамлакатимиз ҳаётига салбий таъсири йўқ эмас. Мамлакатимиз аҳолиси аҳли суннанинг фиқҳий-ақидавий мазҳабларини маҳкам тутган ва ҳаёт тарзига тасаввуф ғояларини сингдирган халқдир. Салафийлик эса айнан мазҳаблар ва тасаввуфни қоралайди. Шу сабабли салафийлик ғояларининг кириб келиши ва кимларнинг уларнинг домига тушиши оқибатида халқ орасида ихтилоф ва бўлинишлар эҳтимоли юзага келади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида кузатилган ваҳҳобийлик хуружлари бунга ёрқин мисолдир. Салафийлик ҳам диний, ҳам ижтимоий-сиёсий беқарорликка сабаб бўлади. Чунки бу тоифанинг асл мақсадлари замирида ҳижрат ва халифаликни тиклаш каби ғоялар ётади. Ваҳоланки, мусулмонларнинг ягона халифалик ҳукмронлиги остида яшаши ҳақида буйруқ ёки кўрсатма на оят ва на ҳадисда мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам халифалик борасида: “Мендан сўнг халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳликлар бўлади”, деганлар. Ҳижрат хусусида эса: “Фатҳдан (Макка мусулмонлар томонидан забт этилганидан) кейин ҳижрат йўқ”, деб айтганлар. Уламолар “бу ҳадис умумий бўлиб, ўзидан олдин келган ҳижратга далолат бўлувчи ривоятларни насх (бекор) қилувчи” эканини айтган. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам исломни қабул қилганларга ўзлари томон ҳижрат қилишни амр этмаганлар ва ўз юртида яшашини инкор ҳам этмаганлар.
Нафсиламрини айтганда, салафийлик жамият ичида диний асосдаги қарама-қаршилик, зиддият ва низолар юзага келиш эҳтимолини оширади. Ҳозир кўп жойларда жамоатчилик осудалигини бузишга уринаётган, баъзан бузаётган бу тоифа бизнинг мамлакатимизга ҳам таъсир ўтказишга уринмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ўзбекзабон баъзи салафий даъватчилар ўз ғояларини ёйишга қаттиқ киришиб кетган. Бу, афсуски, гоҳида натижа ҳам бермоқда. Турли давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам уларнинг ботил ақидасига эргашиб қолиш ҳолатлари йўқ эмас. Бу ҳолат, айниқса, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланадиган ёшлар орасида учраб туради. Динга қизиққан ёшлар орасида билиб-билмай салафийларнинг таъсир доирасига тушиб қолиш ҳолатлари содир бўлмоқда.
Салафий даъватчиларнинг ижтимоий тармоқлар ва бошқа платформалардаги фаолияти анча ривожланган ва такомилига етган. Уларни кузатиб борувчилар сони кўпайишда давом этмоқда. Бунга Яқин Шарқдаги, айниқса, Сурия ва Фаластин ерларидаги беқарорликдан фойдаланиш, шу билан одамларнинг жазавасини қўзғаш каби усуллар катта туртки бермоқда. Чунки салафийлар ўзини мусулмонлар учун қайғураётган жонкуяр инсонлар қилиб кўрсатади. Ўзи демократик мамлакатлар ҳудудидан бошпана топганига қарамай, Ўзбекистондаги демократик тузумни “куфр тузуми” деб атаб, ёшларимизни чалғитяпти. Лекин моҳиятан бу мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Шундай эса-да, бир қарашда майда кўринадиган салафийликнинг таъсири оғир кечадиган оқибатларга олиб келиши мумкин экан. Улар гўё жузъий диний масалаларни кўтариб чиққандек бўлади, лекин майда-майда қилиб, пировардида тоғдек ғоясини сингдириб юбориши ҳеч гап эмас.
Бу бузғунчилар нуфузли илмий ташкилотлар ёки эътиборли уламолар томонидан эътироф этилган эмас. Шундай бўлса-да, ривожланиш даражаси қандай эканидан қатъи назар, ҳар қандай юртда учраши мумкин бўлган айрим ижтимоий муаммоларни кўтариш услуби уларнинг аудиторияси кенгайишига ҳисса қўшмоқда. Баъзан кичкина ҳақиқатни гапира туриб, ортидан улкан ноҳақликни ирода қилаётгани, буни эса дин борасида етук билимга эга бўлмаган ёшлар англаб етмаётгани уларга жуда асқотмоқда. Уларнинг бундай маърузалари ёшлар орасида ислом дини борасида тушунмовчиликлар келтириб чиқаради, албатта. Бунинг олдини олиш учун эса, аввало, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш лозим. Адашган тоифаларнинг даъволари нотўғри эканини исботловчи раддия шаклидаги аудио-видео мурожаатларни, ихчам рисолаларни кўпайтириш ва одамларга етказиш ҳам фойдадан холи эмас.
Бундай салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз маъанавий-маърифий соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан халқ маънавиятини янада бойитиш, диний билимсизликни бартараф этиш мақсадида турли институтлар, университет ва илмий марказлар, масжид ва мадрасалар барпо этилиб, кўплаб имкониятлар яратиб берилмоқда. Шундан фойдаланган ҳолда ўз маънавиятини бойитиб, дунёқарашини кенгайтириб, мантиққа таяниш ва танқидий фикрлашни ўрганиш, шу тариқа салафийлик каби тоифаларнинг ғояларига алданиб қолишдан сақланиш каттаю-кичик ҳар бир юртдошимизга лозим бўлади.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими